140-расм. Карст шаклларининг схематик тасвири: 1 - карлар; 2 - понор; 3 – карст воронкаси; 4 – карст бўшлиғи; 5 – карст ғори.
Карстлар ерустида сув таъсирида очилиб қолган эрувчи тоғ жинслари юзасида ривожланади. Уларнинг орасида каррлар, понорлар, карст воронкалари ва қудуқлари ажратилади.
Каррлар тоғ жинслари юзасида жўяклар, чандиқлар, ёриқлар шаклидаги унча чуқур бўлмаган (бир неча сантиметр) чуқурчалар мажмуасидан иборат. Улар кенг ривожланган жойларда ўтиб бўлмайдиган карр майдони ҳосил бўлади.
Понорлар катта қияликдаги ёки тик қудуқсимон шаклдаги тешик бўлиб, у орқали юза сувлари чуқурликка оқиб ўтади. Бундай сув ютувчи тешиклар одатда дарзликлар ўзаро кесишган жойларда шаклланади.Карст воронкалари - ер юзасида энг кенг тарқалган карст шаклларидир. Бу катта қияликдаги деворларга эга бўлган конуссимон ёки косасимон чуқурликдир (141-расм). Тик деворга эга бўлган тури карст қудуғи дейилади (142-расм). Уларнинг диаметри одатда 1 дан 5 м гача боради, базан 15-20 м ни ташкил этади. Улар тоғли районларда ҳам, текисликларда ҳам учрайди.
141-расм. Карст воронкалари.
|
142- расм. Карст қудуғи.
|
Ўзига хос юза карст шакллари эриш ва суффозия жараёнларининг биргаликда ривожланиши туфайли ҳосил бўлади. Суффозия (лотинча suffosio – остини кавлаш) деганда бўшоқ жинслар орасидан майда гил зарраларининг ювилиб кетилиши тушунилади. Карстланувчи жинслар қум-гилли ётқизиқлар билан қопланган ҳолларда шимилаётган сувлар ёрдамида улардаги гил зарралари сув билан ювилиб, пастдаги карст бўшлиқларига олиб тушилади. Шу туфайли қоплама жинслар чўкиб, остидаги карст бўшлиқларига ўпирилиб тушади.
Ерости карст шакллари асосан карст ғорларидан иборат бўлади. Бу энг йирик карст шакли бўлиб, уни спелеология фани ўрганади.
Карст ғорлари горизонтал ва қия каналлар тизимидан иборат бўлиб, одатда мураккаб тармоқланувчи, бир кенгайиб, бир тораювчи бўшлиқлардан иборат бўлади. Карст ғорларининг бундай ғорайиб шакллари карстланувчи жинслардаги дарзликлар тизими ва карстланувчи жинслар таркибининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ.
Йирик ғорларнинг тубида ерости кўллари, сойлари мавжуд бўлиб, улар нафақат тоғ жинсларини эритади, балки ювади ҳам (эрозия). Баъзан ғорларнинг усти қулаб тушиб, карст воронкалари вужудга келади.
Шундай қилиб, ерусти ва ерости карст жараёнлари ўзаро боғлиқ бўлади.
Кучли карстлашган районларда кўп қаватли ғорлар ривожланган. Карст ғорларининг бундай қаватлилиги грунт сувлари сатҳининг ўзгариши билан боғлиқ. Эрозия базисининг пасайиши грунт сувлари сатҳининг пасайиши билан бирга кечади ва бу ғорнинг янги қавати шаклланишига олиб келади.
Карст ғорлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида учрайди. Улар АҚШ даги Кентукки платосини ташкил этувчи ғовакли оҳактошларда кенг тарқалган. Бу ердаги энг йирик Мамонт ғори беш қаватли бўлиб, умумий узунлиги 300 км ва асосий залининг баландлиги 30 м гача боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |