www.ziyouz.com кутубхонаси
4
— Саксон беш — бахт келтирувчи рақам,— деди чол,— Қалай, эртага минг қадоқли балиқ
тутишимга кўзинг етадими?
— Мен тўр топиб сардин тутгани бораман. Ҳозирча остонада ўтириб тур, бу ерга офтоб
тушиб турибди.
— Майли. Менда кечаги газета бор. Бейсбол ҳақида ўқиб тураман.
Чолда ҳақиқатан ҳам газета бормиди, ёки бу ҳам елғон гапмиди, бола билмасди. Лекин чол
каравот тагидаи чини билан ҳам газета олди.
— Менга буни вино дўконида Перико берди,—деб тушунтирди чол.
— Мен сардин тутаману қайтаман. Ўзимннкини ҳам, сеникини ҳам бирга музга қўяман,
эрталаб бўлишиб оламиз. Қайтиб келганимда, бейсбол ҳақида гапириб берасан.
— «Янки»нинг ютқазиши мумкин эмас.
— Кливленд «Ҳиндилари» уларни боплаб қўймаса деб қўрқаман.
— Қўрқма, ўғлим. Улуғ Ди Маджиони бир эслагин-а.
— Мен фақат «Ҳиндилар»дангина эмас, Детройт «Йўлбарслари»дан ҳам қўрқаман.
— Худо кўрсатмасин, сен ҳали цинцинатилик «Қизилтанлар»дан ҳам, Чикаго «Оқ
пайпоқлари»дан ҳам қўрқиб ўтирарсан.
— Газетани ўқиб тур, мен қайтгач, гапириб берасан.
— Менга қара, саксон беш рақамли лотерея билетини сотиб олсак-чи, нима дейсан? Ахир,
эртага саксон бешинчи кун-ку!
— Олсак, олаверамиз-да,— деди бола,— Балки саксон етти рақамлиги яхшидир? Ахир,
ўтган гал саксон етти кун бўлган эди-ку.
— Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди. Сен саксон беш рақамли билетни топа
оласаими?
— Қидириб кўраман.
— Бир дона. Икки доллару эллик центлигидан. Буни қаердан қарз олсак экан?
— Бундан осони йўқ. Мен икки доллару эллик центни хоҳлаган вақтимда қарз олишим
мумкин.
— Оламан десам, мен ҳам иложини қилардиму, бироқ мен қарз олмасликка ҳаракат
қиламан. Олдин қарз оласан, кейин садақа сўрайсан.
— Эҳтиёт бўл, қария, тағин шамоллаб қолмагин. Сентябрь эканлигини унутма.
— Сентябрда йирик балиқ кўпаяди. Май ойида балиқ овлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан
келади.
— Хўп, бўлмаса, мен сардинни тўғрилаб келай, - деди бола.
Бола қайтиб келганда, кун ботган, чол эса курсида ўтирганича, уйқуга кетган эди. Бола
каравотдан эски солдат одеялини олиб, курси суянчиғи аралаш чолнинг елкасини ёпиб қўйди.
Бу елкалар чолнинг кексайиб қолганига қарамасдан забардаст, бўйни ҳам, ундан
қолишмайдиган даражада бақувват ва ҳозир, чол бо-шини кўкрагига солинтириб ухлаган тобда,
ажинлари ҳам у қадар кўзга ташланмас эди. Унинг кўйлаги ҳам худди елканидай қирқ ямоқ
бўлиб кетган, ямоқлар қуёш тафтидан ола-була тусга кирган эди. Аммо чолнинг юзи ҳарқалай
анча қаримсиқ бўлиб қолган ва ҳозир кўзлари юмилиб уйқуга кетганда, худди жонсизга ўхшаб
кўринарди. Чолнинг тиззасида, учиб кетмасин деб, тирсак билан босиб олинган газета ётарди. У
оёқ яланг эди.
Бола уни уйғотиб ўтирмай чиқиб кетди, қайтиб кёлганда, чол ҳамон уйқуда эди.
— Тур!—уйғотди уни бола ва қўлини чолнинг тиззасига қўйди.
Чол кўзини очди ва бир муддат қаердандир, жуда узоқлардан қайтаётгандай бўлиб турди.
Кейин у жилмайди.
— Нима олиб келдинг?
— Егулик келтирдим. Ҳозир овқатланамиз.
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |