www.ziyouz.com кутубхонаси
42
— Нимага тиржаясизлар, — деди кўса, — кўрган бўлсаларингиз айтингизлар-да!
— Белингиз бозор кетди! — дея хахолаб кулди деҳқонлар.
Бир деҳқон қўли билан кўсанинг елкасини кўрсатди.
Нурмат кўса елкасига қараб, ўзи-да хахолаб кулиб юборди. Боиси, кўса белини елкасига қўйиб,
дастасидан ушлаб турди!
Деҳқонлар шу қадар чарчади!
11
Колхоз отамиз билан онамизга пилла берди.
Пиллачи агроном бир кафт уруғ олиб келди.
Уруғлар йўнғичқа гулидай-гулидай бўлди. Жони йўқ бўлди.
Онамиз уруғларни ҳовлидаги сўрига ёйди.
Бир қути пилла икки одамга оғирлик қилади.
Шу боис, отамиз бригадирдан тағин бир одам сўради.
Бригадир Қиммат момони берди.
12
Қиммат момо дарвозадан қора берди. Ўзи гапириб-ўзи қўйиб кела берди:
— Бригадир айтгандан кела бердим. Ўзимнинг улпи-томирларим билан ишлайдиган бўпман-да,
дедим. Айланайин бўлагинамдан, ўргилайин бўлагинамдан. Қани, бўлагинам, хўп омонмисиз,
хўп дамлимисиз...
Қиммат момо онамиз билан қўлтиқ остидан қўл узатиб кўришди.
— Бўлам-да, минг қилсаям бўлам-да, — деди. — Яхши кўраман. Ўзимча эслаб юраман. Худо
тирноқдан қисган бўлсаям, ўзларининг тани- жони соғ бўлсин дейман. Иним қаёқда? Ҳа-а-а!
Уям кўзимга яхши кўринади. Ўзимники-да, ўзимники.
Қиммат момо аста тиззасига урди. Ўзича куйган бўлди:
— Уф-ф-ф, биркам дунё экан-да, — деди. — Мана шу ҳовлида икковгина қоракўз бурни оқиб
юрса, катталар пилла берармиди! Катталар бундай қараса, кенг бир ҳовлида икковгина эр-
хотин бор. Тирноқ зоти йўқ... Шуларга пилла берайлик, деган-да.
Оймомо онамиз ёмон вазиятда қолди. Нима дейишини билмади. Ерга қаради. Нима қилишини
билмади. Чўп билан ер чизди.
Қиммат момо бир дарвоза тарафга, бир уй тарафга аланг-жаланг бўлди. Кейин, оҳиста гап
очди:
— Уйгинангда ҳеч ким йўқми, бўлам?
— Йўқ, нима эди?
— Бўлаларнинг гапини биров эшитмасин дейманда бўлам. Ҳозирги замоннинг одамлари ёмон
бўп кетган, бўлам.
— Айта беринг, уй овлоқ, айта беринг.
— Сўрамоқдан айб йўқ, дейдилар... Биров-ярим билан... борди-келди қилиб кўрмадингизми,
бўлам?
Оймомо онамиз ер чизишни бўлди қилди. Чизилмиш ерга тикилиб қолди. Қиммат момо нима
деди, мағзини чақа олмади.
— У нима деганингиз? — деди.
— Содда бўламдан-да, соддагина бўламдан-да. Содда кўп яхши-да. Соддалик — кўнгил тозалик
бўлади. Содда бўламдан айланайин, соддагина бўлагинамдан ўргилайин. Шу... биров-ярим
билан дейман-да... ётиб дейман.
— Нима-нима?
— Биров-ярим билан ётиб... ўзингни бир синаб кўрмадингми, дейман...
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |