Антропоген омилларнинг чўл минтақаси ҳайвонот дунёсига таъсири ва унинг оқибатлари
Маълумки, чўл ландшафти ўзининг қадимийлиги билан бошқа ландшафтлардан ажралиб туради. Узоқ муддат давомида инсоният таъсири остида ўз хусусиятларини сақлаб келаётган мазкур худуд ХХ-асрдан бошлаб аҳоли сонининг кўпайиши, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг ошиши натижасида туб ўзгаришларга учрамокда.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўрта Осиё чўллари узоқ йиллар мобайнида чорвачилик учун фойдаланиб келинди. Чорвачиликни ривожлантириш ва чўлнинг экологик хусусиятларини сақлаб колиш учун яйловлардаги озиқа заҳираларини олдиндан аниқлай олиш (башоратлаш) муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда чорва туёқлари сонининг озиқа заҳирасига нисбатан ошиб кетиши чўл учун ноқулай шароитлар (тупроқ эррозияси, ўсимликларнинг ҳаддан зиёд пайҳон қилиниши, субстратнинг ўзгариши ва бошқалар) нинг шаклланишига олиб келиши мумкин.
Қумли чўлларда ёқилғи сифатида саксовулзорларнинг пайҳон қилиниши, ҳаёти улар билан бевосита ва билвосита боғланган ҳайвонот дунёсига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли пайҳон килинган саксовулзорлар ўрнига сунъий усулда саксовулзорларни шакллантириш мустаҳкамланган қумликларни сақлаб қолишда муҳимдир. Шувоқ, сингрен каби ўсимликларни йиғиш ҳам чўл биоценозларига, айниқса ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда айрим ҳайвон турлари ўз тарқалиш ҳудудларини қисқартирса, айримларининг сони сезиларли даражада камаяди. Турли мақсадларда ўсимликларнинг йиғиштирилиши биринчидан, фитофагларнинг озиқадан маҳрум бўлишига олиб келса, иккинчидан, ҳайвонларни бошпанасидан махрум бўлишига, йиртқичларга осон ем бўлишига сабаб бўлади.
Тошлоқ чўллар бошқа чўллар қатори овчилик фаолиятини юритишда аҳамиятга эга. Бу соҳа айникса, Бетпакдалада анча яхши ривожланган. Бу жойда илгари 200-300 минг бош сайғоқ овланган. Устюрт платосидаги яшаш муҳитлари геологик қидирув ишлари жараёнида анча салбий ўзгаришларга учраган. Туёқли ҳайвонларнинг сони жуда камайиб кетган, режасиз ов қилиш оқибатида кўпчилик турлар зичлиги пасайган.
Нефть ва газ қидирув ишлари, бошқа қазилма бойликларини қидириш ва қазиш билан боғлиқ фаолиятлар ҳудуднинг ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсига салбий таъсир этмоқда.
Чўл зонасига сув чиқариш (Қорақум, Аму-Бухоро машина каналлари) оқибатида йилдан-йилга чўл таркибидаги текислик ҳудудларнинг деҳқончиликка жалб этилиши ортиб борди. Бундай фаолият ҳайвонлар сонининг қисқаришига, айримларининг ҳудудни тарк этишига сабаб бўлмоқда.
Шўрхок тупроқли чўлларда шаклланган мавсумий кўллардан режасиз равишда аҳоли томонидан ош тузини йиғиштириб олиш каби фаолиятлар амалга оширилмоқда. Бу ҳолат ҳам ҳайвонот дунёси учун ўзига хос ноқулайликлар туғдиради. Бундай фаолиятларни Республикамиз ҳудудида кузатиш мумкин.
Чўллар ўрнида воҳаларнинг шаклланиши, посёлкалар ва шаҳарларнинг қад кўтариши нафақат мазкур антропоген қурилмалар жойлашган ҳудудларнинг, балки унинг атрофида жойлашган кенг табиий чўл ҳудудининг таркибида турли йўналишдаги, масштабдаги ўзгаришлар содир бўлишига олиб келди (Мирзачўл, Қарши дашти, Қизилқум ва бошқалар). Бундай ўзгаришлар чўл зонаси учун типик бўлган ҳайвонот дунёси таркибининг ўзгаришига ва бу зонага хос бўлмаган турларнинг ҳудудга кириб келишига ҳам сабаб бўлмоқда (кулранг каламуш, қумри, қишлоқ қалдирғочи, майна ва бошқ.).
Чўл ландшафти ўзининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг қанчалик камбағал бўлишига қарамай эгаллаган майдонининг кенглиги, ўзидаги зкологик шароитлари ва шунга мос типик органик олами билан ажралиб турадиган ўзига хос аҳамиятга эга бўлган биоценоздир. Бундай яшаш муҳитида инсон томонидан олиб бориладиган ҳар қандай бунёдкорлик ишлари (ов фаолиятлари, деҳқончилик, чорвачилик, қазилма бойликларни қидириш ва ишлаб чикариш йўналишидаги чора-тадбирлар) онгли равишда амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.
Чўл ландшафтини бутун органик дунёси билан бус- бутунлигича сақлаб қолиш учун биологик турлар таркиби хилма-хил бўлган жойларга қўриқланадиган ҳудудлар мақомини бериш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан саналади.
Чўлдаги ҳайвонот дунёсининг ҳаёт шароитларини, уларнинг шаклланиш, ривожланиш қонуниятларини ўрганиш, улардан оқилона фойдаланишнинг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятта эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |