www.ziyouz.com кутубхонаси
9
қисмини оқимга қўйиб берган ва кун ёришганда, у худди шу маҳалда етишни мўлжаллаган
ердан ҳам анча олисга кетиб қолганини кўрди.
«Жуда чуқур жойларда бутун бир ҳафта ов қилиб, ҳеч нарса тутганим йўқ, — деб ўйлади
чол, — бугун мен бонито ва альбакоре тўдалари қаерда бўлса, ўша ерда бахтимни синаб
кўраман. Худодан бўлиб, йирик балиқ учраб қолса-я?»
Ҳали тонг оқармасдан, хўрак қистирилган қармоқларини сувга ташлади ва қайиқни оқимда
оҳиста бошқариб борди. Хўраклардан бири қирқ денгиз саржинича чуқурликда эди, бошқаси
етмиш беш саржин пастга тушди, учинчи ва тўртинчилари эса юз ва юз йигирма беш саржин
чуқурликка чўмди. Хўракларнинг бош қисми пастга осилиб турар, қармоқнинг ўқи хўрак-балиқ
ичидан ўтказилиб, мустаҳкам қилиб қўйилган, қармоқнинг ўзи — букламаси ва суйриси янги
сардинлар билан қопланган эди. Сардинлар қармоққа иккала кўзидан ўтказилган ва улар пўлат
букламада маржондек тизилиб турарди. Йирик балиқ қармоққа яқинлашганда, унинг ҳар бир
луқмаси нечоғлиқ тотли ва иштаҳа қўзғайдиган даражада мазали эканлигини сезарди-қўярди.
Чол, бола бериб юборган иккита янги тутилган йиртқич балиқ — тунецни энг узун
чилвирларга хўрак қилди, қолган икки чилвирга эса, каттакон зангори макрель билан сариқ
умбрицани илди. Булардан аввалги овда фойдаларган бўлса-да, улар ҳали ҳам янгидек турар,
ажойиб сардинлар эса, уларни хуштаъм қилар, балиқларнинг нафсини қитиқларди. Йўғонлиги
катта қаламдай бўлган ҳар бир чилвир пишиқ, эгилувчан чивиққа тортилган эдики, балиқнинг
емга сал бўлса ҳам тегиб ўтишидан чивиқ сувга эгиларди. Бундан ташқари, чилвирлар ҳар бири
қирқ саржин узунликда бўлган навбатдаги калава учларига уланган, бу калавалар яна бошқа
эҳтийт шарт калаваларга уланиши мумкин эди. Керак бўлганда, илинган балиқни уч юз саржин
узоқликка қўйиб юборилса ҳам бўлаверади.
Энди чол кўк чивиқлар бортга эгилмасмикин, деб кузатиб ўтирар ва чилвирнинг сувга тик
ҳамда лозим бўлган чуқурликка тушишига эътибор бериб, оҳиста сузарди. Ҳаммаёқ ёришиб
кетди, қуёш мана-мана чиқаман дерди.
Қуёш денгиздан билинар-билинмас кўтарилди ва бошқа қайиқлар ҳам чолнинг кўзига
ташланди, улар қирғоққа анча яқин бўлиб, бутунлай оқим бағрида сувга паст чўккан ҳолда
турар эдилар. Кейин офтоб шуъласи ўткирлашди, сувда унинг ёлқини акс этди, қуёш уфқдан
батамом кўтарилганда, денгизнинг сип-силлиқ сирти ёлқин нурларини тўғри кўзга келтириб
урди-ю, қаттиқ азоб бера бошлади: чол сувга қарамасдан, эшкак тортишга ҳаракат қилди. У ўз
чилвирлари чўзилиб кетган сим-сиёҳ денгиз тубига тикилиб ўтирарди. Унинг чилвирлари сувга
бошқа балиқчиларникига қараганда тикроқ тушар ва емишлар ҳар хил чуқурликларнинг тайин
бир ўрнида ўз ўлжасини кутарди. Бошқа балиқчилар ўз қармоқларини оқимга бепарво қўйиб
беришар, натижада юз саржинга ташладим деб ўйлаган қармоқлари айрим пайтларда олтмиш
саржин чуқурликка зўрға етган бўларди.
«Мен қармоқларимни доимо бехато ташлайман,— деб ўйлади чол.— Ўзи ишим ўнгидан
келмаяпти. Яна ким билади? Эҳтимол, бахт бугун менга ҳам кулиб боқар. Ҳар куннинг ўз
таомили бор. Албатта, кишининг иши юрашиб турганига нима етсин. Аммо мен ўз ишимнинг
пухта бўлишини маъқул кўраман, Бахт келган чоғда, уни кутиб олмоққа тайёр тураман».
Қуёш кўтарилгандан бери икки соат атрофида вақт ўтди, энди шарқ томонга бемалолроқ
қараш мумкин эди. Узоқда ҳозир фақат учтагина қайиқ кўзга ташла-нарди. Бу ердан қараганда,
улар сувдан зўрға кўтарилиб тургандай туюлар, қирғоқдан ҳеч бир узоқлашмаганга ўхшарди.
«Кўзларимни бир умр тонг ёғдуси қамаштириб келади,— деб ўйлади чол.— Аммо улар ҳали
ҳам ўткир. Кунботарда қуёшга бемалол қарай оламан, бироқ шун-да ҳам кўзим жимирлашиб
кетмайди. Кечқурун бўлса, қуёш кучлироқ нур сочади. Аммо эрталаблари у менга азоб беради».
Шу пайт у қаршисида узун қора қанотларини ёзиб, кўкда чарх урган думдор қуш —
фрегатни кўрди. Қуш қанотларини йиғиб, ўзини ўқдек сувга урди, кейин яна гир айланиб уча
бошлади.
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |