Авариякомиссари - суғурта компаниясининг ваколатига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс. Суғурталанган кема ёки юк бўйича кўрилган зарарнинг характери ва миқдорини аниқлайди, ҳодиса рўй берганлик сабабларини ўрганади. Суғурта компанияси авария комиссарининг чет элда ҳам, мамлакат ичкарисида ҳам тайинлаши мумкин. Авария комиссарининг юридик манзили, телефон ва телекс рақамлари суғурта компанияси томонидан бериладиган суғурта полисида кўрсатилади. Суғурталанувчи суғурта ҳодисаси рўй бериши заҳоти авария комиссарига мурожаат қилиши зарур. Авария комиссари мол-мулкнинг зарарланганлик даражасини аниқлайди ва суғурта компаниясининг топшириғига асосан, кўрилган зарарни қисман қоплаши мумкин. Авария комиссари бажарилган ишлар тўғрисида суғурта компанияси учун авария сертификати тузади ёки унга ёзма ахборот тайёрлайди.
Авария сертификати - мол-мулк суғурта ҳодисаси туфайли зарарланганда, кўрилган зарарнинг миқдори ва характерини тасдиқловчи ҳужжат. Авария сертификати авария комиссари (аджастер) томонидан тузилади ва тегишли воситачилик ҳақи ҳисобига суғурталанувчига тақдим этилади. Авария сертификати суғурталанувчининг суғурта қопламасини олиш тўғрисидаги аризасига илова этилади ва қопламани тўлашда суғурта компаниясига асос бўлиб хизмат қилади.
Аджастер - суғурта ҳодисаси рўй бериши муносабати билан суғурталанувчи томонидан билдирилган эътирозни тартибга солишда суғурта компаниясининг манфаатларини ҳимоя этувчи жисмоний ёки юридик шахс. У суғурталанувчи билан унга тўланадиган суғурта қопламаси миқдорини келишишга ҳаракат қилади. Аджастер суғурта ҳодисасини рўй бериш сабабларини ўрганади ва таҳлил этади. Ушбу таҳлил натижалари бўйича суғурта компаниясига эксперт хулосасини тузади ҳамда авария комиссари функциясини бажаради. Аджастер вазифасини суғурта компаниясининг таркибий бўлими ёки ихтисослашган ташкилот амалга ошириши мумкин.
Актуарий - лотин тилидан таржима қилганда ҳисобчи деган маънони билдиради. Актуар ҳисоб-китоблар назариясини ўзлаштириб олган суғурта математикаси соҳасидаги мутахассис. У суғурта тарифларини ҳисоблаш ва методологиясини ишлаб чиқиш, узоқ муддатли суғурта турлари бўйича суғурта заҳираларини шакллантириш билан боғлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш билан шуғулланади. Ҳозирги пайтда Англияда актуарийлар институти фаолият кўрсатмоқда. Актуарийларнинг халқаро уюшмаси мавжуд.