www.ziyouz.com кутубхонаси
38
— Менга қаранг, шу топда хайрлашмоқчимисиз? Келинг, бошқа нарсалар ҳақида
гаплашайлик.
Ҳар икки суҳбатдошнинг дили хуфтон бўлиб турганда гапига гап қовушар эканми? Бундай
пайтда вақт секин ўтаётгандай, қоронғилик чор-атрофни тонгга қадар эмас, абадий қамраб
олгандай туюлади. Уларда чарчаганликни баҳона қилиб ётишдан бўлак чора қолмади.
* * *
Давроннинг кетишига йўл қўйишмади. Ўқув йили тугагунча қолишга мажбур бўлди. Даврон
бу зайлда ишни давом эттира олмаслигини англагач, институтга қайтишга, керак бўлса
академия раҳбарларига учрашишга, курашдан бўйин товламай, фикрини, фаразларининг
тўғрилигини исботлашга аҳд қилди. Маҳбуба кетар маҳали қишлоққа келиш истагини маълум
қилган эди. Яна қарори қатъийлашмасин, деб «шаҳарга қайтмоқчиман», деган мазмунда хат
юборди. Орадан тўрт кун ўтмай «Хайрият дъАртанян бор экан», деган телеграмма олди.
Маҳбуба бу телеграммаси билан унга қўш қанот бахш этди. У энди кунларнинг тезроқ ўтишига
орзуманд эди. Кунлар эса аксига олгандай имиллаб ўтарди. Имтиҳонларга тайёргарлик қизиган
чоғда Ниёз бошчилигидаги экспедитсиянинг иш бошлаганини эшитиб ҳайратдан донг қотди.
«Ниёз бошчилигида! Экспедитсия келишига амин эдим, аммо бу олифтанинг раҳбар бўлиши
тушимга ҳам кирмабди, — деб ўйлади у. — Ниёз нима учун бу ишга қўл урди? Тўғрироғи, нима
учун тоға жиянини бу ишга жалб этди? Кечагина умидсиз, келажаксиз иш, деб икки оёқни бир
этикка тиқаётган эди-ку? Демак, дотсент Бекмирзаевнинг тахминларига ўзи ҳам ишонар экан-
да?!»
Даврон калаванинг учини топгандай бўлиб бениҳоя бўғилди. Шу заҳоти бориб Ниёзнинг
ёқасидан олмоқчи, институтга хат ҳам ёзиб юбормоқчи бўлди. Кейин ҳар бир ҳаракатининг
шуҳратпарастликка йўйилажагини англаб, «Шуларнинг олдида паст келаманми», деб ўзини
босди. Қазилаётган ерларга яқин бормасликка аҳд қилди. Аммо қарорида тура олмади. Ҳафта
ўтмай, беихтиёр «Ниёз раҳбарлигида» ишлаётган археологлар томонга қараб кетди.
Пастда ивирсиб юрган беш-олти одам орасида Ниёз кўринмади. Ярим яланғоч бўлиб олган
йигитларнинг иккитаси сигарет тутатиб гурунг қилар, қолганлари ҳафсаласизлик билан ер
қиртишларди. Даврон уларнинг ҳаракатини кўриб ғижинди. Чодир томонга йўналди. Ниёз
чодирнинг соя томонидаги йиғма каравотда ухлаб ётган эди. Даврон унга бир оз қараб турди-
да, орқасига қайтмоқчи бўлди. Шу топда Ниёз кўзини очди. Аввал ҳайрон бўлгандай кўзларини
пирпиратди. Кейин ирғиб ўрнидан турди-да, қучоқ очиб бориб Даврон билан кўришди.
— Қайси шамол учирди? Дом-дараксиз кетдинг-ку? Шунақа ҳам бўладими? Уйингга уч-тўрт
бордим. Эшигинг тақа-тақ берк.
— Буни қара-я, анча уринибсан-да, а?
— Хафа бўлишингни билардим. Лекин менда айб йўқ. Ростдан ҳам сени ишга чақириб бу
ерга юборишмоқчи эди. Лекин ноиложликдан... Бунақа ишларга тоқатим йўқлигини биласан-
ку...
— Мени чиндан қидирдиларингми?
— Ие, сени алдаган ерим бормиди?
— Мана, мен топилдим.
— Айни муддао!
— Энди нима қиламиз?
— Тушунмадим?
— Жойингни бўшатиб бер.
— Ҳазиллашяпсанми?
— Йўқ.
— Марҳамат... Мен жон-жон дейман... Лекин...
— Унда экспедитсиянгга оддий ишчи қилиб ола қол.
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |