Яроқсиз маҳсулот – бу стандарт талабларга жавоб бермайдиган, технология шартларига мос келмайдиган, яроқсизлиги туфайли бевосита ундан фойдаланиш мумкин бўлмаган маҳсулотдир. Яроқсизлик тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин. Қисман яроқсиз маҳсулотдан у қайта ишлаб чиқилганидан (тузатилганидан) кейин бевосита фойдаланиш мумкин бўлади. Агар маҳсулотдан фойдаланиб бўлмаса ва унга кўп сарф-харажатни талаб қилганлиги боис қўшимча ишлов бериб бўлмаса, у тўлиқ яроқсиз маҳсулот ҳисобланади.
Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун камайтирилган ишбай баҳолар бўйича ҳақ тўланади, бундай баҳолар жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот ва бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди.
Бекор туриб қолинган вақт – иш вақти ҳисобланган муддатда ходимга боғлиқ бўлмаган ҳолда объектив асослар мавжуд бўлганда содир бўладиган мажбурий танаффуслар бўлиб, мазкур вақтда ходимлар иш жойида бўладилар, бироқ ишлаб чиқариш жараёнида қатнашмайдилар.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 160-моддасида бир неча касб (лавозим)да ишлаганлик, ўриндошлик асосида ишлаганлик учун, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги учун ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Меҳнатга ҳақ тўлашда унинг муддати ва жойи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин. Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади. Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.
Ходимларга иш ҳақи, одатда, улар ишлаётган жойда тўланади.
Меҳнат қонунчилигида белгиланган қоидага кўра меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйилади. Меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш деганда, ходимга ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақидан иш берувчи ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари асосида манфаатдор шахслар фойдасига ушлаб қолиш тушунилади. Умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади:
1) Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;
2) суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;
3) иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун;
4) ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун;
5) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса;
6) интизомий жазо бўлган жаримани ундириш учун.
Меҳнат қонунчлиги иш ҳақи тўлаш жойи, муддатлари ва тартибини қатъий белгилаб қўяр экан, ушбу йўл билан ходимлар ҳуқуқларини кафолатлайди ва иш ҳақига бўлган ҳуқуқлари реал амалга оширилиши учун зарур ҳуқуқий кафолатларни яратади.
Иш ҳақи тўлаш тартиблари ва муддатлари ҳамда иш ҳақидан ушлаб қолишни чеклашга оид қонун талаблари мулкчилик ва хўжалик шаклидан қатъи назар, барча корхона, муассаса ва ташкилотлар учун мажбурий бўлиб, бу талаблар бузилиши меҳнат қонун ҳужжатлари бузилиши сифатида баҳоланиб, айбдор мансабдор шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортиладилар.
Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, меҳнат ҳақи шу кун арафасида тўланади.
Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг аниқ муддатлари тегишли тижорат банк муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда корхона жамоа шартномасида кўзда тутилади.
Иш ҳақи ходимга одатда пул шаклида тўланиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартда қабул қилган “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар ходимларига иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида 2002 йил 1 апрелдан бошлаб мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотларнинг иш ҳақини товарлар билан натура шаклида тўлаши тақиқланди. Истисно тариқасда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган ва қайта ишланган, ходимларнинг ёзма аризасига кўра шартномавий нархларда бериладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно эканлиги назарда тутилди.
Ходим вафот этган ҳолда у вафот этган кунга қадар олинмаган иш ҳақи унинг оила аъзоларига, шунингдек меҳнатга қобилиятсизлиги туфайли вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган шахсларга берилади.
Иш ҳақи, одатда, ходим ишлаётган жойда тўланади. Яъни иш объекти корхона идораси (кассаси) жойлашган ердан бошқа жойда бўлган ҳолларда иш берувчи иш ҳақини иш участкасида берилишини ташкил қилишга мажбурдир ва ходимлар ортиқча чиқимдор бўлмасликлари лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва унинг асосида қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатлари халқаро стандартларга мос равишда ходимлар ҳуқуқларини улар ўзларига боғлиқ бўлмаган тарзда ўз хизмат вазифаларини бажара олмаганлари тақдирда, шунингдек иш манфаатлари йўлида чиқимдор бўлган ҳолларда моддий манфаатлари таъминланишини кафолатлайди.
Ходимлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўз хизмат вазифаларини бажариш ўрнига иш берувчи томонидан, тегишли ҳолларда эса ваколатли давлат ёки жамоат органлари томонидан бошқа вазифаларни бажаришга жалб этилганлари тақдирда уларнинг вазифа(лавозим)лар ҳамда иш ҳақлари сақланиб қолиши қонун билан олдиндан кафолатланади.
Иш ҳақи ва вазифаси сақланиб қолиши ҳақидаги қонун талаблари барча турдаги иш берувчилар учун мажбурий кучга эгадир.
Компенсация тўловлари деганда, ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ равишда ўз ҳисобидан қилинган харажатларни иш берувчи тўлиқ қоплаб бериши назарда тутилади.
Компенсация тўловлари бериш тартиб-қоидалари ва шартлари қонун билан белгилаб қўйилган бўлиб, бу қоидалар корхонанинг локал меъёрий ҳужжатларида қонундагидан ходим учун афзал тарзда аниқлаштириб қўйилиши мумкин.
Меҳнат қонунчилигида ходим учун кафолатли ва компенсация тўловлари берилишини назарда тутилганлиги ходим ва унинг оила аъзолари моддий манфаатлари ҳимоя қилинишга, уларнинг турмуш даражаси пасайиб кетишига йўл қўймасликка ҳамда ижтимоий меҳнат муносабатлари чоғида ижтимоий адолатни қарор топтиришга қаратилган инсонпарвар тадбирдан иборатдир.
Кафолатли тўловлар бериш асослари ва тартиби
Юқорида қайд этилганидек, кафолатли тўловлар деганда ходим ўз хизмат вазифаларидан бошқа ишларни бажаришга қонун ҳужжатларига мувофиқ жалб этилганида унинг ўртача иш ҳақини сақланиб қолишидан иборатдир.
Меҳнат кодекси ва тегишли қонун ҳужжатларига кўра ходимнинг ўз вазифасидан вақтинча озод этилиб, бошқа вазифаларни бажариши ва бу вақт учун унинг ўртасида иш ҳақи сақланиб қолиш асослари турлича бўлиб, улар қуйидагича таснифланиши мумкин:
1) давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётган вақтида бериладиган кафолатлар;
2) иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш вақтида бериладиган кафолатлар;
3) жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда бериладиган кафолатлар.
Кафолатли тўловларни бериш асослари ва тартиби Меҳнат кодексида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажаришлари, шунингдек, уларнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатларни амалга оширишлари билан боғлиқ кафолатли тўловларни бериш ТАРТИБИ” билан белгилаб қўйилган.
Ушбу Тартибга мувофиқ ходимлар томонидан давлат ёки жамият манфаатларига доир бажариладиган вазифалар деганда, улар томонидан сайлов ҳуқуқини амалга ошириш; депутатлик ва сенаторлик вазифаларини бажариш; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Конституциявий ҳуқуқларга ва инсон эркинлигига риоя қилиш комиссияси фаолиятида қатнашиш; тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси ишида иштирок этиш; ҳарбий бурчни бажариш; суриштирув органларига, терговчи, прокурор ҳузурига, судга гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон, ҳолислар тариқасида (чақириқ бўйича) бориш; халқ маслаҳатчилари, жамоат айбловчилари ва жамоат ҳимоячилари, жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоалари вакиллари сифатида суд мажлисларида, шунингдек қонун билан назарда тутилган бошқа ҳолларда иштирок этиш кабилар назарда тутилади.
Улар давлат ёки жамият манфаатларига доир вазифаларга жалб этилганларида қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган муддатлар давомида иш жойлари (лавозимлари) ҳамда ўртача иш ҳақлари сақланиб қолади. Ушбу вазифаларни бажариш учун ходимларни жалб этилиши асослари, тартиби ва шартлари тегишли махсус қонунлар билан ҳам назарда тутилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 75-моддасига кўра жабрланувчи ёки унинг вакили, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ёки холис сифатида чақирилган шахснинг иш жойидаги ўртача ойлик маоши унинг суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ҳузурига чақирилиши муносабати билан кетган ҳамма вақт учун сақланади. Бунда суриштирувчи шахс, терговчи, прокурор ёки суд томонидан берилган чақирув қоғози иш ҳақи сақланишига асос бўлади.
Иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш вақтида бериладиган кафолатлар. Меҳнат кодексининг 166-моддасига биноан иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш (малака ошириш, рационализаторлик таклифларини жорий этиш ишида қатнашиш, хизмат сафарида бўлиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа ҳолларда) мақсадида ходимни ишдан озод этиш шартлари, шунингдек ана шу давр учун тўланадиган кафолатли тўловлар миқдори жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, лекин бу тўлов миқдори ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларга, уларнинг ишга яроқлилигини аниқлаш мақсадида стационар тиббий муассасаларда текширувдан ўтадиган даври учун Меҳнат кодексининг 166-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар берилади.
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларга, уларнинг ишга яроқлилигини аниқлаш мақсадида стационар тиббий муассасаларда текширувдан ўтадиган даври учун ҳам юқоридаги кафолатлар берилади. Корхона жамоа шартномаси ёки иш берувчи ходимлар вакиллик органи билан келишиб қабул қилган бошқа локал ҳужжатларда иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш учун қонундагидан афзалроқ кафолатлар берилиши назарда тутиб қўйилиши мумкин.
Ходимлар томонидан жамият манфаатлари йўлида қилинадиган ҳаракатлар жумласига авариялар, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш; инсон ҳаётини сақлаб қолиш; қуйиш учун қон топшириш ва бошқа ҳоллар киритилиши мумкин.
Тиббий текширувдан ўтадиган куни ва қуйиш учун қон топширадиган куни ходимларга соғлиқни сақлаш муассасаларига боришларига иш берувчи монеликсиз рухсат бериши шарт.
Донорлик қилувчи ходимларга ҳар сафар қуйиш учун қон топширган куннинг албатта эртасига дам олиш учун бир кун берилади. Ходимнинг хоҳишига кўра бу кун таътилга қўшиб берилади. Текширувдан ўтадиган ва қуйиш учун қон топширадиган куни ишдан озод этилган давр учун, шунингдек дам олиш кунлари ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.
Давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш вақтида (қонун билан белгиланган ёки тегишли органнинг чақириқ қоғозида, хабарномасида кўрсатилган вақтда) иш берувчи ходимнинг иш жойи (лавозими)ни сақлаган ҳолда уни ишдан озод қилиши шарт.
Ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек унинг жамият манфаатларига доир қилаётган ҳаракатлари вақтида ушбу вазифаларни бажариш учун қонун билан белгиланган вақтдаги ёки тегишли орган томонидан берилган маълумотномада кўрсатиб ўтилган муддатдаги лимитга мувофиқ ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |