www.ziyouz.com кутубхонаси
37
— Биз дўстона суҳбатлашяпмиз, шекилли? Нимага асабийлашяпсиз?
— Кечиринг, Маҳбубахон, ўша эсимга тушса ўзимни тута олмай қоляпман.
— Бўлмаса бу ҳақда гаплашмаймиз.
Суҳбат бошқа мавзуга кўчгани билан гап айланиб Давроннинг ишга қайтиши масаласига
тақалаверди. Раис оқшомда кириб ўтаман, деган эди. Аксига олиб дараги йўқ. Тезроқ келса,
Даврон ўзига хос бу «суд жараёнидан» қутулар эди. Йигитали ака қоронғи тушганда ҳам
келмади. Маҳбуба оғзини тўсиб, эсноғини бир-икки қайтарди.
— Чарчабсиз, дам олинг, — деди Даврон ўрнидан қўзғалиб.
— Сиз-чи?
— Мен... қишлоққа мусофир бўлсам ҳам яқинларим кўп.
— Шу ер-чи? Уйлари кўп экан-ку? Яна хоҳишингиз...
— Қишлоқда гап-сўз бўлармикин...
Маҳбуба индамади. Даврон бир оз ўйланиб тургач, «Яхши ётиб туринг», деб чиқиб кетди.
Биринчи соатда дарси бор эди. Шунинг учун эрталаб барвақт келди. Маҳбуба йўлга отланиб
турган эди. Чой ичишга ҳам унамай йўлга чиқди.
— Шаҳарга қайтмаслигингиз аниқми? — деди у хайрлашаётиб.
— Ҳа.
— Агар қишлоққа келсам, менбоп иш топилармикин?
Даврон гарангсиб қолди.
— Чинданми?
— Хат-пат ёзиб юборарсиз, хайр.
Даврон шундагина Маҳбубанинг ҳазиллашмаётганини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, бировникига
бориб ётганидан афсусланди.
* * *
Кунлар исиб, ернинг нами бир қадар тортилиб чигит экишга тахт этилгач, колхозда тўй
бошланди. Йигитали ака энди тўйни очаман, деб турганида котиба қиз телефон қилиб
райкомга тезда етиб бориши зарурлигини айтди. Раис асабий бир ҳолда жўнаб кетиб, пешинда
қайтди. Бир-икки киши «тинчликми?» деб сўраганда раис қўл силтаб қўя қолди. Шундан сўнг
унга ҳеч ким гап қотмади. Даврон ҳам раисга қараб-қараб қўйди-ю, бирон нима дейишга
ботинмади. Тўй тарқагач, раис Давронни ёнига чақирди.
— Эшикка юринг, гап бор, — деб уйга бошлади.
Раис лўлаболишга суяниб гапни нимадан бошлашни билмай турганда, Давроннинг ўзи
жонига ора кирди.
— Тинчликми, Йигитали ака?
— Тинчлик эмас-да... Раҳбарингиз райкомга хат юборибди.
— Мени булғаб ёзишибдими?
— Йўқ... Сал бўлмаса мени жиноятчига чиқариб қўйишибди. Бу гап кузакда бошланган эди.
Милитсияга чақириб огоҳлантиришган эди. Мен кайфиятингизни бузмай деб, индамасдан қўя
қолгандим. Энди иш жиддийлашибди. Нима қилишга ҳайронман. Икки ўт орасида иложсизман.
Сизга қанчалик қайишишимни биласиз.
Даврон пиёланинг четидаги зар ҳошияга тикилганича бошини хам қилиб индамай
ўтираверди.
— Нимага жимиб қолдингиз, бирон нима десангиз-чи?
— Масала ҳал этилибди, Йигитали ака. Мен ишнинг шунга бориб тақалашини билар эдим.
Аммо бунчалик тез бўлар, деб ўйламовдим... Отамдан кўрмаган яхшиликни сиздан кўрдим.
— Бе, бу гапларни қўйинг.
— Юракда борини айтяпман. Яхшилик қилиб дарёга сол, деган эканлар. Агар
яхшилигингизни қайтарсам...
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |