www.ziyouz.com кутубхонаси
219
Палмер суҳбатдошига хафа бўлгандек қаради.
— Нима дейишимни ҳам билмайман, — деди у. — Гап шунчаликка борган экан, унда сизни
нима қизиқтиради?
— Бу иккимизнинг ўртамиздаги бошқа шартнома, Мак.
— Ҳалиги, очишни хоҳламаётганингизми?
— Билганимда, сизга шу заҳоти айтардим. — Калхэйн сумкага қўл тиқиб, қаҳвали термос ва
ширин кулча олди. — Чин сўзим, мен ҳозирча билмайман.
— Шундай бўлиши мумкинми? Мен ўйловдимки...
— Шартноманинг икки томони ҳам аниқ бўлиши керак, — деб унинг гапини якунлади
Калхэйн. — Йўқ. Биз Мак билан кўп нарсаларни бошдан кечирганмиз. Агар у арзийдиган иш
деса, мен оламан. Бошқа бировга, балки, ишонмасдим. Бироқ Макга мутлақо ишонаман.
— Фақат унинг биржа бўйича маслаҳатларига эмас.
— Биржа бўйича маслаҳатларидан ташқари, — Калхэйн кулчадан тишлаб, қаҳва ҳўплади. —
Биз биргаликда катта йўлни босиб ўтдик. Сиёсатда йигит кишининг бошига нималар тушиши
мумкин бўлса, барини кўрдик. Кутилмаган нарсалар кам қолган чиқар. Мак сиёсий
фаолиятимдаги ягона дўстим. Бу кўп нарсани англатса керак.
Орага узоқ жимлик чўкди. Мак Бернснинг садоқати ҳақида гап кетганда ҳам Калхэйн
кўнглини шунчалик очиб қўярмикин, деб ўйлади Палмер. Йўқ, ундай бўлмайди. Лекин бир
гапга солиб кўриш керак.
— У сизга ўхшамайди. Сизлар бутунлай бошқа-бошқа одамсизлар.
— Қанақасига бошқа? Ҳар қандай одам ҳам ҳаёт тақозосига кўра бир-биридан фарқланади-
да. Иккаламиз бир-биримиздан катта фарқ қилмаймизми?
— Фарқ қилмаймизми? — Калхэйн кулчасини еб тугатди. — Шунақанги фарқ қиламизки...
— Менимча ундай эмас, — гапида туриб олди Палмер.
— Биласизми, — Калхэйн яна сумкага қўл солиб, бу гал музқаймоқ олди. — Ҳаммаси келиб
чиқишда. Пулда. Менинг қариям ёмон яшамаган, ҳамма нарсага улгурган. Унинг болалари кўп
эди, ҳаммаси коллежларни битирган. Балки шунинг учун сиз иккаламизнинг орамиздаги
фарқни билмаётгандирсиз. Макнинг отаси эса, билишимча, Байрутда товуқ сотиш билан
шуғулланган. Сиз бу иш нималигини билмайсиз. Бутун умр товуқ тозалаб, ўзингиз каби
камбағаллар билан савдолашасиз, ёнингизда ўғлингиз ҳам шу иш билан овора, у ҳам
қашшоқликнинг нонини ейди. Ниҳоят, оила жам бўлиб, штатларга кўчиб ўтади. Мак ҳеч қачон
коллежни битирмаган. Унинг Гарвард ҳақидаги гапларини эслашингиз мумкин. Бу гапларнинг
остида Колифорния университетидаги икки йиллик кечки машғулотлар турибди. У ўқишни
ташлашга мажбур бўлган, кундузги ишидан ташқари, кечқурун студиялардан бирига қоровул
бўлиб ёлланган. Кейин, сочини бўяб, ўз ишининг устаси бўлиб олганидан кейин Мак шахсий
компаниясини ташкил қилиб, Гарварддаги уч кунлик ёзги семинарда қатнашди. Энди эса ҳамма
нарса жойига тушди. Мана, шунинг учун ҳам мен Мак билан сиз бошқа-бошқа тоифа
одамларсиз, дейман. Мана, нима учун сиз унга ишонмайсиз.
— Мен бундай деганим йўқ.
— Тўғри, сиз эмас, мен шундай дедим. — Калхэйн ёғоч қошиқчада музқаймоқ еб, гапида
давом этди. — Балки унга ишонмасдан тўғри қиларсиз ҳам.
— Мени бутунлай довдиратиб қўйдингиз.
— Унга ўхшаб ўсмаган бўлсам ҳам, Макка анча яқинман. Мен шу ерда туғилганман, лекин
мен билган кўп болалар эски қитъадан келган. Унинг ички кечинмаларини тасаввур қиламан.
Унга ўхшаган одам бошқаларни кўргани кўзи йўқлигини ҳам биламан.
— Мени ёмон кўрадими?
Калхэйн индамай қолди, нимадир демоқчи бўлди-ю, ноилож Палмерга қаради.
— Сиз ақлли одамсиз. Бирор марта сизни нима учун ёллаганларини ўйлаб кўрганмисиз?
Палмер бош ирғади:
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |