Зилзила деганда нимани тушунасиз? Зилзиланинг ҳосил бўлиш механизми нималардан иборат? Зилзила учоғи нима? Сейсмик минтақа ва асейсмик ўлка деганда нимани тушунасиз? Медведев ва Рихтер сейсмик шкалаларининг асосий моҳияти ва фарқи нималардан иборат? Цунами нима? Зилзилани башорат қилиш мумкинми? Сейсмограф ва сейсмограммалар нима?
10 боб. ЭФФУЗИВ МАГМАТИЗМ –ВУЛКАНИЗМ.
10.1. Вулкан қурилмалари
Эндодинамик жараёнлар ичида бевосита кузатиш ва текшириш мумкин бўлганларидан бири вулканизмдир. Вулканизм магматизм жараёнинииг бир қисми бўлиб, бунда ер юзасига магма маҳсулотлари отилиб ёки оқиб чиқади.
Ер шаридаги энг йирик вулканлар. Африкадаги Килиманжаро - 5895 м, Чимборасо (Эквадор) - 6267 м, Попокатепет (Мексика) - 5452 м, Ключи Сопкаси (Камчатка) - 4750 м, Мауна - Лоа (Гавайи ороллари) - 4166 м (океан тагидан 10 минг м). Этна (Ўрта денгиз) - 3263 м, Стромболи вулкани (Ўрта ер денгизи) - 900 м ҳисобланади.
Вулканизм жараёнини одамлар ибтидоий тузумдан бошлаб кузатиб келадилар. Ўтмишда вулкан отилиб турадиган ўлкаларда яшовчи кишилар бу табиий жараённи илоҳий кучга боғлаб келганлар.
Дарҳақиқат, табиатда содир бўладиган даҳшатли ҳодисалар ичида энг қўрқинчлиси вулкан отилишидир. Вулканлар ҳаракатидан ер пўстида кучли ўзгаришлар рўй беради, кишилик жамиятига моддий ҳам маънавий зарар келтирилади.
Вулкан ҳаракати туфайли турли янги реьеф шакллари ҳосил бўлади. Уларнинг орасида вулкан конуслари асосий аҳамиятга эга (73-расм). Даслаб магма ўчоғида вужудга келган магма бурдаланган
зоналар ёки ер ёриқлари бўйлаб ер сиртига интилади.
Вулкан маҳсулотлари чиқадиган канал бўғиз, унинг оғзидаги доира шаклидаги пасткамлик кратер деб аталади. Баъзан вулкан аппаратларининг ён томонларида ериқлар пайдо бўлади, у ердан ҳам вулкан маҳсулоти чиқабошлайди. Бу хилдаги вулкан паразит вулкан деб аталади. Улардан ҳам кўп миқдорда лава чиқиши мумкин.
Вулкан илдизи, яъни унинг бирламчи магматик ўчоғи 60-100 км чуқурликдаги астеносфера қатламида жойлашган бўлади. Ер пўстининг 20-30 км чуқурлигида ҳам иккиламчи магматик ўчоқ жойлашган бўлиб, у бўғиз орқали вулканни бевосита озиқлантиради. Вулкан конуси отилиб чиққан маҳсулотлардан тузилган. Конус учидаги кратер баъзан сув билан тўлдирилган бўлади. Кратер диаметри турлича бўлиши мумкин. Масалан, Ключевск Сопкасиники 675 м, Помпейни вайрон қилган Везувий вулканиники эса 568 м.Вулкан отилишдан ҳосил бўлган рельеф шакллари хилма - хилдир. Масалан, Маар типидаги вулкан кратерининг атрофи туф ёки вулкан кулидан иборат. Вулкан кратерининг диаметри 250 м дан 1 км гача бўлиб, унинг шакли ворон-кага ўхшаш, кратери кўпинча сув билан тўлиб, кўл ҳосил қилади.
Вулкан отилганидан сўнг кратер емирилади ва тик деворларга эга бўлган чўкма – кальдера ҳосил бўлади. Кальдералар газ ва буғнинг жуда кўп тўпланиб қолиши натижасида баъзан жуда кучли портлаш эвазига вужудга келиши мумкин (74-расм).