МАВЗУ: “ПСИХОЛОГИЯ” ФАНИНИНГ МАҚСАД, ВАЗИФАЛАРИ ВА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ МЕТОДЛАРИ
Режа:
“Психология” фанининг тарихи.
“Психология” фанининг ривожланиш босқичлари.
“Психология”нинг фанлар тизимида тутган ўрни.
“Психология” фанининг тармоқлари.
“Психология” фанининг илмий тадқиқот методлари.
Психология фанининг тарихи
Психология воқеликнинг алоҳида бир соҳаси бўлган, психик (ёки руҳий) ҳаёт соҳасини ўрганади. Ҳар кимга маълум ҳодисалар – сезгиларимиз, идрок, тасаввурларимиз, фикр, ҳис, интилишларимиз ва шунга ўхшашлар психика ҳодисалари жумласидандир. Шахснинг психик ёки индивидуал ҳусусиятлари деб аталадиган ҳусусиятлар: одамнинг темпераменти (мижози), характери (феъл-атвори), қобилият, эҳтиёж, майл ва ҳаваслари ҳам психика соҳасига киради.
Фан инсонни қадимдан ўрганиб келмоқда; антропология – унинг келиб чиқиши ва эволюциясини (ривожланиши), экология – атроф-муҳитни инсонга таъсирини, лингвистика – тилни, педагогика – таълим-тарбияни, психология эса хулқ-атвор ва онгни ўрганади.
Психология инсон ҳақидаги фанлардан бири бўлсада, бошқа фанлар қаторида алоҳида ўрин тутади. Қадимдан шу нарса маълумки, инсон учун инсонни ўрганишдан бошқа қизиқроқ объект йўқ.
Психология сўзи юнонча жон, руҳ ва таълимот, илм сўзларидан иборат бўлиб, анъанавий маънода инсон руҳий дунёсига алоқадор барча ҳодисалар ва жараёнлар унинг предметини ташкил этади. Бошқача қилиб айтганда, психологиянинг предметини ҳар биримизнинг ташқи оламни ва ўз-ўзимизни билишимизнинг асосида ётган жараёнлар, ҳодисалар, ҳолатлар ва шаклланган хислатлар ташкил этади. Психологиянинг предмети конкрет шахс, унинг жамиятдаги хулқ-атвори ва турли фаолиятларининг ўзига хос томонларидир. Психология конкрет фан сифатида психик фаолият қонуниятларини, унинг рўй бериш механизмлари ва асосларини ўрганувчи фандир.
Асосий психик ҳодисаларни тўғридан-тўғри ўзимизда ва бошқа инсонларда четдан кузатиш мумкин.
Инсон нафақат ўзининг билиш жараёнлари орқали ҳаётга кириб боради, балки у ҳаётда яшайди ва таъсир кўрсатади. Ўзининг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш мақсадида маълум ҳаракатларни бажаради. Инсон ҳаракатларини тушуниш ва тушунтириш учун биз “шахс” тушунчасига мурожаат этамиз.
Психик (руҳий) ҳодисаларнинг бутун мажмуи одатда психика деган бир сўз билан аталади.
Психика ўзига алоҳида бир олам эмас: у органик ҳаётнинг юксак шаклларидан бўлиб, фақат ҳайвонлар билан одамларга хосдир. Ҳайвонлар билан одам, ўсимликлардан фарқ қилиб, ёлғиз органик ҳаётга эга бўлибгина қолмай, балки, шу билан бирга, психик ҳаётга ҳам эгадир. Лекин, маълумки, ҳайвонларнинг психик ҳаёти одамнинг психик ҳаётига қараганда соддароқдир. Одам психикаси ҳайвонлар психикасидан сифат жиҳатидан фарқ қилади. Одамда психик ҳаётнинг юксак формаси – онг бор. Одам онгли зотдир.
Психик ҳаёт ҳодисалари жуда ҳилма-ҳил, аммо бир-бири билан ўзаро боғланган бўлади. Психологиянинг вазифаси ана шу боғланиш ва муносабатларнинг қонуниятларини очиб беришдир. Психик ҳодисалар ва бутун психика ривожланиб келган ва ривожланмоқда. Шу сабабли, психология психиканинг тараққиёт қонуниятларини очиб бериши керак.
Психология фанининг маълумотларидан амалий мақсадда ва аввало таълим-тарбия ишида, шунингдек, ишлаб чиқаришда меҳнатни ташкил этиш ва ихчамлаштиришда медицинада, санъат ва шунга ўхшаш соҳаларда фойдаланмоқ учун психиканинг тараққиёт қонуниятларини билиш керак.
Шундай қилиб психология психик ҳаёт соҳалари ёки, қисқача қилиб айтганда, психикадан баҳс этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |