Литосфера плиталари ичидаги жараёнлар. Литосфера плиталари тектоникаси назариясида дастлаб вулканизм ва сейсмик ҳодисалар литосфера плиталари чегарасида тўпланади деган тушунча мавжуд бўлган. Аммо бундай ўзига хос тектоник ва магматик жараёнлар бошқа жойларда ҳам ривожланганлиги маълум бўлди. Литосфера плиталари ичидаги жараёнлар орасида баъзи районларда қайноқ нуқталар деб номланувчи узоқ давом этувчи базальт магматизми ҳодисаси алоҳида ўринни эгаллади.
Қайноқ нуқталар. Океанлар тубида кўп сонли вулкан ороллари жойлашган. Улардан баъзилари ёши аста-секин ўзгариш тартибида занжир ҳосил қилиб жойлашган. Бунга намунавий мисол бўлиб Гавай сувости тизмасининг вулканлар қатори ҳисобланади. У океан сатҳидан Гавай ороллари шаклида чиқиб туради. Гавай оролларидан 3000 км масофада бу занжир озроқ шимолга бурилади ва шундан бошлаб Император тизмаси номини олади. У Алеут ороллар ёйи яқинида чуқурсувли нов орқали узилади.
Бундай ғаройиб структурани тушунтириш учун шундай тахмин қилишган: Гавай ороллари тагида жойлашган қайноқ нуқта – бу қайноқ мантия оқими ер юзасига кўтариладиган жой бўлиб, устида ҳаракатланувчи океан пўстини қайта эритади. Бундай нуқталар ҳозирги кунда ер юзасида кўплаб топилган. Уларни келтириб чиқарган мантия оқимлари плюмдеб аталади. Баъзи ҳолларда плюмларнинг жуда катта чуқурликлардан, ҳатто, ядро - мантия чегарасидан модда олиб чиқиши эҳтимол қилинади.
Литосфера плиталари ҳаракат тезлигини ўлчаш. Литосфера плиталари ҳаракат тезлигини ўлчашнинг бир қанча усуллари мавжуд. Қайноқ нуқталар билан боғлиқ вулканлар плиталар орасидаги чегарадан анча узоқда жойлашган бўлиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, қайноқ нуқталар вулканизми плиталар чегарасида кечадиган жараёнларга боғлиқ эмас. Қайноқ нуқталарнинг вулканизми мантияда кечаётган чуқурлик жараёнлари билан боғлиқ. Тинч океанининг марказий қисмида жой-лашган Гавай ороллари қайноқ нуқталардаги вулканизм фаолияти натижасида ҳосил бўлган. Тинч океани архипелаги оролларининг жойлашиши шуни кўсатадики, Тинч океани плитаси қайноқ нуқталар тизимига нисбатан шимолий-ғарбга қараб силжимоқда. Кауаи вулкани бундан 3,1 млн йил илгари плитанинг шу қисми бевосита қайноқ нуқта устида жойлашган вақтда ҳосил бўлган. Шундан буён бу орол 600 км масофага силжиган. Бу Тинчокеани плитасининг қайноқ нуқтага нисбатан йилига 11-12 см тезлик билан силжиётганлигини билдиради (61-расм).