Фаунасига умумий тавсиф. Эфиопия фаунаси ўзига хослиги, жуда ҳам хилма-хиллиги ва ўзининг “қиймати” билан бошқа фауналардан ажралиб туради.
Фауна таркибида сутэмизувчилар синфига мансуб бўлган 37 та оила вакиллари учрайди ва улардан 9 таси, жумладан сувсарлар, ер қазарлар, мушуксимонлар, олмахонлар, чўчқалар, ковак шохлилар ва бошқалар жуда кенг тарқалишга эга бўлса, типратиканлар, отлар, маймунлар, виверралар ва бошқалар област чегарасидан анча ташқарида ҳам ўз тарқалиш ареалларига эга. Эндемиклардан сутэмизувчиларнинг даманлар (Hyracoidea) туркуми вакиллари, ягона туркум ва оилага мансуб бўлган термит ва чумолилар билан озиқланувчи африка найтиши (Orycteropus afer) учрайди. Даманлар товушқон катталигида ўсимликхўр ҳайвонлар бўлиб, ўрмонларда ва тоғларда яшайди. Уларнинг товонидаги сўрғичсимон ўсимталар дарахт ва қояларга чиқишга имкон беради. Эндемик оилалардан қундузсимон ер қазарлар, олтинранг крот, сув айғирлари, жирафалар, нина думли олмахонлар, узун оёқлар ва бошқалар учрайди. Жами эндемик оилалар сони 14 тани ташкил этади. Авлодлар даражасида олганда, 151 авлоддан 118 таси эндемиклардир. Жумладан, қўл қанотлиларнинг 9 та эндемик авлод вакиллари тарқалган. Туёқлилар фаунаси ўз таркибида турлар сонининг кўплиги билан бошқа областлардан ажралиб туради. Турли антилопалар, зебралар, жирафалар, каркидонлар, сув айғирлари ва филлар Африканинг “ландшафт ҳайвонлари” саналади. Мазкур турларнинг айримлари жуда катта сонда учрайди. Областда кротлар, айиқлар, қундузлар, қўшоёқлар, тапирлар, туялар ва буғулар оилалари умуман учрамайди. Кавш қайтарувчилардан тахминан 40 авлод вакиллари антилопаларга тегишли бўлиб, улардан йирик турларга канналар, кудулар ва гнулар киради. Жирафаларнинг иккита тури учрайди. Улардан бири окапа (Okapia jonstoni) бўлиб, Конгодаги зич ўрмонларда яшайди ва баландлиги 2 м.га етади,). Иккинчиси жирафа (Giraffa cameleopardalis) саванна ҳамда сийрак ўрмонли жойларда яшайди ва баландлиги 6 м.га етади. Сув айғирларининг ҳам иккита тури Эфиопия учун хос. Йирик сув айғири (Hippopotamus amphibius)нинг эркакларини оғирлиги 3 тоннагача, тана узунлиги 400-420 см.га етади, пакана сув айғири (Choeropsis liberinsis)нинг оғирлиги 250-260 кг, тана узунлиги 150 см атрофида бўлади. Сўгалли чўчқалар (Phacochoerus) ва чўтка қулоқли чўчқалар (Potamochoerus) авлодлари ҳам ушбу областда тарқалган. Ҳақиқий чўчқалар (Sus) авлоди эса учрамайди. Тоқ туёқлилардан каркидонларнинг 2 тури (оқ ва қора каркидон) тарқалган бўлиб, улар олдинги тишларининг йўқлиги ва иккита шохларининг мавжудлиги билан ажралиб туради. Зебраларнинг 3 та тури (саванна зебраси, тоғ зебраси, греви зебраси) тарқалган ва улардан тоғ зебраси қириб ташлаш оқибатида деярли йўқолиш арафасида турибди. Африка филлари Ҳинд филларидан эркак ва урғочиларида ҳам узун курак тишлар мавжудлиги билан ажралиб туради (Ҳинд филларининг фақат эркакларида курак тишлари бор).
Областда йиртқичлардан виверраларнинг 10 та авлоди учрайди. Сиртлонлар кенг тарқалган бўлиб, санитарлик ролини бажаради. Бўрилар учрамайди ва уларнинг ўрнини област учун эндемик саналган сиртлонсимон итлар – Lycaon pictus эгаллайди. Тулкилар кенг тарқалган, шер, гепард, қоплон ва бошқа майда мушуклар кам бўлишига қарамасдан, уларнинг тарқалиш ареаллари Африкадан ташқарига чиқади. Африка ёввойи мушуги хонаки мушуклар зотининг аждодларидан бири бўлган.
Кемирувчилардан жайралар, олмахонлар, узуноёқлар, каламушлар, тоғ сичқонлари ва бошқалар учрайди. Ҳашаротхўрларнинг 3 та эндемик оиласи тарқалган бўлиб, улардан 30 та турни ўзига бирлаштирган, қумли чўлларда ва Жанубий Африканинг қуруқ даштларида яшайдиган тилла ранг кротлар оиласи (жунининг тилла рангда товланиши сабабли шундай ном олган) ҳашаротхўрлар туркумига мансуб эндемиклар саналади.
Фауна таркибида приматлар кенг тарқалган ва жуда турли-туман. Кўпчилик чала маймунлар лори оиласига мансуб бўлиб эндемиклардир (галаго ва потто авлодлари). Мартишкасимон маймунлардан мартишка фақат Африкада учрайди, павиан ва мандриллар пода ҳолида саванна ва тоғ ўрмонларида яшашади. Одамсимон маймунлардан горилла ва шимпанзеларнинг тарқалиш ареаллари деярли бир хил.
Эфиопия областида қушларнинг 89 та оиласи тарқалган бўлиб, шундан 15 таси эндемик оила ҳисобланади (Африка страуслари, цесаркалар, котиба қушлар, дарахт сассиқ попушаклари, бананхўрлар, чумчуқсимонларнинг 5 та оиласи ва бошқалар). Бу ерда булдуруқлар, тувалоқлар ва тасқаралар кўп сонда учраса, қурлар, бигиз тумшуқлар, сув чумчуқлари ва королёклар учрамайди. Орнитофаунаси жуда турли-туманлигига қарамай, асосан кенг тарқалган оилаларга тегишли. Эндемик авлодлар ва турлар кўп, аммо уларнинг ареаллари чекланганлиги сабабли областни характерлашда катта аҳамият касб этмайди. Нисбатан кенг тарқалган қушларга цесаркалар (20 тадан ошиқ тур), тўқимачилар, нектарчилар, асал даракчилари ва каркидон қушларни киритиш мумкин. Кўп ҳолларда мазкур турларнинг ареаллари Африкадан ташқари Ҳиндистонда ҳам тарқалган. Космополит турларга каккулар, қизилиштонлар, кўк қарғалар, кўк тарғоқлар мисол бўла олади. Қиш мавсумида Африка орнитофаунаси таркибидаги турлар сони қишлаш учун учиб келувчи турлар, жумладан Европадан учиб келувчи лайлаклар, турналар, қалдирғичлар ва бошқалар ҳисобига анча кўпаяди (9-расм).
Област фаунаси таркибида ва умуман барча тропик ҳудудларда судралиб юрувчилар кенг тарқалган. Областда юқори рангдаги эндемиклар озчиликни ташкил этади. Тангачалилар туркумидан хамелионлар (80 тур) характерли бўлиб, улар Мадагаскарда, Жанубий Испанияда, Арабистонда, Ҳиндистонда ва Цейлонда ҳам тарқалган. Областда калтакесаклар ва гекконлар кенг тарқалган, оёқсиз чувалчангсимон калтакесаклар (кўр сцинк – Feylinidae), агамалар, йирик эчкемарлар (нил эчкемари 2 метрга етади) ва илонлар учрайди.
9-расм. Эфиопия области фаунасининг хос турлари: 1–олачипор сиртлон; 2–йўл-йўл сиртлон; 3–сиртлонсимн ит; 4–сув буғучаси; 5–орикс антилопаси; 6–куду антилопаси; 7–гну антилопаси; 8– сув айғири; 9–африка буйволи; 10–африка циветтаси; 11–тенрек; 12–нил тимсоҳи; 13–голиаф қўнғизи; 14–силлиқ пихли бақа; 15–африка ламантини; 16–кичик протоптерус.
Эфиопияда йирик, узунлиги 80 см гача бўлган кўр илон (Typhlops humbo), питонларнинг бир неча турлари тарқалган. Питонларнинг майдалари 1-1,65 метрга (қирол ва митти питонлар), йириклари эса 7-9 метрга (иероглиф питони) етади. Сув илонлари ҳам кенг тарқалган бўлиб, уларга тухумхўр илонларнинг 2 та авлодини мисол қилиш мумкин. Бу илонларнинг турлари қушларнинг тухумлари билан озиқланади. Африкада 10 авлодга мансуб бўлган 20 турдаги заҳарли аспид илонлар ҳам учрайди. Уларга ҳақиқий кобра илонлари (қора бўйинли ва тупурувчи кобра), 2-4 метр узунликдаги заҳарли илонлардан йирик мамбалар киради. Тарқалиш маркази Африка ҳисобланган, кўп сонда учровчи қора илонлар ҳам анчагина. Африкада қуруқлик тошбақаларининг 4 та авлоди ва бир нечта турлари ҳамда юмшоқ терили тошбақаларнинг 2 та эндемик авлоди учрайди. Тимсоҳлардан энг йирик тур саналган ва яқингача бутун Африкада кенг тарқалишга эга бўлган нил тимсоҳи, эндиликда кўпчилик жойларда қирилиб кетган. Ғарбий Африкада тўмтоқ тумшуқли тимсоҳ ва Африка ингичка тумшуқли тимсоҳи яшайди. Мазкур турлар Марказий Африкада ҳам учрайди. Эфалар мазкур област учун типик турлардан саналади.
Эфиопия области учун амфибияларнинг қуйидаги вакиллари характерли: Шарқий ва Ғарбий Африкада тарқалган червягалар, фақат Африканинг шимолида яшайдиган думли амфибиялар, кенг тарқалган ва лаборатория ҳайвони сифатида фойдаланиладиган эндемик авлод (Xenopus), ҳақиқий бақалар, курак оёқли бақалар, тор оғизли бақалар, тукли бақалар. Кўпайиш даврида эркак тукли бақалар танасининг ён томонларида ва сонида узун туксимон тери ўсимталари ҳосил бўлади. Областда дарахт бақалари (квакшалар) деярли учрамайди. Ҳақиқий қурбақаларнинг 3 та авлоди Эфиопия учун хос бўлиб, улардан бири бармоқларида ёпишқоқ дисклар шаклланган тунги ўрмаловчи қурбақадир. Тирик туғувчи қурбақа ҳам мазкур област амфибиялари таркибига киради.
Мазкур зоогеографик областнинг балиқлар фаунаси таркибида турлар сони кўп бўлади. Улар орасида Сенегал, Нил, Конго ва Замбези ҳавзаларида кенг тарқалишга эга бўлган икки хил нафас олувчилар (3 тур) ўзига хос аҳамиятга эга. Жумладан, протоптер (Protopterus) авлоди ёз ойларида сув ҳавзаларининг қуриши сабабли анабиоз ҳолатига ўтади (8-9 ой) ва бунда улар лойни ёриб ўзининг танаси атрофида махсус капсула ҳосил қилишади. Шунга ўхшаш кўп шуълалилар эндемик туркуми иккита авлодни ва ўнлаб турларни ўзига бирлаштиради ва улар атмосферадан нафас олиш хусусиятига эгалиги билан ажралиб туради. Қадимги гуруҳга мансуб балиқлардан панжа қанотли чучук сув балиқлари (Polypteridae) ҳам област учун характерли. Тубан тузилишга эга бўлган Isospondyli кенжа туркумига мансуб эндемик оилалар вакиллари кенг тарқалган. Суяк тилли балиқлардан капалак балиқлар (Pantodontidae), ингичка тумшуқли балиқлар (Mormyridae) ва (Gymnarchidae) лар яшайди. Gymnarchidae ўзидан электр импулслари чиқариш хусусиятига эга. Худди шундай хусусият электр лаққалари (Malapteruridae) учун ҳам хос бўлиб, улар Нил ва Конго сувликларида яшайди. Лаққалар кенг тарқалган бўлиб, уларнинг 6 та оиласи ва 250 та тури бор. Африкада чучук сув балиқларининг кенг тарқалганлиги областнинг Жанубий Америка ёки Индо-Малай области билан алоқада бўлганлигини тасдиқлайди. Бу областнинг тропик ҳудудларида лососсимонлар ва чўртанлар учрамайди.
Эфиопия областининг умуртқасизлар фаунаси таркибида турлар сони жуда кўп бўлади ва шу сабабли уларнинг умумий хусусиятларинигина тавсифлаш мақсадга мувофиқ. Бу ерда қадимги кенжа оила Isometrinae ва Scorpionidae оилаларига мансуб бўлган чаёнлар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири император-пандинуснинг катталиги 16 см га етади. Солпуглар бутун Африка бўйлаб тарқалган. Ўргимчаклардан йирик заҳарли қушхўрлар (Theraphosa) ва бошқалар жуда турли-туман. Йирик кўпоёқлар (кивсяклар) маҳаллий аҳоли томонидан овқатга ишлатилади. Катталиги 26 смгача етадиган заҳарли сколопендлар жуда кўп сонда учрайди.
Африканинг нам ўрмонларида ўсимликларнинг қолдиқларини парчаловчи 500 турдаги термитлар учради. Уларнинг уялари йирик замбуруғни эслатади. Дарахтларнинг бу жойда мавжудлигини таъминлашда тупроқни чириндига бойитадиган ва ўсимлик қолдиқларини парчалаб қулай шароит яратадиган термитлар муҳим фойдали жониворлар саналади. Саванналарда ҳам термитлар учрайди, аммо уларнинг уялари бошқача тузилишга эга бўлиб, баландлиги 2-6 метрли конусни эслатади. Бундай уялардан саваннадаги бошқа ҳайвонлар ҳам бошпана сифатида фойдаланишади ёки термитларни овлашади (найтишлар). Чигирткалар фаунаси таркибида турлар сони жуда кўплиги билан ажралиб туради. Улар орасида гала ҳолида яшовчилари ҳам бор. Жумладан, шистоцерка минглаб км га тарқалувчи ва ўз йўлида учровчи барча ўсимликларни қирувчи турдир. Қўнғизлардан Африканинг чўл минтақасида учровчи қора қўнғизлар (Tenebrionidae) устунликка эга. Ўрмонларда эса узунлиги 10-11 см келадиган голиафлар, буғу, қўнғизлар, мўйловдорлар ва бошқалар кенг тарқалган. Уйқу касаллигини келтириб чиқарувчи це-це пашшаси ҳам Эфиопия фаунасига хос турдир. Шарқий ва Марказий Африкада уйқу касаллиги ва ундан қолишмайдиган нагана касаллиги тарқалган ва шу сабабли бу жойларда отларни сақлаш ва чорвачиликни юритиш фойдасиз соҳа саналади. Кундузги капалаклар нисбатан кам ва улар учун кўркам ранглар ҳам хос эмас.
Ер юзасида яшовчи моллюскалардан ўзининг йириклиги билан ажралиб турувчи ахатина авлодига мансуб турлар кенг тарқалган. Aillyidae оиласига мансуб моллюскалар фақат Эфиопия фаунасига хосдир.
Эфиопия областини ландшафтларининг хусусиятларига, ўсимлик қопламларининг ўзига хослигига ва фаунасининг мувофиқлигига кўра 3 та ҳудудга ажратиш мумкин: Шарқий-Африка, Ғарбий-Африка ва Жанубий-Африка.
Do'stlaringiz bilan baham: |