5.6. Меҳнат ресурслари балансини тўзиш ва ишга жойлашишга
муҳтож шахсларни аниқлаш
Бозор ислоҳотлари шароитида меҳнат ресурсларининг иш билан бандлигини таъминлаш муаммолари долзарб тус олади. Чунки меҳнат салоҳиятини юзага чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш орқалигина ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш мумкин. Ишлашни хоҳловчиларнинг ҳаммасини иш билан таъминлабгина қолмасдан, энг мақбул, ижтимоий йўналтирилган иш билан бандликни вужудга келтириш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида мукаммал меҳнат бозорини шакллантириш, ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни тўла ҳисобга олиш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу муаммоларни ҳал қилишда меҳнат потенциалини шакллантириш, тақсимлаш ва ишга жойлашиш борасидаги реал эҳтиёжни аниқлаш имконини берадиган самарали усулдан фойдаланиб, уларнинг сафарбарлик ҳолатини ҳисобга олишни такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун эса меҳнат ресурслари балансини тўзиш ва уни таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир. Меҳнат ресурслари баланси меҳнат ресурслари мавжудлиги ва уларнинг иқтисодиёт тармоқлари ва иқтисодий фаолият турлари бўйича тақсимланишини тавсифловчи кўрсаткичлар тизимидир.
Мазкур баланс ҳисобот ва прогноз кўринишларда тўзилади. Меҳнат ресурсларининг ҳисобот баланси меҳнат ресурсларининг амалдаги кўрсаткичлари ва уларнинг ҳисобот даврида (йилда) тақсимланиши бўлиб, у ҳисобот йилида ўтказилган мониторинг натижалари асосида ишлаб чиқилади. Прогноз балансда эса меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ҳолати таҳлил қилиниб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларини ҳисобга олган ҳолда тўзилади.
Меҳнат ресурслари баланси икки қисм – ресурслар ва тақсимлаш қисмларидан иборат бўлган кўрсаткичлар тизимидир. Биринчи қисм мавжуд меҳнат ресурсларини ҳамда уларни шакллантириш манбаларини кўрсатади. Иккинчи қисм меҳнат ресурсларининг иқтисодий фаол ҳамда иқтисодий нофаол шахсларга тақсимланишини кўрсатади.
Меҳнат ресурслари балансини тўзиш ҳамда ишга жойлашишга муҳтож шахсларни аниқлаш чоғида асосий ахборот манбалари давлат статистикаси маълумотлари, маъмурий ҳисобга олиш (масалан, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, уй хўжаликлари, ходимлар рўйхатлари) турлари, шунингдек иш билан бандлик масалалари юзасидан ишчи кучини танлаб текширишдан иборат. Ушбу хилма-хил манбалар улардаги ахборотнинг хусусияти ва мазмуни, маълумотларни тўплаш шакллари ва усуллари бўйича бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
Танланма мониторинг маълумот тўплаш воситалари орасида энг мослашувчан усулдир. Унинг натижаларига қараб, меҳнат ресурсларининг шаклланишини, иш билан бандлар, ишсизлар, иқтисодий нофаол аҳоли сонини кўрсатувчи маълумотларни олиш, шунингдек заруратга қараб, тушунчалар, таърифлар ва саволларни ўзгартириш ёки майдалаш мумкин. Бу эса, айрим аҳоли гуруҳлари ишчи кучида иштирок этишининг турли шаклларини аниқлаш имконини беради. Ишчи кучини текшириб чиқиш фақат ишлаётганларни эмас, балки вақтинча иш билан банд бўлмаганларни ҳам қамраб олганлиги, у меҳнат ресурслари ва уларнинг тақсимланиш тўзилмаси ҳақида тўла-тўкис тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Меҳнат ресурсларининг ҳисобот баланси ҳар қайси йил ва унинг даврлари якунларига қараб, республика ва унинг ҳудудлари бўйича тўзилади.
Ўзбекистон Республикасида 2007 йилнинг 1 июлигача амал қилиб келган меҳнат ресурслари баланси шакли Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 31 январдаги «Аҳолини иш билан бандлигини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 42-сонли Қарори билан қабул қилинган бўлиб, мазкур баланс Президент фармон ва қарорлари асосида мамлакатда иш билан бандликнинг янги ноанъанавий шаклларининг (уй меҳнати, касаначилик, оилавий бизнес, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол етиштириш, хизмат кўрсатиш ва сервис) пайдо бўлиши натижасида ўз қамровини йўқотди. Шунингдек, мазкур методика республика аҳолиси ва уй хўжаликлари статистикасини юритиш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолиятлари мониторингини амалга оширишда халқаро стандартлар ва янги талабларга жавоб бермай қўйди.
Шундан келиб чиққан ҳолда 2007 йил 24 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Ишга жойлаштиришга муҳтож иш билан банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш методикасини такомиллаштириш тўғрисида»ги 106-сонли Қарори қабул қилинди ва унга мувофиқ жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб «Ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳудудлар бўйича ҳисоблаб чиқиш» Методикаси амалиётга татбиқ этилди. Методика Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан белгиланган нормалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг иш билан таъминлаш ва меҳнат бозорининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олади. Унда «ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли» тушунчаси халқаро стандартларда назарда тутилган «ишсизлар» тушунчасига тенг деб қаралади.
Do'stlaringiz bilan baham: |