www.ziyouz.com кутубхонаси
41
— Нима, уйингизда йиғлаб қоладиган болангиз бормиди?!
Қоплон отамиз ток томирига эгилмиш кўйи қолди. Қаддини ростлашини-да билмади,
ростламасинида билмади. Ток томирларида ғимирламиш сариқ чумолиларга тикилиб қолди.
— Қайтанга болалилар ўз вақтида келаяпти! Ана, Хумор, Санамлар! Бари қўша-қўша болалик
аёллар!
Оймомо онамиз белни ерга қадади. Ўнг билагини белдаста учига қўйди. Пешонасини билагига
қўйди. Юзларини бекитди...
Қоплон отамиз онамиз ҳолидан тағин-да эзилди, тағин-да куйди. Қаддини ростламай, ер
остидан ҳисобчига қаради. Бу қараш мана бундай деди:
«Ай, мусулмон, пешонангда аёлимиз турибдики. Майли, мени ўйлама, шу пошикастани ўйлаб
гапир...»
— Кўп ўқрайманг, Қоплон ака! Мен сизга ёмон гапираётганим йўқ! Мен қонун бўйича
гапиряпман!
Қоплон отамиз кўзлари пир-пир этди.
«Қонунинг каллангни есин, ҳисобчи, каллагинангни есин...».
Қоплон отамиз ҳисобчидан кўзларини олди. Ток томирларига юз бурди.
Шу вақт, беш-олти жўя нарида ишламиш Ҳасан бобо овоз берди:
— Ай, ҳисобчи! — деди. — Оғзим бор деб кариллай берасанми, бўлди-да!
— Ўзингиз ўйланг-да, Ҳасан бова! — деди ҳисобчи. — Анави Санам билан Хуморнинг эгиз
боласи бор, эгиз! Шундай бўлсаям, ўз вақтида ишга келади! Оймомо опанинг анави
белдастадан бошқа нимаси бор?!
— Боласи борми-йўқми, у, сен билан бизнинг ишимиз эмас, у, Яратганинг иши, ҳисобчи!..
— Эр-хотиннинг қорнидан бошқа қайғуси йўқ! Яна тағин, ишга кечиккани кечиккан!
— Бўлди-е, кўп кариллама-е!
— Болалик бўлсаям майли эди! Боласини эмизади деймиз, боласини аллалайди деймиз! Булар
кимни эмизади, булар кимни аллалайди?! Эр-хотин бир-бировини аллалайдими?! Эр-хотин бир-
бировини эмизадими?!
Қоплон отамиз қалқиб кетди! Юзтубан йиқилайин-йиқилайин, деди!
Бовужуд, белдастага суяниб қолди. Белдаста ушламиш бармоқлари қалт-қалт этди.
Шаҳд билан қаддини ростлади. Олислаб кетмиш ҳисобчи кетидан қаради. Тиш ғижирлатиб-тиш
ғижирлатиб қаради.
Қоплон отамиз ток жўяни ишлади. Ток остини айлана қилиб ковлади. Ток белида униб чиқмиш
патак томирларни юлиб ташлади. Қари токларни кундаков қилди.
Оймомо онамиз ток пуштани ишлади. Новдалар учини суғурди. Новдаларни иложи борича
юқори кўтарди.
Боиси, новдалар ерда турса, оёқ тега беради, кийим ўнгирлари илаша беради. Оқибат, новда
пиндиқлари учиб кетади.
Ҳосил эса, ана шу пиндиқларда бўлади!
Отамиз билан онамиз ғарқ терга ботди.
Отамиз кўйлаги елкаларига жиққа ёпишди.
Онамиз энтикиб-ентикиб нафас олди.
Кун қиёлаб-қиёлаб ботди.
Ишдан қайтар вақт бўлди.
Ҳисобчи деҳқонларга айтди:
— Эртага вақтлироқ келинглар! Салқинда иш унади! — деди.
Жўна-жўна бўлди.
Нурмат кўса теварагига аланг-жаланг бўлди.
— Ай, халойиқ, менинг белимни кўрмадиларингизми? — деди.
Деҳқонлар кўсага қаради. Гуриллаб кулди.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |