www.ziyouz.com kutubxonasi
14
— Бир нима дейиши керакмиди? — деди ҳайрон бўлиб Ўлмас.
— Тошкент аёлларининг ҳаммаси шунақами ё битта сизники шунақа чиқиб қолганми?
— Гапларингизга тушунмаяпман, синглим. Тушунадиган қилиб гапиринг.
— «Яккачинор»га келиб Ойпопук деган қизга ошиқи-беқарор бўлганини, шу қизни деб
«Яккачинор»да бир умр қолиб кетишга ахд қилганини китоб қилиб ёзиб, ўз хотинига ўқиб
берса, янгачамиз уни ўпиб табрикласа, ия, бу қанақаси бўлди. Ё тошкентлик аёлларда рашк
йўқми? Тушунмадим, сира тушунмадим.
Бу шаддод қизнинг исми Ғапура, дугоналари Ғупра деб аташар экан...
Ўлмас нима деб жавоб қилишни ўйлаб анча жим туриб қолди. Бу ҳолатни қизлар ўзларича
тушуниб ёзувчини жавоб тополмаганга йўйдилар.
Шундоқ катта, шундоқ машҳур ёзувчини «мот» қилган Ғупра тантана қиларди.
Қизлар елпиниб ўтирган «Севгим — севгилим» китобини қўлтиққа қисиб қарсак чала
бошладилар. Ўлмас уларга қараб бир чиройли жилмайиб турибди. Қизлар қўлтиққа қисилган
китобни олиб яна елпина бошладилар. Ҳаммаёқни иссиққина «қиз ҳиди» тутиб кетди. Китоб
сахифаларидан эсаётган Ойпопукнинг иси шу хидларга омухта бўлгандек эди.
«Оқсоқол» қўлини кўтариб ғовурни босди. У колхоз раисининг маданий ишлар бўйича
биринчи ўринбосари, шаддодлиги учун уни «оқсоқол» дердилар. Ҳамон оғзини очиб турган
қизга қаради.
— Китобни дурустроқ ўқимабсан, каллаварам. Бошланишидаёқ кўрга ҳасса қилиб ёзиб
қўйган-ку! Қариб қолган отаси болалигидаёқ онадан етим қолган ёлғиз ўғлини қийинчилик
кўрсин, мустақил яшашга ўргансин, ўзига фойда бўлади, деб институтни битириши биланоқ
«Яккачинор»га жўнатиб юборган. Билдингми? Шундан маълумки, у ҳали уйланмаган, рўзғор
қилмаган. Сен бўлсанг хотинингга ўқиб бердингми, у нима деди, тошкентликлар рашк қилишни
биладиларми, деб валдираяпсан. Билиб қўйларинг, Умарбеков ака биравга ем бўладиган
ёзувчилардан эмас, Абдулла Қаҳҳор ака айтганларидек, Умарбеков эртага қичишадиган
жойини бугун қаш-лаб қўядиганлардан. Мамаданалик қилиб ҳар балони гапираверасанми? Эси
йўқ.
— «Оқсоқол» мен сизга нима ёмонлик қилдим? Нега мунча ғазаблайверасиз?
— Бўлди, ўтир жойингга! — деди «оқсоқол» буйруқ оҳангида.
— Ҳали айтадиган гапларим кўп, — қизнинг оғзи яна очиқ қолди.
— Оббо, ҳеч гапинг тамом бўлмас экан-да. Ичинг саволга тўлиб кетган экан. Қани, вақтни
олмай, тез-тез гапир.
— Ёзувчилар нима учун шафқатсиз, раҳмсиз, қаҳри қаттиқ бўладилар? — деди жиддий
туриб...
Бу гапдан кейин ўтирганлар бирдан унга қизиқиб қарадилар.
— Китобларни охиригача ўқимай қўя қолсам, дейман. Агар ўқисам, азага боргандек эзилиб
кетаман. Қайси китобни ўқисам меҳрим тушган, қадрдон бўлиб қолган «қаҳрамон» ўлиб
қолади. «Ўткан кунлар»даги Кумушбиби нима бўлди? Уни ким ўлдирди? Албатта, ёзувчи
ўлдирган. Кечаси «Ўткан кунлар»ни ўқиб ётиб охирига келиб қолган эдим. Ўлган жойига
келганда чидамай дод деб ҳовлига чиқиб кетибман. Уйғониб кетган бувим, болам китоб
ўқийверса телба бўлиб қолади, деб уни топиб бўлмайдиган жойга беркитиб ташлади. Барибир
китоб ёд бўлиб кетган... «Бой ила хизматчи»даги Жамилани, «Қутлуғ қон»даги Йўлчини роҳат
кўрмай ўлиб кетганига сира чидамайман. Ииғлайвериб, қовоқларим ёнғоқ пўчоғидек бўлиб
шишиб кетди. Мана шу «Севгим — севгилим»даги Ойпопукни ҳам ёзувчи ўлдирди. «Уфқ»даги
Жаннат хола ёлғиз ўғлининг ғамида тўқайда, қамишлар орасида, ботқоқда фарёд уриб оламдан
кўз юмади. «Кеча ва кундуз»да ўрисча билмайдиган Зебихон суд қилиниб Сибирга ҳайдаб
кетилади. Телба бўлиб қолган онасини занжирга солиб Эшоннинг уйида калтаклайдилар. Унинг
шеър тўқиб айтган фарёдига одам боласи чидаёлмайди.
—
Киприкда қолган тонг (қисса). Саид Аҳмад
Do'stlaringiz bilan baham: |