3.2. Кредитнинг қайтарилишини таъминлаш усуллари
Кредитнинг қайтарилишини таъминлаш деганда, олинган кредитни тўлашнинг аниқ манбаи ва ундан қарз берувчининг фойдаланиши, унинг етарлилиги, бутлиги ва яроқлилиги устидан назорат қилиш ҳуқуқи тушунилади.
Бошқача қилиб айтганда, кредитнинг таъминланганлиги кредит олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган шароитда, кредит берувчининг мулкдорлик манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди ва кредитни бирор гаров ёки молиявий кафолат асосида берилишини тақозо этади.
Аввалги мавзуларда кўриб ўтилган кредит шаклларидан айримларининг таъминланиши тўғрисида тўҳталамиз:
Ипотека кредити берилишида унинг таъминоти сифатида кредит олувчининг кўчмас мулклари - ер, бино, иншоотлар ва бошқалар гаровга олинади.
Ломбард кредити асосан қарз олувчининг тез ва осон сотиладиган, қўзғалувчан мулкларини – заргарлик буюмлари, қийматли қоғозлар, қимматбаҳо, ноёб, қадимий ва бошқа ашёларни гаровга олиш йўли билан берилади.
Истеъмол кредити эса, қарз олувчининг мол-мулкини гаровга олиш ёки унинг қариндош-уруғларининг ишонч хатлари асосида берилади.
Халқаро кредит муносабатларида таъминот сифатида қарз олувчи мамлакат ҳукумати кафолатлари, расмий олтин ва валюта резервлари, халқаро суғурта ташкилотлари суғурта ҳужжатлари ва бошқалардан фойдаланилади.
Банк кредити қуйидаги усуллар воситасида таъминланади:
-мол-мулк ва қийматли қоғозларни гаровга олиш орқали;
-суғурта компаниялари томонидан кредит суммасини суғурталаш йўли билан;
-молиявий барқарор корхоналар, банклар ва фуқаролар томонидан бериладиган кафолатнома ва ишонч хатлари асосида.
Банклар ўзларининг энг ишончли мижозларига таъминланмаган, яъни «ишончли» кредитлар беришлари мумкин. Бундай мижозлар қаторига юқори рентабеллик даражасига эга бўлган, молиявий барқарор ва юқори даражада ўз капитали билан таъминланган корхоналар киради.
3.3. Кредитларнинг ҳавф-хатари даражасига қараб таснифланиши
Кредит берувчилар томонидан берилган кредитлар таснифлаб борилади ва кўрилиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш ҳамда уни қоплаш бўйича чора-тадбирлар кўрилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йил 11 июндаги 242-сонли “Активлар сифатини таснифлаш, тижорат банклари томонидан улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун заҳираларни шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги йўриқномасига мувофиқ, заҳира ташкил қилиш мақсадида кредитлар тўрт гуруҳга – стандарт, субстандарт, шубҳали ва умидсиз кредитларга бўлинади. Стандарт кредитлар суммасининг 10 фоизи миқдорида, субстандарт кредитларнинг 25 фоизи, шубҳали кредитларнинг 50 фоизи, 100 фоизи миқдорида фойда ҳисобидан заҳира шакллантирилади. Берилган кредитларнинг сифатини ёмонлашиши улардан кўриладиган заҳира ажратмаларини миқдорининг ошишига олиб келади. Бу эса, тижорат банкининг кредитлаш салоҳиятини пасайтиради. Шунингдек, муддати ўтган фоизлар ҳам тижорат банкининг фоизли даромади ва тақсимланмаган фойдаси ҳисобидан балансдан ўчирилади.
Бу жараённи Ўзбекистон банклари томонидан берилаётган кредитлар мисолида кўриб чиқсак. Банклар берилган кредитларни ҳавф-хатари даражасига қараб «яхши», «стандарт», «субстандарт», «шубҳали», «умидсиз» ёки «ишончсиз» кредитлар деб баҳолайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |