1963 йили спрединг гипотезаси океан тубида йўл-йўлли магнит аномалияларининг кашф этилиши туфайли бақувват таянчга эга бўлди. Улар океан тубидаги базальтларда магнитланишни қайд этувчи Ер магнит майдони инверсияси ёзуви сифатида талқин қилинди. Шундан сўнг литосфера плиталари тектоникаси Ер ҳақидаги билимлар соҳасида ўзининг салб юришини бошлайди. Бу ғоянинг тарафдорлари кескин ошиб борди.
Ҳозирги вақтда литосфера плиталари тектоникаси назарияси литосфера плиталари ҳаракат тезлигини бевосита ўлчовчи аниқ асбоблар ва сунъий йўлдошларнинг навигация тизимлари (GPS) ёрдамида тасдиқланди. Шундай қилиб, олиб борилган кўп йиллик тадқиқот натижалари литосфера плиталари тектоникаси назариясининг асосий ҳолатларини тасдиқлади.
8.2. Литосфера плиталари тектоникаси назариясининг ҳозирги мазмуни
Ўтган ўн йилликларда литосфера плиталари тектоникаси назарияси ўзининг асосий мазмунини анча ўзгартирди. Ҳозир уларни шундай таърифлаш мумкин:
- Ернинг устки қаттиқ қисми мўрт литосферага ва пластик астеносферага бўлинади. Астеносферадаги конвекция - литосфера плиталари ҳаракатининг бош сабабчиси.
- Литосфера 8 та йирик, ўнлаб ўртача ўлчамдаги ва кўплаб майда плиталарга бўлинади. Майда литосфера плиталари йирикларининг орасидаги қамбарларда жойлашган. Сейсмик, тектоник ва магматик фаоллик литосфера плиталари орасидаги чегараларда кузатилади.
- Литосфера плиталари биринчи қарашда қаттиқ жисм каби кўринади, аммо уларнинг ҳаракати Эйлернинг айланиш теоремасига бўйсинади.
- Литосфера плиталарининг нисбатан сурилиши уч турда амалга ошади:
а) рифтинг ва спрединг орқали ифодаланган ажралиш (дивергенция);
б) субдукция ва коллизия орқали ифодаланган туташиш (конвергенция);
в) трансформали ер ёриқлари бўйлаб силжиш.
- Океанлардаги спрединг уларнинг чеккаларидаги субдукция ва коллизия билан компенсацияланади, бунда Ернинг радиуси ва ҳажми ўзгармасдан қолади. Ер ўлчамларининг доимийлиги даврий равишда рад этилиб келинган, аммо ернинг сезиларли ўзгаришини тасдиқловчи далиллар етишмайди.
- Литосфера плиталарининг сурилиши астеносферадаги конвектив оқимлар ёрдамида амалга ошади.
Ер пўстининг батамом ўхшаш бўлмаган икки тури - континентал пўстлоқ (анча қари) ва океан пўстлоқ (200 миллион йилдан ортиқ эмас) мавжуд. Баъзи литосфера плиталари фақат океан туридаги пўстдан (масалан - улкан Тинчокеан литосфера плитаси), бошқалари эса океан пўстига пайвандланиб қолган континентал пўстнинг блокларидан иборат.
Ер юзасининг 90% дан ортиқироғини 8 та улкан литосфера плиталари ташкил этади (58-расм):
Австралия плитаси