www.ziyouz.com kutubxonasi
66
мумкин эканлигини айтиб, унда ишонч ҳосил қилдим.
Шундай қилиб, Асал ва Самад, ўғлининг исми шундай экан, бизнинг йўл участкамизда
қолишди.
Ҳовлидаги қўшимча қурилган уйча совуқ эди, шунинг учун Асални ўғли билан менинг
хонамда яшашга кўндирдим, ўзим бўлсам ўша ҳужрага кўчиб ўтдим. Менга шу уйча ҳам
етарди.
Шу пайтдан бошлаб менинг ҳаётим ўзгариб кетди. Бир қарашда-ку, ҳеч нарса ўзгармагандек
кўринарди, ҳамон аввалгидек сўққабош эдим, аммо мен ўзимни яна инсон ҳис қила бошладим,
узоқ йиллик ёлғизликда совиган қалбим тағин илий бошлади. Мен энди якка ўзим яшамасдим...
Одамлар билан кишилар орасида яшаш, ишлаш, дўстлашиш, умум ишини адо этиш,
ёрдамлашиш ва ёрдам олиш нақадар яхши. Кунинг битиб, вақт-соатинг етиб ўлганингда ҳам
бошқалардан кам қилиб кўмишмайди... Аммо шунга қарамай, ҳаётнинг бир томони борки, уни
севгилингга бўлган меҳр-муҳаббатдан бўлак ҳеч нарса билан алмаштириб, тўлдириб бўлмайди...
Мен кичкинтойга жуда ўрганиб қолдим. Участкага айланиб чиққан пайтларда ҳам уни
иссиққина қилиб ўраб олиб, ўзим билан бирга кўтариб юрардим. Хуллас, бўш вақтимнинг
ҳаммасини у билан ўтказардим. Шу пайтгача қандай қилиб яшаб келганимни тасаввур эта
олмайман. Қўшниларим ҳам анча дуруст кишилар эди. Улар Асалга ҳам, Самадга ҳам меҳрибон
эдилар. Болани ким севмайди дейсиз. Асалнинг ўзини олсак дилкаш, самимий, очиқ кўнгилли
аёл, шунинг учун ҳам у участкадагилар билан тил топишиб, аралашиб-қуралашиб кетди.
Менинг эса кичкинтойга ҳам, Асалга ҳам меҳру муҳаббатим янада ошиб кетди. Болага меҳрим
онасига бўлган меҳр-муҳаббат билан пайваста эди. Ростини айтсам, ҳар қанча уринсам ҳам ҳис-
ҳаяжонларимни ўзимдан-ўзим яшира олмадим. Асални севиб қолган эдим. Бир умрга бутун
қалбим билан ёлғизликда ўтказилган ҳижронли йиллар, барча азоб-уқубатларим эвазига уни
беҳад севиб қолдим. Барча жудоликларим, ғам-ҳасратларим бу муҳаббатга мужассамлашган
эди. Аммо буни унга ошкор этишга ҳаққим йўқ эди. Асал ҳамон эрини кутарди. Кутишга узоқ
кутарди-ю, бироқ ҳеч сир бой бермасди. Биз йўлда ишлаётган кезларда унинг ҳар бир йўловчи
машинани интизор ва умидвор кўзлари билан кутиб олиши ва кузатиб қолишини кўпинча
сезардим. Баъзан ўғлини кўтариб йўл ёқасига чиқар ва у ерда неча соатлаб ўтирар эди. У кўрина
қолмасди. У ким ва қанақа одам эканлигини билмайман, буни сўрамасдим ҳам, Асал ҳам буни
ҳеч кимга сўзламасди.
Вақт ўтиб борарди. Самад ҳам улғайиб қолди. Оҳ, у жуда шўх, жажжи тойчоқ эдики,
билмайман, биров ўргатганми ёки ўрганганми, ҳарҳолда у мени дада, дея бошлади. Кўрдими,
бас: «Дада!» «Дада!» — деб бўйнимга осилади. Асал Самадга қараб ўйчан жилмайиб қўярди.
Мен бўлсам ҳам қувонардим, ҳам юрагим ўртаниб азоб чекардим. Унга ота бўлишга минг бор
рози эдиму, аммо нима ҳам қила олардим...
Ўша йили ёз кунларидан бирида биз йўл тузатаётган эдик. Машиналар бизни четлаб ўтиб
борарди. Асал қўққисдан шофёрлардан бирига қараб қичқирди:
—
Ҳей, Жонтой, тўхта!
Машина биздан бироз ўтди-ю, таққа тўхтади. Асал шофёр томон чопиб кетди. Уларнинг
нима ҳакда гапиришганларини билмадиму, аммо Асалнинг тўсатдан кабинага қараб қичқира
бошлаганини эшитиб қолдим:
—
Алдаяпсан! Ёлғон! Ишонмайман! Йўқол бу ердан! Ҳозироқ йўқол!
Машина йўлига равона бўлди. Асал эса йўлни кесиб ўтиб, уйга қараб отилди. Афтидан, у
йиғлаётган эди.
Латтадек бўшашиб, қўлим ишга бормай қолди. Ким бўлди у? Асалга нима деди? Шунга
ўхшаган шубҳа ва тахминлар қамраб олди мени. Чидаб тура олмай, уйга юрдим. Асал ўғли
билан уйда ўтирар эди. Ахири бўлмади, кечқурун унинг олдига кирдим.
—
Самад қани? Уни жуда соғиниб қолдим! — дедим мен.
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |