www.ziyouz.com kutubxonasi
27
ётоқхонага чиқди. Хонада ҳамон тўшаклар йиғилмаган, шкафдаги кийимлар ерга сочилган,
ҳамма ёқ алғов-далғов бўлиб ётарди. Лекин Нилуфар бунга эътибор ҳам бермади, у шкафнинг
пастки қутисини шарақлатиб очиб, тахлаб қўйилган майда-чуйдаларни титкилаб кетди. Ҳа, бир
кийим атласнинг орасига қўйган уч юз эллик сўм пул қандай қўйган бўлса шундай турарди.
Нилуфар пулни олиб сумкасига солди, сўнг негадир нақшинкор ёғоч қутичани очиб, зеби-
зийнатларини титкилай кетди! Лекин шу пайт эшик тарақлаб очилганини эшитиб, чўчиб
ўрнидан турди.
— Шўттамисан, Нилу?
Остонада пайдо бўлган Бегимқул бир Нилуфарга, бир бетартиб сочилиб ётган буюмларга
қаради.
— Нима қиляпсан?
— Шу... ўзим... — деди Нилуфар.
— Буларни қўйиб тур, жонгинам. Меҳмон келди. Кутиб ол!
— Қанақа меҳмон?
— Бош инженеримиз! — Бегимқул кўзини ғалати қисиб жилмайди. — Далага бирга
чиқмоқчи эдигу, чиқмаганимиздан кейин... уйга таклиф қилдим. Сен билан танишмоқчи...
— Мен билан танишиб нима қилади?
— Қизиқмисан? Мен ўзим айтдим. Хотиним билан танишиб қўйинг, борди-келди қилайлик,
дедим! — Бегимқул унга қандайдир ёпишмаган бир хушомадгўйлик билан яна ишшайди. —
Уйда ҳамма нарса гатопми?
У гапини тугатмаган ҳам эди, ташқи эшик тиқирлаб:
— Мумкинми? — деган овоз эшитилди.
— Ана, келдилар. Бўла қол, жонгинам! — Бегимқул яна кўзини қисиб кулди-да, эшикни
ёпди. — Э-э... келсинлар, келсинлар. Қадамларига ҳасанот! Йўқ, йўқ, ечманг-ечманг. Мана,
латта! Артиб ўтаверинг! Қани, марҳамат...
— Хўжайка кўринмайдилар?
— Хўжайка... хотинларни биласиз-ку: пардоз-андоз, ясан-тусан, ха-ха-ха... Қани, бу ёққа...
Нилуфар бирдан юраги гурс-гурс уриб эшикни товушсизгина очди, даҳлизда ҳеч ким
йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, юраги қинидан чиққудек бўлиб, ўзини оҳиста ташқарига олди...
6
Ая эшикда пайдо бўлган Ҳикматиллони кўриб, анграйиб қолди.
— Сенга нима бўлди, болажоним? Тинчликми?
— Чамадоним қания, ая?..
— Кенжатойнинг уйида. Нима қилди? Тинчликми ўзи?
— Тинчлик, ая, тинчлик.
Ҳикматилло кенжатойнинг хонасига кириб, чамадонни каравот тагидан суғуриб олди.
Чамадоннинг қулфи йўқ, қоқ белидан йўғон тасма билан чандиб қўйилган эди. Ҳикматилло
тасмани ечиб, чамадонни очди, олма-анор устига тахланган кийим-кечакларини титиб,
чўнтакларини ковлаб чиқди. Пул йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас эди!
Ая унинг қўлидан ушлади.
— Ҳой, оғзингга талқон солдингми, сўйлоқ! Айтсанг-чи!
— Йўқ, шунчаки... бир нарсани қидирдим, аяжон...
— Рангингда ранг йўқ... Аяжонингдан яширмай қўя қол, айланиб кетай!..
Ҳикматилло чамадонни ёпиб, ўрнидан турди, хижолат чекиб пешонасини ишқади.
— Йўл кира пулимни йўқотиб қўйибман, ая...
Аянинг серажин юзидаги, киртайган кўзларидаги саросима норозилик билан алмашди.
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |