Континентларнинг тўқнашуви. Континентал литосфера плиталарининг тўқнашуви пўстнинг бурмаланишига ва тоғ тизмаларининг пайдо бўлишига олиб келади. Бу жараён коллизия дейилади. Бундай коллизияга мисол қилиб Тетис океанининг ёпилиши ҳамда Евросиё плитасининг Ҳиндистон ва Африка плиталари билан тўқнашуви туфайли вужудга келган Альп-Ҳимолай тоғ қамбарини кўрсатиш мумкин. Бунда ер пўстининг қалинлиги анча ошган, Ҳимолай тоғи остида у 70 км га боради. Қалинлиги кескин ошган пўстда метаморфлашган чўкинди ва магматик жинслардан гранит таркибли магма ҳосил бўлади. Масалан, Ангар-Витим ва Зеренди сингари улкан батолитлар шундай ҳосил бўлган.
Дивергент чегаралар. Бу чегаралар қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланувчи литосфера плиталари орасидаги сарҳаддир. Ер рельефидаги бу чегаралар рифтлар орқали ифодаланган, уларда чўзилиш деформацияси устуворликка эга, пўстнинг қалинлиги минимал, иссиқлик оқими максимал ва фаол вулканизм кечади. Агар бундай чегара континентларда ҳосил бўлса, континентал рифт шаклланади. У кейинчалик марказида океан рифти бўлган океан ҳавзасига айланиши мумкин. Океан рифтларида спрединг натижасида янги океан пўсти шаклланади.
Конвергент чегаралар. Литосфера плиталари тўқнашуви содир бўладиган чегаралар конвергент чегаралар дейилади. Бунда учта вариант бўлиши мумкин:
Континентал литосфера плитасининг океан плитаси билан тўқнашуви. Океан пўсти континентал пўстга нисбатан зичроқ бўлганлиги сабабли субдукция зонасидан континентлар остига кириб кетади.
Океан литосфера плиталарининг ўзаро тўқнашуви. Бу ҳолда литосфера плиталаридан бири иккинчисининг остига кириб кетади ва устида ороллар ёйи шаклланувчи субдукция зонаси ҳосил бўлади.
Континентал литосфера плиталарининг ўзаро тўқнашуви. Бунда коллизия, йирик бурмали вилоят вужудга келади. Бунга Ҳимолай тоғлари мисол бўлади.
Баъзи ҳолларда океан пўстининг континентал пўст устига сурилиши - обдукциясодир бўлади. Шу жараёнлар туфайли Кипр, Янги Каледония, Уммон ва бошқаларнинг офиолитлари вужудга келган.
Субдукция зонасида океан пўсти ютилиб кетади ва шу туфайли Ўрта океан тизмасида унинг пайдо бўлиши компенсацияланади. Пўст ва мантия орасида ўзаро фавқулодда мураккаб жараёнлар кечади. Бунда океан пўсти ўзи билан бирга континентал пўст блокларини олиб тушиши кузатилади. Жуда юқори босим таъсирида ҳозирги геологик тадқиқотларнинг қизиқарли объектлари ҳисобланувчи метаморфик мажмуалар пайдо бўлади.
Ҳозирги субдукция зоналарининг кўпчилиги Тинч океанининг четларида жойлашган бўлиб, оловли ҳалқани ташкил этади. Литосфера плиталарининг конвергенция зонасида кечадиган жараёнлар геологиядаги энг мураккаб масала ҳисобланади. Уларда турлича йўллар билан келиб чиққан блоклар янги континентал пўстни ҳосил қилиб, аралашиб кетади.
Океан рифтлари. Океан пўстида рифтлар ўртаокеан тизмаларининг марказий қисмида жойлашган бўлади. Уларда янги океан пўстининг шаклланиши амалга ошади. Ўртаокеан тизмаларининг умумий узунлиги 60 минг километрдан ортиқ. Уларда кўпчилик гидротермал булоқлар жойлашган бўлиб, океанга ички ҳароратнинг анча қисмини ва эриган элементларни олиб чиқади. Юқори ҳароратли булоқлар қора чекувчилар деб номланган, улар билан рангли металларнинг бой заҳиралари боғлиқ.