Араб халифалиги хазинасига тўланиши мажбурий бўлган солиқ турлари
Хирож (ер солиғи) – даромаднинг учдан бир қисми миқдорида йиғилган;
Ушр, давлат идора ишлари учун даромаднинг 10 фоизи миқдорида олинган;
Закот, мол-мулкнинг 2,5 фоизи миқдорида олинган;
Жузя (жон солиғи) - озиқ-овқат, хомашё ёки пул ҳисобида йиғилган;
Аҳолидан олинадиган марказлашган солиқлар ҳажми даромаднинг қарийб ярмини ташкил этарди;
Булардан ташқари аҳолига маҳаллий ва мавсумий солиқ ва мажбуриятлар ҳам юкланган эди.
IX аср араб тарихчиси Хўрдодбеҳнинг кўрсатишича, халифаликка фақат хирож солиғи ҳисобига Суғд вилояти 326 минг, Фарғона 280 минг, Шош 607 минг, Уструшона 50 минг дирҳам солиқ тўлаган. Бухорога белгиланган хирож солиғи миқдори булардан ҳам кўп бўлган. Шу боисдан истилочилар «куч хирожда» деб бежиз айтмаганлар.
Маҳаллий аҳоли кўзда тутилган солиқларни мунтазам тўлаб боришга мажбур этилган. Бордию бунга қурби етмаса ўша шахснинг ери, мулки тортиб олиниб, оиласи билан кўчага улоқтирилган. Араблар дастлаб жузъя солиғини мусулмон динига кирмаган одамларга жорий этганлар. Бироқ кейинчалик ҳамма исломга кира бошлагач, бу солиқ яна барча ерли аҳолига баб-баравар солина берган.
Ўлка аҳолисини исломлаштириш жараёни ғоят мураккаб кечган. Араб маъмурлари кўп ҳолларда зўрлик ва куч ишлатиш йўли билан маҳаллий халқ вакилларини, исломни қабул қилишга ундаганлар. Бунга кўнмаганлар ёхуд бош тортганлар эса шафқатсиз жазоланган. Кўп жойларда маҳаллий кишилар ноиложликдан, қийин-қистов асосида мусулмончиликни мажбуран қабул этган бўлсаларда, бироқ араблар кўздан нари кетиши билан улар яна бу диндан қайтиб ўзларининг эски диний ақида ва маросимларига амал қила берганлар. Ҳатто араблар ишончини қозониб мусулмон динини қабул қилган Бухорхудот Тоғшода ҳам ислом динини хўжа кўрсинга юзаки қабул қилган бўлиб, аслида зардуштийлик аҳкомларига амал қилган. У вафот этганида ҳам аждодлари диний маросимларига кўра дафн этилган. Бундан кўринадики, ислом дини ва унинг рукнларининг маҳаллий халқ орасида ёйилиши ниҳоятда қийин, мураккаб кечган. Бу жараёнда беҳисоб қурбонлар берилган.
Арабларнинг ўзларини хўжалар, саҳобалар, саййидлар, оқ суяклар деб атаб, маҳаллий халққа нисбатан менсимаслик, калондимоғлик билан қарашлари ҳам маҳаллий аҳолида уларга нисбатан нафрат туйғусини кучайтирган. Арабларнинг ўз юртларидан кўп минглаб қабила, уруғларни Ўрта Осиёга кўчириб келтириб энг яхши жойларга жойлаштириш, маҳаллий оилалиларни ўз ер-мулкидан маҳрум этишлари ҳам уларга қарши оммавий норозиликларнинг кучайиб боришига боис бўлган. Масалан, дастлабки пайтларда қурайш қабиласининг 5 мингдан зиёд аҳолиси Самарқандга жойлаштирилган. Бухоро, Марв, Пойканд ва бошқа шаҳарларда ҳам масжид ва мадрасалар қуриш баҳонаси билан ерли аҳоли четга суриб чиқарилиб, уларнинг ерларига ҳам араб қабилалари жойлаштирилган. Бунинг асл сабаби шундаки, босқинчилар бу бегона ҳудудда кучли ижтимоий таянч нуқта яратиш йўли билан ўз ҳукмронлигини кучайтиришга уринганлар.
Арабларнинг Ватанимиз ҳудудида юргизган зўравонлик ва мустамлакачилик сиёсати, шубҳасиз, ерли аҳолининг турли ижтимоий қатламларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Бунинг натижасида араблар ҳукмронлиги давомида ўлканинг турли ҳудудларида халқ ғалаёнлари юзага келиб, алангаланиб борди.
Do'stlaringiz bilan baham: |