www.ziyouz.com кутубхонаси
7
қўлимизда, озодликка чиққанмиз! - деди кимдир.
Дуйшэннинг ранги бўздай оқариб кетди. Шинелининг илгакларини узиб юбораёзгандай,
чўнтагидан тўрт букланган қоғозни олиб шошилиб очди-да, ҳаммага кўрсатиб туриб зарда
билан гап бошлади:
– Сизлар ҳали болаларни ўқитиш керак, деб ёзилган бу қоғозга қаршимисизлар, бунга
Совет ҳукуматининг муҳри босилган-а! Сизларга ер-сув берган, сизларни озодликка чиқарган
ким ўзи, биласизларми?! Қани, Совет ҳукуматининг қонунига ким қарши? Қани айтсин, ким?!
«Қани ким» деб азбаройи бақириб айтган гапи сукунатда ётган куз ҳавосини ўқдай ёриб
ўтиб, акс-садоси қоя тошларга бориб урилгандай бўлди. Ҳамма ёқ сув қуйгандай жим, ҳамма
бошини эгиб турарди.
– Бизлар ўзи киммиз, камбағаллармиз, - деб энди Дуйшэн мулойимлик билан гап
бошлади.– Бизни умр бўйи хўрлаб, оёқ ости қилиб келишди, умримиз жоҳилликда ўтди. Совет
ҳукумати энди бизларга кўзи очилсин, хат-саводи чиқсин деяпти. Бунинг учун болаларни
ўқитишимиз керак...
Дуйшэн жавоб кутгандай жим турган эди, ҳалиги, сен қаёқдан мулла бўлиб қолдинг, деб
сўраган йиртиқ пўстинлик одам инсофга келгандай:
– Ҳа, майли, жуда бола ўқитгинг келиб қолган бўлса, ўқитавер, бизга нима...- деб қўйди.
– Лекин сизлардан илтимосим бор, - деди Дуйшэн,– менга ёрдам беринглар. Анув тепадаги
бойдан қолган отхонани тузатсак дейман, кўприк солиш керак, мактабга ўтин керак бўлади...
– Шошмай тур, ҳой йигит, - деб Сатимқул тажанг яна тирс этиб бир тупурди-да, бирон
нарсани нишонга олгандай, кўзларини қисиб туриб гап бошлади:
– Сен, йигитча дейман, мактаб очаман, деб мунча катта кетмасанг? Устингга кийишга
чопонинг йўқ, остингда минишга отинг, бир парча бўлса ҳам ҳайдаб қўйган еринг, қўрангга
боғлаб қўйган биронта молинг йўқ-ку! Сен, нима, от ўғирлаб кун кўрмоқчимисан?..
– Бир куним ўтар. Ҳукумат менга мояна тўлайди.
– Боядан бери қаёқда эдинг, шундоқ демайсанми?– Сатимқул гапни ўринлатиб, ўзидан-ўзи
рози бўлгандай, илжайиб эгар устида бир кеккайиб қўйди. – Гап бу ёқда экан, билдик энди.
Ундоғ бўлса, йигитча, билганингни қилиб, ҳукумат моянаси билан болаларни ўқитавер,
ҳукуматнинг хазинасида нима кўп, пул кўп. Бизни тинч қўй, ўз ташвишимиз ҳам бошимиздан
ошиб ётибди...
Сатимқул шу гапларни айтди-ю, отнинг бошини буриб жўнаб қолди. Унинг орқасидан
бошқалар ҳам тарқаб кетишди. Дуйшэн қоғозни қўлига ушлаганча, нима қилишини билмай
анчагача туриб қолди...
Мен Дуйшэнга ачиниб кўзимни узмай қараб қолган эканман, ёнимда ўтиб бораётган
амаким жеркиб:
– Ҳа, алвасти, сен нима қилиб юрибсан бу ерда, тур. Уйга бор! - деган эди, болаларнинг
орқасидан чопиб кетдим.– Буни қара, бу тирмизаклар ҳам йиғилишга суқуладиган одат
чиқаришибди-я!
Эртасига бир гала қизлар сувга кетаётганимизда йўлда Дуйшэнни кўрдик. У кетмон,
белкурак, болта кўтариб сувдан кечиб ўтиб кетди. Шу-шу ҳар куни азонда қора шинель кийган
Дуйшэн ёлғиз ўзи тепаликка, эгаси ташлаб кетган отхонага чиқиб, кечқурун алламаҳалда овулга
қайтиб тушарди. Гоҳо орқасига каттакон бир боғ янтоқ ёки похол ортиб чиқиб кетаётганини
кўрардик. Уни узоқдан кўрганлар узангига оёқ тираб, қўлларини соябон қилиб:
– Ҳой, анави тепаликда похол орқалаб кетаётган Дуйшэн муаллим эмасми! - деб
қизиқсиниб гаплашиб кетишарди.
– Ҳа, ўша!
– Вой, шўринг қурсин, муаллимлик ҳам осон эмас экан-ку...
– Бўлмасам-чи! Орқалаган юкини қара, бойнинг қароли ҳам мунча кўтармайди.
Чингиз Айтматов. Биринчи муаллим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |