www.ziyouz.com kutubxonasi
20
гармонь, ҳуштак, нағал қоқилган этиклар дукури, ликопчадеккина митти чилдирмачаларининг
даранг-дурунгидан олам ларзага келган, текин томоша авжида эди!..
Ҳикматиллони кузатиб чиққан дўстлари, қўярда-қўймай вокзалда унгаям жиндай мусаллас
ичиришган, у ҳам ширакайф эди. Ширакайф ҳолда ўша таниш лўли йигитлар даврасига тушди.
Улар Ҳикматиллони хушнуд қийқириқ билан кутиб олишди. Боя эрталаб майдонга кузатиб
чиққан шўх йигитча эса, тор вагонда чарх уриб, ўзи чилдирма чалиб, ўзи рақс тушаётган, қават-
қават қизил кўйлагининг ўтовдек этакларини гир айлантириб, қизил гулдор рўмолини ҳавода
ҳилпиратиб ер депсинган қайнисинглисини унга берадиган, тўйни Саратовда қиладиган бўлиб,
уст-устига икки пиёла шароб қуйди. Ҳикматилло ичмаган эди, пиёлани қиз олди ва унга таъзим
қилиб:
— Ол, сержант! — деди, кўзлари ёниб. — Юрагингда ёдинг бўлмаса қайтариб бер — ўзим
ичаман!
Лўли йигит эса ўрнидан сакраб турди.
— Буни ичсам, мен ҳам бир шишага қарз бўламан, деб қўрқма! Фолбинлик қилиб пул
топадиган ипринди-сипринди лўлилардан эмасмиз бизлар! От жаллоби дейдилар бизларни! Пул
керак бўлса мана! — лўли йигит дўппайиб турган ён чўнтагидан бир даста пул олиб, ҳавога
отиб юборди-ю, ерга сочилган қоғоз пулларни босиб, ер депсиниб ўйнай кетди:
Эй, лалу-лалу, ла!
Лалу, лалу!
Оҳ, қора тунлар,
Лўлининг
Бахт тунлари,
Лалу!
Қанча пул керак бўлса ол, сержант! Аспи жаллоб дейдилар бизни!..
Ҳикматилло ноилож узатилган пиёлани бўшатиб берди, қизил рўмолчасини боши узра
ҳилпиратиб, қизил этикчаси билан полни тешворгудек депсиниб рақс тушаётган жононга уч сўм
пул қистирди, сўнг боши гир-гир айлана бошлаганини сезди-да, иккинчи қаватта чиқиб
чўзилди...
Пул чўт эмас, аспи жаллоб бўлган аблаҳ! Пулни ерга сочиб, рақс тушади-ю, донг қотиб
ухлаётган одамнинг чўнтагига қўл солади! Яна чамадонини кўтаришиб чиққанини,
қайнисинглисини бермоқчи бўлганини айтмайсизми? Йўқ, айб унинг ўзида! Ким унга лўли
тутган шаробни ол деди? Ким донг қотиб ухла деди? Энди нима қилади? Кимдан пул сўрайди?
Ойисига телеграмма бериш тўғрисида гап бўлишиям мумкин эмас. Бусиз ҳам ўлим доғида
жизғанак бўлиб ўтирган онаизорига бу гапни айтиб адойи тамом қиладими? Лекин вақт зиқ.
Эртага учиши шарт!..
Ҳикматилло чўнтакларини яна бир бор шап-шап ушлаб чиқди-да, юраги музлаб:
— Бегимқул! — деб юборди.
Эшикда, бўйнига галстук боғлаётган Бегимқул кўринди.
— Ҳа, нима қилди?
— Бу ёққа қара... эшикни ёп!
— Нима гап? Тинчликми?
— Тинчлик. Пулимни олдириб қўйибман...
— Нима? — деди Бегимқул, галстугини боғлашдан тўхтаб. — Пулимни олдириб қўйдим?
Қанақа қилиб?..
— Ҳа, шу... кечаси поездда... бир вагон лўлилар орасига тушувдим. Ўшалар олдими,
бошқами, билмадим, ишқилиб, пулим йўқ. Ҳозир билетга чиқамиз деб, чўнтагимни пайпаслаб
кўрсам... йўқ! Ҳужжатларим турипти-ю, пулим йўқ!
— Латта! — деди Бегимқул! — Ёш боладай лўлига пулини олдириб ўтирса! Неча сўм эди?
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |