www.ziyouz.com кутубхонаси
267
— Сизларнинг бу ердаликларингни билмаган эдим, — деди Мадигал уларнинг қўлини қисиб.
— Мен губернатор билан лақиллашиб, агар келган бўлсаларинг, сизлар ҳам унга
ҳурматларингни билдирасизлар-да, деб ўйлабман.
— Кейинроқ, — шанғиллади Бэркхардт. — Жин ургур, Жим, кўринишинг мунча бесўнақай?
Семираяпсанми?
Мадигал янаям қувноқ жилмайиб, Бэркхардтнинг текис қорнига шапатилади.
— Қари Темир Қорин. Сиз қачон истеъфога чиқиб, ҳаётдан лаззат оласиз?
— Қачон сиз, гадойларга ўхшаб бўш қутиларни силкитишни қўйиб, янги бўлинмалар очишни
сўрашдан тўхтаганларингдан кейин.
Палмер Мадигалнинг жилмайишига жилмайиш билан жавоб бериб, бу гуруҳдан ажралиш
учун уларга ёнламасига туриб олди. У Эдис ва Бэркхардт хоним билан суҳбатлашишим керак
деган баҳонада эркаклардан нари кетди. Муруввати буралган қўғирчоққа ўхшаган иккала
қария энди бошқа мусиқага рақс тушишарди. Уларга бир нечта ёшроқ жуфтлар қўшилишган.
Рақслардан илҳомланган мусиқачилар тун бўйи мусиқа чалмоқчига ўхшардилар. Палмер кўп
сонли меҳмонларни эҳтиёткорлик билан оралаб борар экан, улар гапираётган гапларнинг узуқ-
юлуқ бўлакларини эшитиб, англаш учун бор диққатини жамлади.
— ... Бунинг ўрнига жиндай виски ичасизми?
Палмер ўгирилиб, бу савол билан ўзига мурожаат қилаётган Вик Калхэйнни кўрди.
— Сиз виски ичасизми, Вик?
— Шампан виноси оёқдан олади.
Палмер бош ирғади:
— Сизга ўхшаган ишбилармон одамнинг оёғидан оладиган нарса бўлиши мумкинлигини
ўйламаган эканман.
Калхэйн аста жилмайиб, қорнини ичига тортганича, дароз қаддини ростлади.
— Мак айтдики, сиз уни тушиб қолган оғир аҳволдан чиқариб олар экансиз. Бу ҳам оёқдан
оладиган иш.
Палмер қадаҳларни кўтарганича, одамлар орасидан аста-секин Эдис томонга сурила
бошлади.
— ... фақат кейинги ойда тамом бўлади, қулоғигача қарзга ботган. Ижарага беришдан олдин
анчагина қисмини нақд тўлашга тўғри келади.
— Ҳозир ижара баҳоси қанча? У шунақангги қийин аҳволдаки, мен...
— “Т-Бэрд” ҳавони тозаловчи мослама ва шинам бари билан. Мен дедимки...
— акцияларни тўрт яримдан майдалатибди...
—... аҳмоқ, ғирт аҳмоқ...
— Ма, ол азизам, — Палмер қадаҳдаги винони Эдисга узатди. — Бэркхардт хоним қани?
— Шу атрофда. Мен... билан шундай маза қилиб суҳбатлашдимки.
— ... қирқ учта кредит билети, улардан бирортаси ҳам бўлмайди...
— Ундай бўлса, мен виносини ичиб қўяман, — деди Палмер.
— Вискидан кейин-а?
— Бу бугунги оқшомда мен ичадиган охирги ичимлик бўлади, — таъкидлади Палмер.
— Нима бўлганда ҳам бу сени охирги марта барнинг олдига бориб, қайтишинг бўлади.
Илгари ҳеч шунчалик тала-тўп бўлганини кўрганмисан? Бу одамлар...
Кимдир каттакон ноғорага урилиб кетди. Уриб чалинадиган лаппаклар жаранглади.
Мусиқачилар ўтирган жойдан даҳшатли гумбурлаш эшитилди. Ҳамма бирдан мусиқачилар
томонга ўгирилди. Залга тўлиқ жимлик чўкди. Айни шу пайтда эшик томонда ҳаракат
бошланди. Палмер ўша ёққа қараб, залга кириб келаётган Мак Бернсга кўзи тушди. Унинг
ёнида қизил ипак кўйлак кийган Виржиния Клэри келарди. У Макни қўлтиқлаб олганди.
— Нимани назарда тутганингни тушуна олмаяпман, — деди Эдис шивирлаб. — Ўз вақтида
келиш. Унинг ёнидаги пакана ким?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |