Суғурта мукофоти- суғурта хизматини кўрсатганлик учун тўланадиган ҳақ. Суғурта мукофотининг миқдори суғурта суммасига нисбатан фоизларда аниқланади. Суғурта мукофотининг миқдори аниқ суммаларда ҳам ифодаланиши мумкин. Масалан, автомобиль эгаларининг учинчи шахсга зарар келтириш фуқаролик жавобгарлигини суғуртасида суғурта мукофоти аниқ пул бирлигида кўрсатилади.
Суғурта пули - суғурта мажбуриятини бажариш ҳамда суғурта операцияларини молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлмасдан ўзаро келишган ҳолда бир қанча суғурта компанияларининг ихтиёрий уюшмаси. Суғурта пули, асосан, хавфли, йирик объектларни суғурталаш мақсадида ташкил этилади. ҳар қайси компания ўз суғурталанган рискни пулга беради ва бунинг учун, пул орқали йиғилган суғурта мукофотларининг бир қисмини олади.
Суғурта объекти - шахсий суғуртада фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги, меҳнат қобилияти билан боғлиқ манфаати; мулкий суғуртада бинолар, қурилмалар, транспорт воситалари уй-жой мулки, ташиладиган юклар ва бошқа моддий бойликларни сақлашга бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаати; жисмоний ёки юридик шахснинг ўз ҳатти-ҳаракати билан унинг шахсга зарар келтириш фуқаролик масъулияти - масъулиятни суғурталашда суғурта объектлари бўлиб ҳисобланади. Рискни баҳолаш мақсадида суғурта объекти суғурта компаниясининг мутахассислари томонидан экспертиза қилиниши мумкин.
Суғурта шартномаси - икки ёки ундан ортиқ томонлар ўртасида тузиладиган ёзма равишдаги битим бўлиб, бунда суғурта компанияси суғурта ҳодисаси туфайли зарар кўрилганда суғурталанувчига суғурта қопламаси ёки суғурта суммасини тўлаш мажбуриятини, суғурталанувчи эса белгиланган муддатларда суғурта мукофотини тўлаш мажбуриятини олади. Суғурта шартномаси тузилганлик фактини тасдиқлаш учун суғурталовчи суғурталанувчига суғурта полиси беради. Суғурта шартномасини тузишдаги асосий, оддий ва қўшимча шартлар суғурта шартномасининг мазмунини ташкил этади.
3. Халқаро даражада қўлланиладиган суғуртага оид атамаларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
Абандон - тўлиқ миқдордаги суғурта суммасини олиш учун суғурталанувчининг суғурталанган мол-мулкдан суғурталовчининг фойдасига воз кечиши (суғурталанган кема нобуд бўлганда, у хабарсиз йўқолганда, кема ёки юк қароқчилар томонидан босиб олинганда). Абандон тўғрисидаги ариза воқеа-ҳодиса рўй бергандан кейин олти ой мобайнида берилиши керак. Айрим чет мамлакатлар қонунчилигида абандон суғурталанувчининг бир томонлама акти ҳисобланади. Фақат, Англия қонунчилигида абандон учун суғурталовчининг розилиги талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |