1-МАВЗУ: ПСИХОЛОГИЯ НАЗАРИЯСИ ВА ТАРИХИ МОДУЛИНИНГ ПРЕДМЕТИ, МАКСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
Мавзунинг қисқача мазмуни
Психология назарияси ва тарихи модулининг предмети ва инсон фаолиятида тутган ўрни. Модулнинг предмети, мақсади ва вазифалари ҳамда принциплари.
Психология назарияси ва тарихи фанининг қисқача тарихи. Психологиянинг шаклланиш тарихи ва ривожланиш босқичлари. Қадимги дунё ва ўрта аср файласуф ва мутафаккирларининг психология илми тўғрисидаги тушунчалари. Дунё ва рус олимларининг Психология назарияси ва тарихи модулиига қўшган ҳиссалари.
1. Психология назарияси ва тарихи модулиининг предмети ва унинг инсон фаолиятида тутган ўрни
Психология юнонча psychelogos сўзи “жон”, “руҳ” ҳақидаги фан, таълимот деган маънони англатсада, аммо ҳозирги даврда “жон” тушунчаси ўрнига “психика” қўлланилиб келинмоқда. “Психика” тушунчаси бугунги кунда “жон”дан кенгроқ кўламга эга бўлиб, ҳам кўзга кўринувчи, ҳам кўзга кўринмовчи томонларини ўзида акс эттиради. Психиканинг таркибий қисмлари бўлмиш фаолият, хулқ, муомала яққол намоён бўлиш хусусиятига эга бўлса, билиш жараёнлари, психик ҳолатлар, ички кечинмалар, ижодий режалар, илмий фаразлар эса мияда мужассамлашгани учун улар кўзга кўринмайди. Психология назарияси ва тарихи модулиининг кейинги даврдаги тараққиёти улар ўртасида бир талай тафовутларни келтириб чиқарди.
Демак, психологиянинг предметини ҳар биримизнинг ташқи оламни ва ўз-ўзимизни билишимизнинг асосида ётган жараёнлар, ҳодисалар, ҳолатлар ва шаклланган хислатлар ташкил этади. Психология бўйича адабиётларда унинг предметини қисқача қилиб, психикадир, деб таърифлашади.
Психика юксак даражада ташкил топган материянинг хусусияти ва миянинг маҳсули бўлиб, у борлиқнинг сезги органлари орқали инсоннинг миясига бевосита таъсир этиши асосида вужудга келиб, билиш жараёнларида, шахснинг хусусияти ва ҳолатларида, диққати, ҳис-туйғулари, характер хислатларида, қизиқиши ҳамда эҳтиёжларида ўз ифодасини топади.
Психиканинг негизида миянинг рефлектор фаолияти ётиб, ташқи дунёдан кириб келадиган қўзғатувчиларга ички ёки ташқи биологик органлар жавоб реакциясини билдиради. Бош мия катта ярим шарларида вужудга келадиган муваққат нерв боғланишлари психик ҳодисаларнинг физиологик асослари ҳисобланиб, улар ташқи таъсирнинг натижасида ҳосил бўлади. Миянинг функцияси психофизиологик қонуниятларга биноан муваққат нерв боғланишларининг бирлашиш механизми ҳамда анализаторлар фаолияти механизмлари таъсирида ҳосил бўлади.
Психикани тадқиқ этиш деганда инсоннинг бутун онгли фаолиятини – унинг ҳам назарий, ҳам амалий ҳаёт фаолиятини ўрганиш тушунилади. Одамнинг онглилиги унинг турли-туман фаолиятида, хатти-ҳаракатларида намоён бўлиб, унинг шахси ҳар хил шакл ва мазмунга эга бўлган назарий ҳамда амалий фаолиятларда таркиб топади. Бунда муҳит, ирсий белгилар, ижтимоий таъсир асосий омиллар ҳисобланади.
Инсон ўзи яшаб турган даврни, моддий турмушни акс эттиради, ижтимоий-сиёсий муҳит таъсири остида билимларни ўзлаштирган ҳолда ижтимоийлашади. Шунингдек, ижтимоий муҳитда унинг ҳис-туйғулари, характери, қобилияти, иқтидори, тафаккури, эҳтиёжлари, эътиқоди, уни фаолликка даъват қилувчи ҳаракат мотивлари, истаклари, тилаклари, хоҳишлари аста-секин ўзгариб боради.
Психиканинг турли шаклларда кўриниши, жумладан, психик жараёнлар, англанилмаган ҳолатлар, хулқ-атвор, психосоматик (юнонча psyche “жон” somo “тана” маъносини англатади) ҳодисалар, инсон ақл-заковати ва қўлининг мўъжизакорлиги моддий ва маънавий маданият маҳсулини яратди. Ҳар қандай фактларда (воқеликда), ҳодисаларда психика намоён бўлиб, ўзининг хусусиятларини ажратади ва фақат улар орқалигина психикани ўрганиш мумкин бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |