www.ziyouz.com кутубхонаси
31
— У янгидан айлана бошлаши билан мен дам оламан,— деди у.— Ўзимни ҳам боягидан
кўра анча яхши ҳис қиляпман. Ўлдим деганда, яна икки-уч айланишдан кейин балиқ меники
бўлади-қўяди.
Унинг похол шляпаси энсасига сурилиб тушган эди. Балиқ олдинга қараб яна судраб кета
бошлаши билан чол бутунлай ҳолдан тойиб, ўзини қайиқ бурнига ташлади.
«Мана энди сен чигилингни ёз, балиқ,— деб ўйлади у.— Сен орқага қайтдинг дегунча, мен
ишимни бошлайман».
Денгиз бўйлаб йирик долға сирпана бошлади. Аммо сувни очиқ ҳавонинг йўлдоши бўлган
хайрли шамол ҳайдаб келмоқда эди. У чолнинг уйга етиб олиши-да ҳали ҳам мадор, ҳам мадад
бўлади.
— Қайиқни жануб ва ғарбга томон бошқариб бораман,— деди у. — Вассалом. Денгизда ҳам
адашиб бўлармишми? Оролимизку, кичкина эмас, чўзилгандан чўзилиб кетган.
Чол балиқни учинчи айланиш вақтида кўрди.
Назари аввало қайиғи остидан ҳадеса бош-кети кўринмай чўзилиб ўтган тимқора сояга
тушди. Ўз кўзларининг кўрганига ўзи ишонмай қолди.
— Йўқ,— деди у.— Унинг бунақанги ботмондахсар бўлиши мутлақо мумкин эмас.
Аммо балиқ чиндан ҳам улкан эди. Учинчи айланиш охирлаб қолганида, у қайиқдан ўттиз
ярдча нарида юзага сузиб чиқди. Унинг қуйруғи денгиздан қан-чалик кўтарилиб чиққанини чол
ўз кўзлари билан кўрди. У энг катта ўроқдаи ҳам каттароқ бўлиб, қорамтир-мовий сув бетидан
нимсафсар тусга киргандек кўринарди. Балиқ яна бошқатдан шўнғиб кетди, аммо бу гал у қадар
чуқур тушмади. Унинг бутун алп сиёсат гавдасини чирмаб олган бинафша ранг тасмалари чолга
яп-яққол кўриниб турарди. Балиқнинг умуртқа қаноти шалпайиб тушган, жуда ҳам улкан
кўкрак сузғичлари бўлса кенг ёйилган эди.
Балиқ айланар экан, чол унинг кўзларини, шу кўзлар атрофида сузиб юрган икки кул ранг
елим балиқни кўрди. Ўқтин-ўқтин улар балиқнинг баданига зу-лукдек ёпишар, кейин
жонҳолатда ура қочишарди. Гоҳида эса йирик балиқнинг соясида ўйноқлаб сузишарди. Елим
балиқлардан ҳар бирининг бўйи уч футдан ошиқроқ келар эди. Улар сузаётганларида худди
илон балиққа ўхшаб, бор бўйлари билан биланглаб кетишарди.
Чолнинг юзидан энди фақат қуёш тафтидангина эмас, азбаройи зўриққанликдан ҳам тер
реза-реза бўлиб оқарди. Кўринишдан жуда сокин ва бамайлихотир доира ясаётган балиқнинг
ҳар янги айланишида чол борган сари кўпроқ чилвир йиғиб олар, яна икки айланишдан кейин
балиқ кўксига гарпун уражагига энди у амин бўлиб қолган эди.
«Аммо мен уни бундан ҳам яқинроқ олиб келишим керак, ҳа, яқинроқ,— деб ўйларди у.—
Мўлжалга ҳам бошини олмасдан, нақ юрагига уриш керак».
«Ўзингни бос, бардам бўл, чол»,— деди у ўзига ўзи.
Кейинги айланиш вақтида балиқнинг сирти сув юзасида кўринди, аммо у ҳали ҳам қайиқдан
анча нарида сузиб борарди. Балиқ яна бир марта айланиб чиқди, бироқ сув бетига боягидан кўра
сезиларлироқ чиқиб қолган бўлса-да, ҳамон ўша-ўша қайиқдан анча олисда эди. Чол чилвирни
яна бир оз тортқилаб олганида, ҳозир балиқни нақ бортнинг ёнгинасига келтириб қўйган
бўлишини биларди.
У гарпунни аллақачон шай қилиб қўйган эди; ингичка трос ўрами кажава саватда ётар,
унинг бир учи қайиқ бурнидаги илгакка маҳкамланган эди.
Беқиёс вазмин ва сулув бўлган бу балиқ доирасини ясаб, улкан қуйруғини билинар-
билинмас қимирлатиб яқинлашиб келарди. Чол уни қайиққа мумкин қа-дар яқинроқ олиб келиш
учун куйиб-пишиб чилвир тортарди. Бир муддат балиқ ёнбошига ағдарилиб қолди. Кейин у
ўзини ростлаб олди ва янгидан айланишга ўтди.
— Мен уни ўрнидан жилдирдим,— деди чол.— Нима бўлганда ҳам мен уни ағдарилишга
мажбур қилдим.
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |