www.ziyouz.com kutubxonasi
24
аллақандай соддадиллик, гард юқмаган бир самимият бор экан...
Вой, тавба! Одам-деган ҳам бир йилда шунча ўзгарадими? У-ку ўзгарипти, ўсипти, бу-чи,
эри-чи? Ушанда ўта илғор, ўта замонавий кўринган, ҳатто энг дағал ҳазиллари, пардасиз
гаплари, ҳаёсиз қилиқлари ҳам йигитликнинг энг яхши белгилари бўлиб туюлган Бегимқул-чи?
Бегимқул қандай пайдо бўлди-ю, қачон унинг кўнглини ром қилиб олди — буни
Нилуфарнинг ўзиям билмасди. У худди офтоб чарақлаб турганда тўсатдан ёпирилиб келган
қора булутдай, ёзда, ҳеч ким кутмаган бир пайтда ёққан дўлдай кутилмаган бир маҳалда пайдо
бўлди. Фақат бир нарса эсида: техникумда Ҳикматиллонинг ўрнида патак сочлари ҳурпайган бу
ўктам, хушчақчақ танти йигит пайдо бўлганида, илгари кулиб юрган дугоналаригина эмас,
ҳатто Нилуфарга ошиқ курсдош йигитлар ҳам тўсатдан жимиб қолишди.
Илгариги «ойим супурги», «аравакаш», деган пичинглар ўрнига «чемпион!», «самбочи!» —
деган ҳайрат аралаш ваҳимали хитоблар эшитиладиган бўлди. Нилуфарнинг эсида бор: бу
хитоблар унинг дилида ҳам ҳайрат аралаш ғурур уйғотарди... Кейин... кейин Нилуфар ҳушини
йиғиб, бамайлихотир ўйлаб кўришгаям фурсати бўлмади. Хушчақчақ, ҳазилкаш чемпион
чемпиончасига иш тутди. Танишган кунидан бошлабоқ ҳар куни уни йўқлаб борадиган, ҳар
куни паркларга, киноларга, кафеларга бошлаб кирадиган, шиша тиқинларини пақиллатиб,
шампан деганни сувдай оқизадиган, уйларига пиёда эмас, таксиларда обориб қўядиган бўлди.
Кафе тугул кинога таклиф қилишга ийманадиган, таксиларда белидан қучиб ўгириш у ёқда
турсин, қўлидан ушлашга журъат қилолмайдиган Ҳикматиллодан кейин Бегимқулнинг бу
ҳатти-ҳаракатлари чинакам мардлик, чинакам йигитлик бўлиб туюлганди Нилуфарга!
Кейин... кейин Ҳикматилло армияга кетди. Кетганига бир ой ҳам ўтмади. Бир кун...
Бегимқул билан учрашиш учун техникумдан барвақтроқ қайтган Нилуфар дарвозалари олдида
қатор турган иккита оқ «Волга»ни кўрди. Худди оқ қушлардай ҳеч бир жойига гард юқмаган бу
оқ «Волга»ларда Бегимқулнинг отаси юборган андижонлик совчилар келганди!
Нилуфар оқ «Волга»ларнинг қудратини ўшанда, йўқ, сал кейинроқ, маҳаллада кўтарилган
шов-шувни эшитганида билди.
Рост, дадаси бечора «синамаган тойнинг сиртмоғига илиниб қолмайлик, қудалар ким,
қандай одамлар, олдин сўраб-суриштириб кўрайлик», деди. Лекин ойиси...
Ойиси бир маҳаллар туппа-тузук ташкилотларда раҳбарлик қилган, лекин бир-икки йил
олдин нимадандир қоқилиб, попуги пасайиб қолган, шу-шу ўзиям қийналиб, оддий музика
ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган дадасини ҳам қийнаб қўйган эди. Шунинг учунми, ё бошқа
сабабданми, эшикларига қўш «Волга»лик совчилар келиши ойисининг тушкун руҳига бошқача
таъсир этди...
Йўқ, Нилуфар айбни ойисига тўнкамасаям бўлади. Бегимқулнинг... мардлигига,
сахийлигига, совчилар келган бу оқ «Волга»ларга ойисидан аввал унинг ўзи учмаганмиди?
Тўйдан бир ҳафта олдин Бегимқул Нилуфарни шу уйга бошлаб келганида ва у жиҳозга тўла бу
хоналарни, ердаги қип-қизил гиламлар, ҳали ғилофдан чиқарилмаган анави сервантлар,
холодильниклар, тўрда турган рангли телевизорларни кўрганида ёш боладай севиниб,
қимматбаҳо буюмларни қўллари билан силаб-сийпаб кўрмаганмиди? Хонадан хонага ўтиб,
ошхонаю ванналарга кириб, завқланмаган ҳаёти ҳақида ўйлаб, бетоқат тўлғаниб чиқмаганмиди?
Энди қайси юз, қайси виждон билан айбни ойисига тўнкамоқчи бўлади?..
Эсида бор, ўшанда, Бегимқул уни бошлаб келиб, мана шу хоналарни кўрсатганида, Нилуфар
кулиб:
— Ҳаммаси яхши-ю, фақат... қандилингиз ярашмаяпти! — деб кулган эди. Чиндан ҳам
ўшанда меҳмонхонанинг шифтига қўполроқ ясалган уч шамлик жўнгина мис қандил осилган
эди. Лекин Нилуфар бундан ранжигани учун эмас, шунчаки ҳазиллашиб айтган эди. Унинг
гапига Бегимқул ҳам ҳазиллашиб:
— Сиздай санамга ёқмаса ёқадиганини оламизда, акаси ўргилсин! — деб жавоб берди.
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |