www.ziyouz.com кутубхонаси
146
— Афтидан, у... — Палмер жимиб қолди ва оғир хўрсинди. Томоғидаги зўриқиш гўё ўпкасига
ҳам ёйилгандай бўлди: у қийинчилик билан керакли ҳавони юта олди. У аста кўзини очди,
худди ўзини ростлаб олмоқчидай қаддини тиклади, яна бир марта ютоқиб нафас олди-да, тез
қўшиб қўйди:
— Аф-афтидан у ў-ўлган.
— Ҳо-о!
— Анча олдин, — сўзини тугатди Палмер. Сўзлар унинг оғзидан қийинчилик билан, худди
инграгандай чиқди. Томоғига яна бир нарса келиб тиқилишини сезиб, Палмер шоша-пиша
жувонга интилди. У жувоннинг қўлларидан тутди ва муздек бармоқлари унинг иссиқ баданини
ҳис этди. Палмер уни ўзи томон тортди ва атирнинг заиф дудли ҳиди бамисоли уни ютиб
юборди. Жувоннинг юмшоқ лаблари хиёл очилди ва йигит вискининг куйинди ҳидини туйди.
Жувоннинг қўллари унинг ён-веридан чирмаб олди. Палмер аввалига аста-секин, кейин эса
тобора тезроқ ғарқ бўла бошлади.
Йигирма еттинчи боб
Мак Бернс, афтидан, шойи чойшабда ухлар экан — воқеликнинг биринчи тетик ва аниқ
сезгисини Палмер мана шу ажабтовур кайфият билан туйди. У бир ёнига ёнбошлади-да,
чойшабга қаради. Қоронғида унинг жойими ёки йўқлигини аниқлаш қийин эди. Чап томондан
ётоқхона бўлмасининг деразасига заиф ёғду тушиб турарди. Ёғду манбаи йўлнинг нариги
ёғидаги бир неча қават пастдаги квартирада эди ва шу боис ёғду унинг боши узра шифтда
тўртбурчак шаклда кўринарди. Палмер чойшабни силаб қўйди, бармоқлари остида асл матони
сезди, сўнг хўрсинди-да, яна ўзини чалқанча ташлади. Унинг боши ғижимланган ёстиқда. У ўз
баданига қаради. Мана, кўп йилдирки, Палмер бўш вақтида унга разм солмайди ва ҳозир
оёқларим ҳаддан ташқари ингичка деган хулосага келди. Тўғрироғи, агар холисона айтадиган
бўлса, у умуман кейинги вақтда тўлишди, оёқлари эса ёшлигида қандай бўлса, ўшандайлигича
қолаверди, — ортиқ қиёфасига мос келмай қўйди. Палмер қорнига, тўқ-малларанг тукларига,
оёқларига қаради, оёқ бармоқларини аста қисирлатиб қўйди. Жин урсин ўша Бернсни! Ахир
шойи чойшабдан бунақа шарқона ҳашамга ўрганса бўларкан-ку.
Жувоннинг оёқлари кўринмасди. У Палмердан ўнгда қорни билан юзтубан ётар ва бир текис
нафас оларди, унинг ухлаётганига Палмер амин эди. Ғира-шира ёғдуда унинг иккала думбаси
худди оқ-пуштиранг ширинлик пахтадай дўмпайиб турар, шунақаси белига ўтиб кетар эди.
Унинг нигоҳи юқорига ўрмалаган сари дўнгликлар оралиғидаги ботиқлик саёзлашиб борарди.
Белдан юқорида дарё ўзанига ўхшаш яна бир пастқамлик пайдо бўлди ва елка мушакларига
етмагунча чуқурлашиб бораверди, у ерда юқорига қараб кетувчи яна бир сойлик бўлиб, у
тўзиб ётган жингалак сочлар тагига кириб кетарди.
Палмер тирсагига суянди-да, Виржинияга бошқа бурчакдан қараш учун кенг кўрпага ўтириб
олди.
— М-м-м, — минғирлади жувон бошини кўтармасдан. — Соат неча бўлди?
Палмер қўлига қаради ва соатини олиб қўйганини кўриб, ҳайрон бўлди. Бернс каравоти
ёнида турган сафар будилнигининг циферблатига тикилиб қаради.
— Саккиз ярим, — жавоб берди у. Унинг овози гўё узоқ танаффусдан сўнг тўсатдан бор кучи
билан юргизиб юборилган эски ускунага ўхшаб ғоят бўғиқ ва титроқ чиқди. Жувон хўрсинди ва
бошини буриб, унга қаради. — У ярим соатда шу ерда бўлади.
— Ҳм.
— Жин урсин! — Жувон қўлини чўзди ва кафти билан унинг кўксини артди. Палмер
тукларининг енгил шитирини эшитди.
— Ҳа, топдим, — деди жувон, энди бутунлай уйғониб.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |