www.ziyouz.com кутубхонаси
5
— Ҳали унча очиққаним ҳам йўқ.
— Келсанг-чи энди, оч қоринга балиқ овлаб бўлармишми?
— Баъзан шундай ҳам бўлган,— деди чол ўрнидан қўзғаларкан, газетани тахлай туриб, сўнг
у одеялини йиғиштира бошлади.
— Одеялни йиғиштирма, — деди бола. — Мен тирик эканман, овқатланмасингдан туриб,
сени балиқ овлашга қўймайман.
— Ундай бўлса, дард кўрмагин, умринг узоқ бўлсин,— деди чол.— Қани, нима еймиз.
— Қора ловия билан гуруч, қовурилган банан ва яхна гўшт.
Бола овқатни Террас ресторанидан металл идишда олиб келган эди. У вилка, пичоқ ва
қошиқларни чўнтагига солиб олган, буларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида қоғоз салфеткаларга
ўралган эди.
— Шунча нарсани сенга ким берди?
— Ресторан хўжайини, Мартин.
— Унга раҳмат деб қўйиш керак.
— Хотиржам бўл, мен уни рози қилдим,— деди бола.
— Мен унга катта балиқнинг энг сергўшт жойидан бераман,— деди чол.— Ахир, бу унинг
бизга қилаётган биринчи ёрдами эмас-ку.
— Йўқ, биринчи эмас.
— Ундай бўлса, бир бўлак гўшт озлик қилади. У бизга кўп яхшилик қилган.
— Бугун-чи, пиво ҳам берди.
— Мен ҳаммадан ҳам консерваланган пивони яхши кўраман.
— Биламан. Лекин бугун у шишада пиво берди. Шишасини қайтариб бераман.
— Хўп, раҳмат сенга,— деди чол,— кел, овқатланайлик.
— Мен сенга қачондан бери овқатланайлик деяпман,— деди меҳрибонлик билан бола.—
Овқат совуб қолмасин деб, идишнинг оғзини очмай, кутиб туриб-ман.
— Ҳай майли, ювиниб олсам бўларди-да. «Қаерда ҳам ювинардинг?»— ўйлади бола. Бу
ердан колонкагача икки квартал бор эди. «Унга совун ва яхши сочиқ олиб бериш зарур, сувнинг
ҳам кетини узмаслик керак. Бу тўғрида нега аввал ўйлаб кўрмаган эканман. Унга янги кўйлак,
қишки куртка, бирон этик-петик ва яна бир одеял ҳам лозим».
— Лаззатли гўшт экан,— мақтади чол.
— Бейсбол ҳақида гапириб бер,— сўради ундан бола.
— Америка лигасида, мен айтганимдек «Янки» ютяпти, — мамнуният билан сўзлай
бошлади чол.
— Шундайку-я, лекин бугун уларнинг тозаям тит-питини чиқариб юборишди.
— Бу ҳеч гап эмас. Яна улуғ Ди Маджио ўйиннинг пайховасини олган.
— Командада унинг бир ўзи эмас-да.
— Тўғри-ю. Лекин ҳамои ўйиннинг натижаси унга боғлиқ.— Бруклинликлар билан
филадельфияликлар ўйнайдиган иккинчи лигада эса ютишга фақат брук-линликларда имконият
бор. Дик Сайзлер қандай ўйнаганлигини сен ҳар ҳолда эсласанг керак? Эски паркда бўлган
ўйиндаги унинг зарбаларини айтмайсанми? Бай-бай.
— Жуда зўр-э, қурғур! У ҳаммадан узоққа отади.
— Унинг Террасга келгани эсингдами? Мен уни ўзим билан бирга балиқ овига таклиф
қилмоқчи бўлдим-у, лекин иймандим. Сенга таклиф қил десам, сен ҳам уялдинг.
— Эсимда. Мен қўрқиб тентаклик қилдим. Ким билади, балки, рози бўлармиди? Ўла-
ўлгунча эсдан чиқмайдиган иш бўларди-да.
— Қани энди улуғ Ди Маджиони ўзимиз билан бирга денгизга олиб чиқолсак, а?— деди
чол.— Отаси балиқчи бўлган дейишади. Ким билади, балки унинг ўзи ҳам бир вақтлар бизга
ўхшаган камбағал бўлгандир. Айтганимизда, келишга ор қилиб ўтирмасдими балки.
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |