II.2. Диққат етишмовчилиги синдроми ва гиперактивликка хос хусусиятли ўқувчиларнинг диққат хусусиятлари диагностикаси Юқоридаги параграфларда таъкидлаб ўтганимиздек, диққат ҳар қандай психик фаолиятнинг таркибий қисми хисобланади. Диққатсиз бирорта фаолиятни амалга ошириш имконияти бўлмайди. Бошланғич синф ўқувчиларининг диққат хусусиятларини ўрганиш учун психологияда хилма ҳил методикалар мавжуд. Шулардан бири ўқувчиларнинг диққати хажмини ўрганишга мўлжалланган «Нуқталарни эслаб қол ва ўз жойига қўйиб чиқ» методикаси хисобланади.
Мазкур методика ёрдамида бола диққатининг ҳажми ташхис қилинади. Методика материали 1 – расмда кўрсатилган 8 та 4х4 ҳажмдаги катакчаларига ҳар хил миқдордаги нутқлар қўйилган квадратлар ҳамда 2 – расмда берилган 8 та 4 х 4 ҳажмли катаклари бўш бўлган катаклардан иборат. Тест мактабгача ёшдаги болаларга мўлжалланган.
Методиканинг қўлланилиши. 1 – расмдаги 8 та квадратлар қирқиб олиниб, юқорисидаги рақамига мувофиқ устма – уст жойлаштирилади. Бунда энг юқорида катакчаларидаги нуқталар сони энг кам бўлган квадрат (1 - квадрат), ҳаммадан пастда эса катакчаларида нуқталар миқдори энг кўп бўлган квадрат (8 - квадрат) жойлашади. Болага қуйидаги курсатма берилади: «Ҳозир биз сен билан ўйин ўйнаймиз. Мен сенга ҳар хил катакчаларни кўрсатаман, сен улардаги нуқталар қаерда жойлашганини яхшилаб кўриб олгин. Кейин бу нуқталарни бўш катакчаларга чизиб беришинг керак бўлади». Шундан сўнг болага 8 та квадратнинг ҳар бири 2 секунд муддат давомида кўрсатилади. Ҳар қайси намойиш этилгач, болага 2 – расмда берилган бўш квадратнинг бирига 15 секунд ичида кўрсатилган квадратдаги нуқталарни қўйиб чиқиш таклиф этилади. Мазкур амал 8 та квадратнинг ҳар бири билан бирма–бир бажарилади
1-РАСМ
2-РАСМ
Натижаларни баҳолаш.
Натижаларни ҳисоблашда бола энг кўп миқдорда қайси квадратдаги нуқталарни тўғри қўйиб чиқа олгани эътиборга олинади. Эксперимент натижалари қуйидагича баҳоланади:
10 балл – бола қайсидир квадратдаги 6 – 9 та нуқтани тўғри қўйиб чиққан.
8 – 9 балл – бола қайсидир квадратдаги 4 – 5 та нуқтани тўғри қўйиб чиққан.
6 – 7 балл – бола қайсидир квадратдаги 3 та нуқтани тўғри қўйиб чиққан.
4 – 5 балл – бола қайсидир квадратдаги 2 та нуқтани тўғри қўйиб чиққан.
0 – 3 балл – бола қайсидир квадратдаги 1 та нуқтани тўғри жойлаштириб қўйган.
Умумий кўрсаткичлар: 10 балл – жуда юқори кўрсаткич; 8 – 9 балл – юқори кўрсаткич: 6 – 7 балл – ўрта кўрсаткич; 4 – балл – паст кўрсаткич; 0 – 3 балл – жуда паст кўрсаткич. Тадқиқот ишимизда бошланғич синф ўқувчиларида диққат етишмаслиги синдроми ва гиперактивлик холатларини ўрганиш мақсадида бир қатор методикалардан фойдаландик.
Ушбу методика бўйича тажрибаларни умумий ўрта таълим мактабининг 3, 4-синф ўқувчилари ичидан диққат етишмаслиги синдроми ва гиперактивликка хос бўлган хусусиятлари мавжуд болаларни кузатиш, савол-жавоб методлари ёрдамида ҳамда синф раҳбарининг ўқувчилар тўғрисидаги фикрига асосланиб 14 нафарини ажратиб олдик ва улар билан тажрибалар олиб бордик. Шунингдек, диққат етишмаслиги синдроми ва гиперактивлик мавжуд болалар диққатининг соғлом болалар диққати хусусиятларидан фарқини қиёсий ўрганиш мақсадида бир гуруҳ 4- синф ўқувчиларида ҳам тажрибалар олиб бордик.