www.ziyouz.com кутубхонаси
30
ўраб турди. Бу орада машина эшиги очилиб Йигитали ака кўринди. У қўли билан чангни
ҳайдаган бўлиб Давронга яқинлашди.
— Сизни ўғлим катта йўл ёқасида кўриб қолган экан. Хабарингизни эшитиб шу ердадирсиз,
деб келавердим, — деди Йигитали ака у билан омонлашиб бўлгач.
— Раҳмат, раис бува, — деб жилмайди Даврон, — ўзим ҳам ҳозир сиз тарафга бормоқчи
бўлиб турувдим.
— Қани, бўлмаса кетдик.
Йўл-йўлакай Даврон бўлган гапларни қисқа қилиб айтиб берди. Йигитали ака унинг
сўзларини бўлмай эшитди. Фақт баъзан «аттанг», «чакки бўлибди», деб қўйди. Даврон
саргузаштини тугатгач, «Бир гап бўлар куюнаверманг», деди-ю, тайинли маслаҳат бермади.
Шу боис Даврон ўйлаб келган режасини айтишга истиҳола қилди.
Уйга боришдан олдин колхоз идорасига кириб ўтдилар. «Бир дақиқалик иш билан» идорага
кирган раис оқшом чоғида қайтиб чиқди.
— Давронбек, сизга бир маслаҳат бор, — деди у машинага ўтиргач. Сўнг ҳамсуҳбатидан
садо чиқишини кутмай сўзини давом эттирди. — Агар бирор ишни мўлжаллаб қўймаган
бўлсангиз, колхозимизга аъзо қилиб оламиз.
— Ие, — деб кулди Даврон, — колхозда нима иш қиламан?
— Тракторчилар етарли, сувчиликни сизга ишонмайман... Бўзчи билганини тўқигани маъқул.
Сиз қазишмаларингизни давом эттирасиз.
Аслида Давроннинг ҳам мақсади шу эди. Колхоздами ёки мактабдами ишлаб, бўш вақтида
қазишмани ёлғиз ўзи бўлса ҳам давом эттиришни режа қилганди. Бироқ раиснинг ўзидан бу
таклиф чиқишини сира кутмаган эди. Раис шунчаки меҳрибонлик қиляптими ё бу ишдан
колхозга манфаат кўряптими? Ҳар ҳолда бир сир бор. Даврон ана шу сирдан воқиф бўлиш учун
ўсмоқчилаб сўради:
— Колхоз шунинг учун менга ҳақ тўлайдими?
— Йўқ, бунинг учун эмас. Истасангиз муаллимлик қилинг, балки маданият уйимизни
берармиз. Кўп бўлмаса ҳам икки-уч ҳашарчи билан таъминлашни бўйнимга оламан,
келишдикми?
— Келишмаган одам — номард. Аммо бир нарсага тушунмайроқ қолдим.
— Бир эмас, кўп нарсага тушунмайсиз. Ўйдим-чуқур қилиб юборган ерингиз неча гектар,
биласизми? Ишингиз қанча тез тугаса, колхозга шунча фойда.
— Агар ўша ердан шаҳар чиқиб қолса-чи?
— Нима бўпти?
— Уни қайтиб кўмиб юбора олмаймиз-ку? Нодир тарихий музей устига тупроқ тортиб пахта
экишга қўлингиз бормас?
— Агар шаҳар топилса, яна ҳам яхши. Музей бўлса нур устига аъло нур. Музейнинг колхозга
нафи тегмайди, дейсизми? Наф деганда фақат пулни эмас, маънавий бойликни ҳам ҳисобга
олинг-да!
Давроннинг кўнглига чироқ ёқилгандай бўлди. Раиснинг қўлини маҳкам қисди.
Ҳовлига киришганда Хосият хола офтобнинг кучсиз нурига орқа қилиб ўтирган эди.
Меҳмонни кўргач, тиззасига тиралганича ўрнидан туриб сўрашди-да, сўрига бошлади. Меҳмон
жойлашиб ўтиргач, Йигитали ака «Пича ўтира туринг», деб отхона томонга юрди. Ҳадеб
очилиб-ёпилавериб пастки томони ер чизадиган бўлиб қолган омонат эшик хунук ғижирлади.
Ичкаридан отнинг пишқириши, кейин унга урилган шапатининг, сўнг Йигитали аканинг «Ҳа,
жонивор, тек, тек», деган овози келди. Хосият хола: «Айбга буюрмайсиз ўғлим», деди-да,
тиззасини ушлаганча аста ўрнидан туриб олгач, очиқ бостирма томонга қараб юрди. Тандир
ёнига уйиб қўйилган ғўзапоядан бир тутам олиб қирс-қирс синдиргач ўчоққа ташлади. Ҳали
эски чўғлар ўчиб улгурмаган ўчоқда ғўзапоя бир оз тутаб турди-ю, кейин аланга олди.
Отхонанинг эшиги яна ғижирлади. Овқатнинг тузини тотаётган Хосият хола эрига қаради:
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |