Назорат учун саволлар
Асосий фондлар нима ва уларнинг кенгайтирилган ишлаб чиқаришдаги роли қандай?
Асосий ишлаб чиқариш фондлари тузилмаси деганда нима тушунилади ҳамда уларнинг саноат тармоқлари бўйича фарқланишига нима сабаб бўлади?
Замонавий амортизация сиёсатнинг моҳияти ва аҳамияти нимада?
Асосий ишлаб чиқариш фондларидан фойдаланишнинг экстенсив ва интенсив кўрсаткичлари қандай?
Корхона ва саноат тармоғини ишлаб чиқариш қувватларини ҳисоблаш усули, тури ва тушунчалари қандай?
Замонавий шароитларда асосий фондлар ва корхона ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишни яхшилашнинг қандай йўналишлари мавжуд?
X.БОБ. ҚУРИЛИШ КОРХОНАНИНГ АЙЛАНМА МАБЛҒЛАРНИ ШАКИЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ КЎРСАТКИЧИ
1. Айланма маблағлар тушунчаси, иқтисодий табиати ва уларнинг корхона фаолиятидаги аҳамияти
Корхоналар ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил қилишда меҳнат қуроллари (асосий фондлар) ва ишчи кучидан ташқари, айланма маблағларга ҳам эга бўлишлари зарур. Айланма маблағлар ишлаб чиқаришнинг айланма фондлари ва муомала фондларини ташкил қилишга мўлжалланган пул маблағларидан иборат. Айланма маблағлар, қоидага кўра, корхонанинг ҳисоб рақамида нақд пул кўринишида жамғарилади. Ҳар бир корхонанинг айланма маблағлари асосий фондларнинг техник ҳолати ва маҳсулот ишлаб чиқариш дастури билан боғлиқ. Корхона қанчалик катта ва унинг ишлаб чиқараётган маҳсулотлари турлари кўп бўлса, айланма маблағлар шунчалик кўп талаб қилинади. Айланма маблағлар ишлаб чиқариш ва унинг узлуксизлигини таъминлашнинг моддий асоси ҳисобланади.
“Айланма маблағлар” атамасидан ташқари “айланма капитал” ибораси ҳам кўп қўлланилиб, асосан иқтисодий назария ва хўжалик юритишнинг хорижий тажрибасидан олинади. Моҳиятига кўра, айланма капитал корхона ишлаб чиқариш капиталининг бир қисми бўлиб, унинг қиймати ишлаб чиқаришнинг ҳар бир циклида ишлаб чиқарилган маҳсулотга ўтказилади ҳамда ушбу товарни сотгандан сўнг корхонага қайтарилади. Айланма капитал кўпинча корхонанинг пул маблағлари ҳисобланувчи ёки ишлаб чиқариш жараёнида пул маблағларига айлантирилувчи ҳаракатчан активлари қаторига киритилади.
Иқтисодий табиати, бажарувчи вазифалари ва ишлаб чиқариш жараёнидаги ўрнига кўра, “айланма маблағлар” ва “айланма капитал” ўртасида сезиларли фарқ йўқ. Корхона доимий капиталининг таркибий қисми сифатида улар хом ашё, ёқилғи, энергия ресурслари, ёрдамчи ва бошқа материалларда юзага келади, шунингдек, ишчи кучларини ёллаш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга бўнак (аванс) тариқасида берилади. Айланма маблағларга бўлган қўшимча талаб банклардан олинадиган кредитлар ҳисобига қопланади.
Бозор иқтисодиёти шароитларида корхоналарнинг айланма маблағларга етарли тарзда эга бўлиши уларнинг нормал фаолият юритиши гарови ҳисобланади. Шуни ҳам унутмаслик зарурки, ишлаб чиқараётган маҳсулот бирлигига сарфланувчи хом ашё, материал, ёқилғи ва энергия миқдори маҳсулот сифатига таъсир кўрсатмаган ҳолда қанчалик кам бўлса, маҳсулот шунчалик арзонлашади ҳамда айланма маблағлар камроқ сарфланиб, улардан фойдаланиш самарадорлиги юқори бўлади.
Корхоналарнинг айланма маблағлари айланма фондлари ва муомала фондларига тақсимланади. Бундай тақсимлаш уларнинг моддийбуюмлашган тузилишидан ташқари, ишлаб чиқариш жараёни ва умуман, корхонанинг иқтисодий фаолиятидаги иштироки асосида амалга оширилади. Бундан ташқари, тақсимлаш режалаштиришни ташкил қилишда ҳамда корхонанинг ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларида айланма маблағларга бўлган эҳтиёжини аниқлашда катта роль ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |