www.ziyouz.com кутубхонаси
8
– Гапга келганда эҳ-ҳа, жуда чечан кўринади!
– Қўлида муҳр босилган қоғози бор-да, ҳамма гап шунда...
Бир кун адирдан тезак териб келаётганимизда, муаллим нима қилиб ўтирган экан деб
мактаб томонга бурилдик. Бу сарой илгари бир бойнинг отхонаси эди. Қиш-қировда қулунлаган
бияларни тойчоқлари билан шу ерда боқишарди. Совет ҳокимияти ўрнатилгандан кейин бой
қаёққадир қочиб кетди-ю, шу билан отхонаси бўш қолди. Бу ерга ҳеч ким оёқ босмай
қўйганидан атрофини ўт, тиканак босиб кетган эди. Энди қарасак, тиканаклар илдизи билан
суғуриб олиниб бир жойга уйиб қўйилибди, отхона ҳовлиси супуриб-сидирилибди. Ёмғир
ювиб, қулаб тушган деворлари лой билан шувалибди, эшикнинг шалоғи чиқиб осилиб қолган
ҳалқаси бир амаллаб эплаштириб яна қоқиб қўйилибди.
Бир оз дам олмоқчи бўлиб, бўйимиз тенг тезак қопларни ерга қўйиб тургандик, усти
бошига лой чапланган, енглари шимарилган Дуйшэн уйдан чиқиб келди-да, бизни кўриб,
юзидаги терларини артиб:
– Ҳа, яхши қизлар, келинглар. Тезак териб юрибсизларми? - деди.
Биз уялганимиздан чурқ этмай, бир-биримизга қараб, қоп тагида ўтирган еримиздан, ҳа,
дегандай бош силкиб қўйдик. Дуйшэн уялганимизни сезди-да, бизга далда бергандай жилмайиб
гап қотди:
– Қопларингиз ўзингиздан ҳам катта-я! Келганинглар яхши бўпти қизлар, бу мактабни
сизларга атаб очяпман. Мактабинглар ҳам тахт бўлиб қолди. Ҳозиргина бир бурчакка печкадай
қилиб ўчоқ ҳам қуриб қўйдим, ана, кўрдингларми, томдан мўриси ҳам чиқиб турибди! Энди
қишга ўтин ғамласак бўлгани, ўтиндан ғам емасак ҳам бўлади, далада нима кўп – қуврай кўп.
Ерга қалин похол тўшаймиз-да, ана ундан кейин ўқишимизни бошлаб юборамиз. Қалай, ўқишга
ҳавасинглар борми, мактабга қатнаб турасизларми?
Дугоналарим орасида ёши каттаси мен эдим, шу сабабдан жавоб беришга ботиниб:
– Келинойим юборса, қатнаб тураман, - дедим.
– Нега юбормас экан, уйга қамаб, устингдан қулф солиб қўярмиди? Исминг нима?
– Олтиной, - дедим, этагимнинг йиртиғидан кўриниб турган тиззамни кафтим билан
бекитиб.
– Олтиной – исминг ҳам ўзингга мос, чиройли экан. – У эркалатгандай жилмайиб қўйган
эди, дилим ҳам илигандай бўлди. – Олтиной, эсли қиз кўринасан, бошқа болаларни ҳам ўзингга
эргаштириб, мактабда ўқиймиз, деб олиб келгин, хўпми?
– Хўп, амаки.
– Мени оғай денглар. Мактабни кўрасизларми? Тортинмасдан кириб кўраверинглар.
– Йўқ, биз уйга кетамиз, - деб уялинқираб жавоб бердик.
– Майли бўлмаса, уй-уйингларга боринглар, бира-тўла ўқишга келганда кўрарсизлар. Мен
қоронғи тушгунча бориб яна бир оз янтоқ ўриб кела қолай.
Дуйшэн ўроқ, арқонларни олиб далага қараб кетди. У кетгандан кейин биз ҳам
қопларимизни орқалаб овул томон жўнаб қолдик. Тўсатдан калламга бир фикр келди:
– Ҳой, қизлар, - деб дугоналаримни тўхтатдим.– Келинглар, тезагимизни мактабга тўкиб
кетамиз, ҳар қалай қишга яраб қолар.
– Уйга қуруқ борамизми? Ақлингни еганмисан?!
– Бориб яна териб келамиз-да.
– Бе, кеч бўлиб қолди, уйда тоза сўкиш эшитамиз.
Шундай дейишди-да, ўртоқларим менга қарамасдан, қопларни кўтаришиб жўнаб қолишди.
Мен ўшанда нима важдан шундай қилганимга ҳали ҳам тузуккина ақлим етмай юради.
Қизлар гапимга кирмаганларидан изза бўлиб орим келдими ёки гўдаклик чоғимдан мен шўрлик
бирон ширин сўз эшитмай бир умр дакки еб, кўз ёшим ҳам қуриб қолганиданми, кўрмаган,
билмаган бир одам юрагимни илитиб: «Эс-ҳушли қиз экансан», деб эркалатиб айтган икки оғиз
Чингиз Айтматов. Биринчи муаллим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |