www.ziyouz.com кутубхонаси
17
– Йиқитишди, гўрсўхталар! - деб чол бақириб юборди-да, қўлига таёқ олиб ўзини эшикка
қараб отган эди, шу чоқ итларнинг вовиллаган овози эшитилди. Кимдир қор ғажирлатиб дераза
ёнидан ўтди, тоқатсизлик билан эшикни тақ-тақ ура бошлади.
Уй ичига муздек булут ёпирилиб кирди. Булут тарқалганда қарасак, Дуйшэн турибди.
Юзида қони йўқ, оппоқ оқариб кетган, энтикиб, гандираклаб остонадан ўтиб, деворга келиб
суяниб қолди. Азбаройи ҳолдан кетгандан:
– Милтиқ! - деди зўрға.
Бизлар гапини англамагандай анграйиб турардик. Кўз олдимни қоронғилик босиб, чол-
кампирнинг:
– Қора қўй, оқ қўй садақа бошингдан! Баҳовиддин авлиё сени ўз паноҳида асрабди!
Сенмидинг, бўтам? - деган гаплари қулоғимга кирганини биламан.
– Милтиқ қани, милтиқ, ота? - деб Дуйшэн яна эшик томонга отилган эди.
– Милтиқ йўқ, нима бўлди, қаёққа борасан? - деб чолу кампир Дуйшэннинг бўйнига
осилишди.
– Сўйил борми?
– Сўйилни нима қиласан, ҳеч қаёққа бормайсан, эсинг жойидами, болам? Ким билан
тенглашмоқчисан, бизга ҳам раҳминг келсин, - деб икковлари ялиниб-ёлворишди.
Бирданига бутун авзойим шалайим бўлгандай секин бориб ўрнимга ётиб олдим.
– Улгуролмадим, ҳовлига етиб келувдим ҳамки, босиб олишди, - деб оғир хўрсиниб
қамчисини бурчакка ирғитди Дуншэн. – От йўлда келаётгандаёқ мадори қуриган эди, бўрилар
қувиб қолишди, овулга зўрға чопиб келди-ю, гуп этиб йиқилди, ўша замони ҳаммаси келиб
устига ёпирилишди.
– Худо ўзи сени бир асрабди! От кетса садқаи садаға, от йиқилмаганда сени ҳам омон
қўйишмасди, Авлиё Баҳовиддин қўллабди сени, охири бахайр бўлсин. Энди ечиниб ўтга
яқинроқ кел. Кел, этигингни тортиб қўяй, - деб Қартангбой ота суюнганидан Дуйшэнни қўярга
жой тополмай қолди.
– Ҳой, кампир, ниманг бор ейдиган, исит. Бир худо асрабди ўзингни, болам.
Улар оловга яқин бориб ўтиришди. Шундан кейин Қартангбой енгил тортиб хўрсиниб
қўйди:
– Ҳа, майли, пешонангда ёзилгани бўпти. Ўзинг ҳам мунча кеч йўлга чиқмасанг?
– Волкомда мажлис чўзилиб кетувди, ота. Партияга кирдим.
– Бу ишинг яхши бўпти. Шундоғ экан, эртага эрталаб кела қолсанг бўлмасмиди? Ахир,
сени биров елкангдан итариб, кет, демагандир?
– Болаларга бугун келаман деб ваъда берувдим, - деб жавоб қилди Дуйшэн, – эртага
эрталаб ўқишимизни бошлаймиз.
– Оббо, тентаг-э! Яна болаларим дейди-я! - деб Қартангбойнинг жаҳли чиқиб бир сапчиб
тушди: – Тавба, болаларга ваъда берувдим дейди-я! Шу мишиқиларни деб, худо кўрсатмасин,
бирон фалокатга учрасанг, унда нима бўларди? Нима деяпсан ўзинг, бир ўйлаб кўрсанг-чи?
– Буни мен муқаддас бурчим деб биламан, отахон. Бу-ку майлику-я, ҳар гал пиёда бориб,
пиёда келардим, бу сафар шайтон мени йўлдан оздириб, ёлғиз отингиздан ажратиб, бўриларга
хомталаш қилиб берганимни айтмайсизми...
– Бош-кўзингдан садақа, болам! Шу қирчанғи отни ҳам гапириб ўтирибсанми, - деб
Қартангбой киноя аралаш гапириб қўйди. – Бир умр пешонамга от битган эмас, бу ёғи ҳам бир
гап бўлар. Совет ҳукуматининг садағаси кетай, яна отлик бўлиб қоларман...
– Шундоғ десангиз-чи, чолим, - деди Сайқал кампир йиғламсираган овоз билан, – от
сендан айлансин... Овқатингни иссиғида ича қол, болам...
Жимлик чўкди. Бир оздан кейин Қартангбой хаёл суриб тезак чўғни титкилаб ўтириб:
– Қараб турсам, ўзинг эс-ҳушли йигитсан. Бу гўдак болаларни ўқитаман, деб ўзингни минг
Чингиз Айтматов. Биринчи муаллим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |