Иқтисодиётнинг умумий таърифи. Ялпи ички маҳсулот 2000 йилда 108,2, саноат ишлаб чиқариши 123,7 ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 111,7 фоизга, капитал маблағ 103,0 фоизга ўсган. Бу кўрсаткичлар мамлакат миқёсида анча юқоридир. Худди шу йилда чакана савдо обороти 110,0 фоизга, пуллик хизмат ҳажми 139,9 ва маиший хизмат 132,5 фоизга кўпайган. Умуман мустақиллик йилларида саноат ишлаб чиқариши бу ерда қарийб 1,5 марта ўсди, қишлоқ хўжалиги, маҳсулот қиймати бўйича солиштирма нархда, 1998 йилда 1991 йил даражасидан ўтиб кетди.
Наманган вилоятида саноат ишлаб чиқаришининг 96 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг эса деярли 100 фоизи нодавлат секторига тўғри келади.
Вилоятда 80 га яқин қўшма корхоналар мавжуд бўлиб, улардан 60 таси 2000 йилда фаолият кўрсатган (кўпчилиги кичик корхоналар). қўшма корхоналар 1/5 дан кўпроқ жами саноат маҳсулотини берсада, уларнинг экспортдаги улуши 23,7 фоизни ташкил этади. қўшма корхоналардан энг муҳимлари «Косонсой-Текмен», «Аснамтекстил», «Поп-Фен», «Силк-Роад», «Сиб-Нам» ва бошқалар. Шунингдек, Косонсойда «Касмир-Дери», Тўрақўрғонда «Шомо ЛТД» кабилар мавжуд. Туркия билан ҳамкорликда бунёд этилган «Косонсой-Текмен» қўшма корхонаси жундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради. Яқин келажакда ушбу корхона янада кенгайтирилади ва жуда кўп миқдорда янги иш ўринларига эга бўлади.
Бевосита хорижий мамлакатлар инвестициялари ёрдамида 30 га яқин корхоналар қурилган, бироқ уларнинг ярмидан сал кўпроғи ишламоқда, холос. Барча корхоналарда 1250 киши хизмат қилади. Жами саноат корхоналари вилоятда 135 та бўлиб, уларда 37 минг киши банд.
Саноати. Наманган вилояти асосан енгил ва озиқовқат саноатига ихтисослашган; уларнинг ихтисослашув коэффициенти 2,9 ва 1,75 ёки Республика миқёсида олганда, мазкур тармоқлар бу ерда саноатнинг ўртача ҳолатидан шунча марта юқорироқ ривожланган.
Вилоят Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган юмшоқ қоплама (кровел) материалларнинг 100 фоизини, ипак газламанинг 20 фоизга яқинини, пойафзалнинг 11 ва узум виносининг 10 фоиздан кўпроғини беради.
28жадвал маълумотларига кўра, 1999 йилда енгил саноат вилоят жами саноат маҳсулотини 45,8 фоизни, озиқовқат саноати 25,0 фоизини берган. Булардан ташқари, қурилиш материаллари саноати ҳам бирмунча ажралиб туради.
2000 йилда эса озиқовқат саноатининг олдинги мавқеи сақланиб қолган ҳолда енгил саноат улуши янада ошган ва 57,6 фоизга етган. Бу мазкур саноат тармоғининг бошқаларга қараганда илдамроқ ривожланиши асосида юз берган.
Вилоятда шу йили 23 минг тонна нефт, 25 млн. погон метр ип газлама ва 1,4 млн. ипак газлама, 1,6 млн. м2 жун газлама, 15 минг тонна ўсимлик ёғи, 70,6 минг тонна пахта толаси ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Шунингдек, бу ерда қоғоз ва гугурт саноати ҳам шаклланмоқда. Саноатнинг асосий маркази Наманган шаҳри бўлиб, у вилоят саноат маҳсулотининг 40 фоизини ишлаб чиқаради. Бу, албатта мужассамлашувнинг жуда юқори кўрсаткичидир. Айни вақтда саноат ишлаб чиқаришини ҳудудий ташкил қилишнинг бундай ҳолати унинг бир томонламалигини ва бошқа ҳудудларда ушбу макроиқтисодиёт тармоғини суст ривожланганлигидан гувоҳлик беради. Сўнгги йилларда Косонсой туманининг саноати анча жадал ривожланиб бормоқда. У Поп тумани билан биргаликда вилоят саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 1/4 қисмини таъминлайди. Кейинги ўринда Учқўрғон, ўртача мавқеларни Тўрақўрғон, Уйчи, Чуст ва Чортоқ туманлари эгаллайди, Норин ва Мингбулоқ туманларининг эса бу борада аҳамияти сезиларли даражада паст. Учқўрғонда пахта тозалаш, ёғ заводи ҳамда тўқимачилик корхонаси мавжуд, Тўрақўрғонда қуруқ мева тайёрловчи ҳамда экскаватор таъмирловчи корхона, Косонсойда турли енгил саноат корхоналари ишлаб турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |