2. Жамоа шартномасининг тарафлари.
Жамоа шартномаси ижтимоий шерикчиликка оид меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив ҳужжат сифатида мулкчилик шакли, хўжалик юритиш усули, қайси тармоққа мансублигидан қатъи назар, барча турдаги корхона ва ташкилотларда тузилиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 36-моддасига кўра, жамоа шартномаси, бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади.
Юқоридаги норма жамоа шартномаси икки тараф: иш берувчи ҳамда ходимлар вакиллик органлари ўртасида тузилишини назарда тутади. Модда мазмунига кўра корхоналарнинг корхона жойлашган ҳудуддан бошқа ҳудудда фаолият юритувчи филиаллари ва бошқа таркибий қисмлари ҳам иш берувчи томонидан берилган ваколат асосида (бош корхона иш берувчисининг филиал раҳбарига берган ваколатига кўра) жамоа шартномаси тузиши мумкин саналади.
Меҳнат қонунчилиги (Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнатга оид қонун ҳужжатлари, касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари) жамоа шартномаси тарафларининг шартнома иштирокчиси сифатидаги юридик мақомини (ваколатлари ва мажбуриятларини) белгилаб беради.
Жамоа шартномаси — корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир.
Жамоа шартномаси тузилиш тартиби ҳамда унинг мазмуни
3.Иш берувчи билан жамоа шартномасини тузиш зарурлиги ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқи касаба уюшмаси ўз вакиллик органи орқали, ходимлар томонидан ваколат берилган бошқа вакиллик органига ёки бевосита меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси)га берилгандир.
Жамоа шартномалари корхоналарда, уларнинг юридик шахс ҳуқуқи берилган таркибий бўлинмаларида тузилади.
Меҳнат кодексининг 31-моддасига кўра ҳар қайси тараф жамоа шартномаси, келишувини тузиш ва ўзгартириш юзасидан музокаралар олиб бориш ташаббуси билан чиқишга ҳақлидир.
Касаба уюшмаси, ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўзларини вакил қилган ходимлар номидан музокаралар олиб бориш, жамоа шартномасига, келишувига ўзларини вакил қилган ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи иловалар таклиф этиш ва уларни имзолашга ҳақлидир.
Жамоа шартномасини, тузиш, ўзгартириш ва тўлдириш учун иш берувчи, иш берувчилар бирлашмаси (уларнинг вакиллари) билан касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари ўртасида музокаралар олиб борилади. Зарур ҳолларда музокараларда ижро этувчи ҳокимият органлари иштирок этадилар. Иш берувчилар, ижро этувчи ҳокимият органлари касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари кўриб чиқиш учун таклиф этган меҳнатга оид ва ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан музокаралар олиб боришга мажбурдирлар.
Тегишли ёзма хабар олган тараф етти кунлик муҳлат ичида музокараларга киришиши шарт.
Аввалги жамоа шартномаси, келишувининг амал қилиш муддати тугашига қадар уч ой мобайнида ёки бу ҳужжатлар билан белгилаб қўйилган муддатда ҳар қайси тараф бошқа тарафга янги жамоа шартномасини, келишувини тузиш юзасидан музокаралар бошлаш тўғрисида ёзма хабар беришга ҳақлидир..
Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишини тарафлар белгилайди.
Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:
меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;
нархларнинг ўзгариб бориши, инфляция даражаси, жамоа шартномаси билан белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишига қараб меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;
ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиб олиш шартлари;
иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари;
ходимларнинг, шу жумладан аёллар ҳамда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экология жиҳатидан хавфсизликни таъминлаш;
корхонани ва идорага қарашли турар жойни хусусийлаштириш вақтида ходимларнинг манфаатларига риоя қилиш;
ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар;
ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта;
иш берувчи томонидан ўз ходимларининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;
жамоа шартномасининг бажарилишини текшириб бориш, тарафларнинг жавобгарлиги, ижтимоий шериклик, касаба уюшмалари, ходимларнинг бошқа вакиллик органларига фаолият кўрсатиш учун тегишли шароит яратиб бериш.
Do'stlaringiz bilan baham: |