191-расм. Ҳозирги вақтда ҳосил бўлган туз ётқизиқлари. http://dead-sea.narod.ru
|
Ўзбекистон замини калий ва ош тузларига бой, лекин сульфат тузлари нисбатан кам тарқалган. Улар учта мустақил формацияларга: юқори юра, қуйи бўрда денгиз ва неоген-тўртламчи континентал галоген формацияларга ажратилади.
Юқори юра галоген денгиз формацияси Ўрта Осиёнинг жанубидаги катта ҳудудни қамраб олади. Ўзбекистонда бу формация Жанубий Тожикистон чўкмасининг Сурхондарё қисмини, Хисор тизмасининг жанубий-ғарбий этакларини ва мамлакатимизнинг ғарбий текисликларини ўз ичига олади. Лекин текислик ҳудудларида бу формация фақат ангидрит таркибига эга.
Ҳисор тизмасининг жанубий-ғарбий этакларида бу формация учҳадли тузилишга эга. Туз қатламларининг остида оксфорд оҳактошлари ётади. Уларнинг устида аввал ангидритлар (қалинлиги 400 м гача), кейин ош тузи (450 м ва ундан ортиқ) ётқизиқлари, энг устида қоплама ангидритлар горизонти (15 м гача) мавжуд. Бу ҳудудда бир қанча конлар (Байбича, Тюбегатан, Хўжаикон ва бошқалар) тарқалган. Байбича кони қизғиш ош тузидан иборат бўлиб, унинг заҳираси 234 млн.тоннани ташкил этади. Тюбегатан конида калий ва ош тузи ётқизиқлари ривожланган. Бунда калий тузининг заҳираси 1200 млн. тоннани ташкил этади.
Хўжаикон конида ҳам ош тузи, ҳам калий тузи мавжуд бўлиб, у Кугитантовнинг шарқий этакларида жойлашган. Бунда коннинг узунлиги 2,5 км, кенглиги 860 м ва қалинлиги 200м ни ташкил этади.
Неоген-тўртламчи давр континентал галоген формациялар Фарғона водийсида, қуйи Амударё ва Устюртда кенг тарқалган. Фарғона водийсининг шимолий-ғарбий қисмидаги галоген формация гипс ва ангидритдан иборат бўлиб, амалий аҳамиятга эга эмас.
Ўзбекистоннинг ғарбий қисмидаги континентал галоген формация асосан тўртламчи давр ётқизиқларида мавжуд ва ҳозирги замон шўр кўлларда чўкмага ўтмоқда. Бу ерда ош тузи Борсакелмас, Кораумбет ва Қамисбулоқ конларида, мирабилит Тумруқ конида, эпсомит Қўшқанотов конида мавжуд.
Соҳилбўйи зоналарида континентлардан ташиб келтирилган кимёвий нураш ва тупроқ маҳсулотлари билан бойиган коллоид эритмаларнинг коагуляцияси туфайли темирли чўкиндилар ҳосил бўлади. Одатда улар концентрик пўчоқсимон тузилишли темир оксидларидан таркиб топган майда ажратмалардан иборат. Бундай ҳосилалар оолитли ёки ловияли темир маъданлари дейилади. Баъзан улар кўл тубида яхлит қатламларни ҳосил қилади.
Катта қалинликда нураш қобиқлари ривожланиши характерли бўлган тропик ва субтропик иқлимли минтақалардаги кўлларда, темирли маъданлардан ташқари, оолитли тузилишга эга бўлган глиноземли чўкиндилар тўпланади. Улар асосан алюминий гидроксидларидан таркиб топган ва кейинчалик бу металнинг қимматбаҳо маъданига - бокситга айланади.
Ерости сувлари томонидан кальций карбонат келтирилиши туфайли карбонатли чўкиндилар: кўл бўри, мергели, оҳакли конкрецияларнинг қатламчалари ва линзалари ҳосил бўлади.
Нисбатан майда кўллар одатда чўкиндилар билан тўлиб ва ўсимликлар билан қопланиб ботқоқликка айланиб кетади.
Кўлларда жуда хилма-хил чўкиндилар тўпланади ва уларнинг кўпчилиги фойдали қазилма саналади. Бу, биринчи навбатда минерал тузлар, сода, темир маъданлари, бокситлар, ўғит ва даволаш балчиқлари ҳамда бир қатор органик бирикмалар олинадиган ёнувчи сланецлар, сапропеллардир. Гравий-қум-гилли ётқизиқлар маҳаллий қурулиш материаллари сифатида фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |