www.ziyouz.com kutubxonasi
19
Ундан овоз чиқмагач, кимдир Адҳамга «Юрагига қулоқ тутинг» деб юборди ҳаяжон билан.
Адҳам Ўлмаснинг очиб қўйилган чап кўксига қулоғини қўйди. У қулоғини кўкракдан узмай ўнг
қўлининг бош бармоғини кўрсатди. Ҳаммамиз енгил нафас олдик. Икки-уч дақиқадан кейин
Ўлмас кўзини очди.
Унинг ранги пахтадек оқариб кетган, «Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ўтиб кетади» дегандек
хижолатлик билан қийналиб жилмаймоқчи бўларди.
Адҳам шу пайтда ҳам ҳазилини қўймасди.
— Мени кўп ичасан, деб кўз очирмасдинглар. Мана, арақнинг ҳам фойдаси бор экан-ку!
Сизлар ҳам тез-тез ичиб туринглар, — деярди.
Ўлмасни кўтариб келиб тўшакка ётқиздик. Унинг аҳволини кўрган Умаралига
беданаларнинг питирлаб жон бериши ҳеч гап бўлмай қолди.
— Гап шу ерда қолсин, — дедим. — Гапни чувалатиб юрманглар. Ҳеч гап бўлмади деб
ўйланглар. Хорунбой аканинг бу ишдан ҳали хабари йўқ. Қишлоқ хўжалиги вазири Уркинбоев
келган экан, Қувадан одам келиб Эрматовни машинада олиб кетди. Бу воқеани у кишига ҳам
билдирмай қўя қолайлик. Хижолат бўлиб юрмасин. Агар Ўлмаснинг хотини эшитса борми, қоқ
ярим кечаси бўлса ҳам етиб келади. Уни зинғиллатиб Тошкентга олиб кетади.
— «ТИР»да ўқ ўрнига пистон солинган «Воздушка»ни отиб, мерганман, деб юрган экансиз-
да, Бек ака, — дедим ҳазил қилиб. — Илгари шунақа катта милтикдан сира отмаган эдингми?
— «Воздушка»да кўп отканман. Уларни елкага тирамасдан отса бўлаверарди. Елкага қаттиқ
тираб туриш кераклигини мен қаёқдан билай, — деди Ўлмас қилиб қўйган ишидан ҳали ҳам
ўзига келолмай.
— Сенинг дадил бориб милтиқни олишинг, худди мерганлардек милтиқнинг уёқ-буёқларини
кўришингдан, тажрибали овчига ўхшайди, деб ўйлашган бўлсалар керак.
— Милтиқни олдиму кўзимни чирт юмиб бошим устидан ўтаётган беданаларга қарата қўш
тепкини босиб юбордим. Қўндоқ елкамдан бир қаричми, ярим қаричми узоқлиқда эди, ҳозир
эсимда йўқ, билмайман. Иккала тепкини баробар босганимни биламан.
— Сени худо асради, — дедим. — Қўндоқ иягингга тегса нима қилардинг. Жағингни дабдала
қилиб оғзингдан учириб чиқариб юборарди. Умр бўйи ямалган жағ билан яшардинг.
Ўлмас қилмишининг оқибати бу даражага етишини ўйламаётган эди. У радиода тўрт йил
бирга ишлаган, фронтда жағини осколка майдалаб ташлаган дўстини эслади. У ниҳоятда хунук
бўлиб кетган, оғзидан ҳамма вақт бадбўй ҳид келиб турарди. Ўлмас уни эслаб сесканиб кетди.
Ов тўхтади. Ўлжа беданаларни йиғиб келиб пақирда вақирлаб қайнаб турган сувга ботириб
патларини юла бошладилар.
Водий йигитлари диди баланд пазанда бўладилар. Улар яланғоч беданаларни бир пасда
тозалаб, пешноб билан иликдек пўст думба қиймасига кўк кашнич, ариқ бўйларидан териб
келинган ялпиз, зира, зирк, жамбил қўша бошладилар. Улар бу масаллиқларни эрталабоқ уйда
тайёрлаб тоғорада олиб келган эдилар. Шуларни беданалар ичига жойлаб, қоринларини ип
билан чатиб доғланган ёғда қизартириб олдилар. Кейин бошқа қозонга босиб устига кўпгина
серсув помидорни катта-катта бўлак қилиб тервб чикдилар. Қизил сабзи, саримсоқ пиёз, қизил
лавлаги, жуда ҳам юпқа парракланган анча-гина оқ пиёзни чиройли қилиб териб қўйдилар.
Ана шундан кейин дамтовоқ зичлаб ёпиб қўйилди.
Фалокати ариган Ўлмас тамоман ўзига келди. Айниқса Адҳам «бир пиёлагина» ичириб
қўйгандан кейин чордона қуриб, гапга тушиб кетди.
— Орият қилиб чидаб турдим. Елкада жон қолмаган. Қўл тегизсам ўлиқнинг баданига ўхшаб
муздек-карахт. Хаёлимга нималар келмади, дейсиз. Гангренага — қора-сонга айланиб кетса
нима бўлади? Албатта қўлимни ел-кам аралаш кесадилар. Энди қўлсиз юришимни ўйлаб хафа
бўлиб кетдим. Адҳам ака арақ билан ишқаб, кучларининг борича қаттиқ-қаттиқ
уқалаганларидан кейин қони қочган пучак томирларимга жимир-жимир қилиб яна қон қайтиб
келаётганийи, ўлай агар, аниқ сезиб турдим. Сизга минг раҳмат, Адҳам ака! Энди сиздан
Киприкда қолган тонг (қисса). Саид Аҳмад
Do'stlaringiz bilan baham: |