Мобил алоқа тизимларида базавий станциянинг ўрни Мобил абонентлар алоқасини ташкил қилишнинг хусусиятларидан бири радиоканалда анча вақт жимлик бўлиши ҳисобланади. Базавий станцияга қабул қилишнинг сифатини ошириш учун тарқатилган қабулдан фойдаланилади. Бу базавий станцияда иккитадан кам бўлмаган антенна ўрнатилиши муҳимлигини билдиради. Бундан ташқари базавий станция узатиш ва қабул қилиш учун иккита алоҳида антеннага эга бўлиши мумкин. Базавий станцияларнинг яна бир хусусияти мавжуд – бир вақтнинг ўзида турли частотадаги бир неча каналларда ишлашни таъминлаш учун бир нечта қабул қилгич ва узаткичлари бўлиши мумкин. Қабул қилгич ва узаткич мобил станциядагидек тузилмага эга бўлади, фақат уларда рақамли-аналог ўзгартиргич ва аналог-рақамли ўзгартиргичлар мавжуд бўлмайди, чунки узаткичнинг кирувчи сигнали ва қабул қилгичнинг чиқувчи сигнали рақамли шаклга эга. Базавий станция назоратчиси (компьютер) станция ишини бошқаришни ҳамда унга кирувчи барча блоклар ва тармоқлар ишлашини назорат қилинишини таъминлайди. Алоқа линияси билан улаш блоки коммутация марказига алоқа линияси бўйича узатилаётган маълумотни “упаковкасини” ва ундан қабул қилинаётган маълумотни “распаковкасини” амалга оширади. Базавий станцияни коммутация марказига (агар улар ҳудудий жиҳатдан битта жойда жойлашган бўлмаса) улаш учун одатда радиореле ёки оптик-тола линия дан фойдаланилади. Ишончлиликни таъминлаш учун базавий станциянинг блоклари ва тармоқларининг кўпчилиги нусхаланади, станция таркибига тўхтовсиз электр таъминоти ускуналари қўшилади.
Коммутация маркази – бу тармоқни бошқаришнинг барча функцияларини таъминловчи автоматик телефон станция. Коммутация маркази мобил станцияси устидан доимий кузатувни амалга ошириб боради, алоқани узлуксизлигини таъминлаш учун уларнинг эстафетали узатилишини ташкил қилади ва шовқин ҳамда носозликлар пайдо бўлганида сотдаги ишчи каналларини бошқасига ўтказилишини таъминлайди.
Коммутация марказида барча базавий станциялардан келган оқимлар тўпланади ва у орқали алоқанинг бошқа турларига (умумий фойдаланишдаги стационар телефон тармоғига), шаҳарлараро алоқа, йўлдош алоқа тармоғига ва бошқа мобил алоқа тизимларига чиқиш амалга оширилади. Коммутация маркази таркибига бир нечта назоратчилар (процессорлар) киради. Коммутатор алоқа линияларига маълумотлар оқимларига оралиқ ишлов (упаковка-распаковка, буферда сақлаш) берувчи алоқа назоратчилари орқали уланади. Коммутация маркази ва тизим ишининг бошқаруви асосан марказий назоратчи орқали амалга оширилади. Коммутация марказининг иши операторлар иштирокини талаб этади, шунинг учун марказ таркибига терминаллар ва маълумотни акс этиш ҳамда рўйхатга олиш (ҳужжатлаштириш) воситалари киради. Операторлар, хусусан, абонентлар ва уларга хизмат кўрсатиш шароитлари тўғрисидаги маълумотларни, тизим иши режимининг бирламчи маълумотларини киритадилар ҳамда фавқулодда ҳолатларда тегишли буйруқларни бериб, тармоқни бевосита бошқарадилар. Тизимнинг муҳим унсурлари бўлиб маълумотлар базалари ҳисобланади – мезбон регистри, меҳмон регистри, аутентификациялаш маркази, асбоб-ускуналар регистри.
Мобил алоқа тизимларини ҳимоя қилиш мақсадлари ва вазифалари.
Мобил алоқа тизимларини ҳимоя қилишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардир:
мобил алоқа тизимларининг барча бўғинларида ҳам тинчлик вақтида, ҳам алоҳида даврда ҳамда фавқулодда вазиятлар пайдо бўлганида ташқи хавфлардан ахборот хавфсизлиги ҳолатини таъминлаш;
шахс, жамият ва давлатнинг мобил алоқа тизимларида айланадиган маълумотларининг маҳфийлигини сақлашга оид ҳуқуқлари бузилишини олдини олиш.
Мақсадларга асосланган ҳолда мобил алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилиш вазифалари шакллантирилади:
ахборот хавфсизлигининг ички ва ташқи хавфларини аниқлаш ва башорат қилиш, уларни олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича иқтисодий асосланган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
республика миқёсида мобил алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ягона сиёсатни шакллантириш;
мобил алоқа тизимларида маълумотларни ҳимоя қилишда қўлланадиган усуллар ва воситаларни такомиллаштириш ва стандартлаштириш;
маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни давлат бошқаруви (лицензиялаш) механизмини яратиш ва амалга ошириш ҳамда мобил алоқа тизимларини сертификациялаш тизимининг ва уларнинг таркибига кирувчи ҳимояланган техник воситалар, маълумотларни ҳимоялаш воситалари ҳамда қўлланиладиган ҳимоя чораларининг самарадорлигини назорат қилиш воситаларининг фаолият юритишини таъминлаш.
Ҳар бир алоҳида мобил алоқа тизимидаги маълумотларни ҳимоя қилиш тизими ҳамда унинг тузилиши ва амалга оширилишига ёндашув индивидуал ҳисобланади. Бироқ ҳар бир ҳолатларда мобил алоқа тизимидаги маълумотларни самарали комплекс ҳимоясини яратиш учун қуйидагилар зарур:
Ҳимояга муҳтож маълумотларнинг заифлигига таъсир кўрсатувчи барча омилларни аниқлаш, яъни мобил алоқа тизимига бўлган хавфлар моделини қуриш ва чиқиб кетиш каналларини аниқлаш.
Хавфларни аниқлашга қаратилган маълумотларни ҳимоя қилиш усулларини асослаш.
Эҳтимолли маълумотларни чиқиб кетишидан бўлган зарарни минимиллаштиришга асосланган мобил алоқа тизимидаги маълумотларни ҳимоя қилиш вазифаларини сифатли ечимини таъминловчи комплекс тизимини яратиш.