www.ziyouz.com кутубхонаси
33
— Одамлар тўқиган гап бу.
— Бари бир Хосият хола тўғри иш қилган эканлар. Йигитали ака раис бўлмай туриб ҳам у
кишини ҳамма ҳурмат қиларди.
— Эртага раис бува ҳам тушадилар.
— Ростданми? Ундай бўлса бораман.
Ҳомидбек ҳар гал қиз билан хайрлашганда юрагида бир чўғ қолгандай бўларди. Бу гал чўғ
ўрнини совуқ бир нарса эгаллади. Қизнинг бу гаплари унинг иззат-нафсига тегиб ўч олишга —
ўзини кўрсатишга ундади. У фақат улоқдагина ўзини кўрсатиши мумкин эди. «Eртага қандай
бўлмасин улоқни ютишим керак. Кейин ўзи ялиниб келади. Хосият холанинг ёшлигини нимага
эслади? Ё менга шартини шама қилдими? Қизлар айёр бўлади. Лекин бари бир мен ўзимни
кўрсатиб қўяман. Йигитали акага айтаман. «Менга яқинроқ бўлинг, ёрдам беринг, албатта
ютишим керак», дейман. Устам-ку, ёрдам беради...»
Ҳомидбек раиснинг уйига кириб меҳмон борлигини кўргач, бу гапларни айтолмаслигини
сезди. Хайрлашув чоғида раиснинг «Eртароқ кел», деганига «Хўп, уйингизга кириб ўтаман»,
деб отга минди-да, йўрттириб кетди.
* * *
Чавандозлар темир йўлга тақалган катта майдонга тўпландилар. Уларнинг аксари тўпга
яқинлашган Йигитали ака билан қуюқ сўрашди. Тўдада «Раис бува ҳам тушармишми?» деган
шивир-шивир бошланди.
Солимчи ичига туз тўлдирилган эчки тулупини ўртага ташлади. Майдонни чавандозларнинг
қийқириғи босди. Улоқ ердан узилди. Бир неча улоқчи тўпдан ажралиб отни сурди. Шундагина
Йигитали ака отига қарсиллатиб бир-икки қамчи босди. От дупурлари орасида унинг «Ол, ҳа,
ол!» деган қичқириғи эшитилди. Улоқни тақимига босган отлиққа яқинлашганда қамчинни
оғзига олиб энгашди. Тизгинни бир қўли билан ушлаб, бир қўлини улоқ сари чўзди. Бу орада
отлиқлар кўндаланг бўлиб уларнинг олдини тўсди. Орқадаги дупурлар ҳам яқинлашди. Вақт
бой берилиши мумкинлигини сезган Йигитали ака тизгинни қўйиб юбориб, иккала қўли билан
улоққа ёпишди-да, силтаб тортди. Ололмади. Яна тортди. Шу пайтда кимдир унинг отини
қамчилади. От ўзини ёнга олди. Раис улоқни қўйиб юбормай яна силтади. Отлиқлар
қийқиришиб уларни ўрай бошладилар. Йигитали ака бу гал жуда кескин силтаб улоқни тортиб
олди-да, отни ниқтади. От тезлашди. Раис улоқни тақимига босиб, қўлига қамчи олди. «Ол, ҳа,
ол» деб қичқирди. У қамчи билан гоҳ отнинг у сағрисига, гоҳ бу сағрисига қарсиллатиб урар,
бу билан у яқинлашмоқчи бўлган чавандозларни ўзидан безитиб турарди. Шунда ҳам бир-икки
довюраклар улоққа чанг солишди...
Йўлнинг ярми ўтилганда тўдада фақат ўттиз чоғли чавандоз қолди. Кўпчилик уларнинг
йўлини тўсиш мақсадида тўхтаб, ўзларига қулай жойларни танлаб турдилар. Раис отга қамчи
ураётган пайтларида ён-атрофига қараб, нимагадир Ҳомидбекни кўрмади. «Йўл пойлаяпти,
шекилли», деб аччиқланиб қўйди. У ёшлигидан йўл пойловчиларни ёқтирмайди. «Ҳалол
улоқчи паккадан маррагача курашиши керак. Тайёрини тортиб олиш номарднинг иши» деб
Ҳомидбекка неча айтган эди.
Чавандозлар маррага яқинлашганларида тўда яна қуюқлашди. «Июв, июв!», «Ол!», «Бос!»
деган қичқириқлар, отларнинг пишқиришлари кучайди. Айниқса марра атрофида оёқ қўйгани
жой топилмади. Чавандозлар тўдаси кўланка сингари чайқалар, отлар оғзидан оппоқ кўпик
сочар, қамчилар шарақлар, қийқириқ бир зум тинмасди.
Раиснинг йўли буткул тўсилган, от фақат бурнини кериб пишқирар, сакрашга чоғланарди.
Бир неча қўл бараварига улоққа ёпишар, лекин Йигитали ака тақимини бўшатмасди. Улоқнинг
бир қўл, бир оёғи аллақачон юлиб олинган, ушлаб тортиш анчайин қийинлашган эди. Раис бу
аҳволда ўтиб бўлмаслигини билиб отни қайтарди. Тўда соя сингари унга эргашиб анча
сийраклашди. Йигитали ака тўдадан ажралиб отни темир йўл томонга бурди. Кейин яна орқага
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |