Неоген даврида материкларнинг тарқалиши давом этган. Айниқса Атлантика океани фаол шаклланган (244-расм). Бу океаннинг кейинги 50 млн йилдаги аста-секин кенгайишини ундаги ороллар ёши кўрсатади. Радиогеологик усуллар ёрдамида қуруқликка яқин бўлган оролларнинг ёши океан марказидагиларига нисбатан қадимийроқ эканлиги аниқланган. Масалан, Яшил Бурун, Принсипи, Сан-Томе, Аннобон, Фернанду-ди-Норонья (Шимилий ва Жанубий Американинг шарқий соҳиллари бўйлаб) оролларнинг ёши 120-150 млн йилга тенг. Азор, Биби Елена, Гоф, Найтингейл ва Бермуд ороллари улардан анча ёш -30-20 млн йил. Деярли Антантика океанининг ўқида жойлашган Тристан-да-Кунья, Буве, Ян-Майен оролларининг ёши 10 млн йилдан ортиқ эмас. Оролларнинг ёшини ва улардан материкларгача масофани ҳисобга олиб Африка ва Европанинг Шимолий ва Жанубий Америкадан узоқлашиш тезлигини ҳисоблаб топиш мумкин. Бу тезлик 2-6 см/йилни ташкил этади.
Тетис океанининг ёпилиши. Материкларнинг силжишига, улкан тоғ қамбарларининг вужудга келишига сабабчи бўлган кўламли тектоник жараёнлар сайёрамизнинг кўринишини тубдан ўзгартиради. Янги океанлар (Атлантика, Ҳинд) пайдо бўлади, эскилари эса йўқолиб кетади. Бу борада машҳур Тетис океанининг қисмати эътиборлидир. Бир неча юз миллион йиллар давомида ушбу океан сайёрамиздаги энг улкан океанлардан бири бўлиб келган.
Ёш тоғ ҳосил қилувчи тектоник ҳаракатлар жадаллашган неогенда Тетис океани дастлаб ўлчами бўйича бир-бирига тенг бўлмаган иккита: жанубий ва шимолий денгиз ҳавзаларига ажралиб кетган. Альп тоғларидан Болқон, Қрим, Кавказ орқали Марказий Эрон ва Афғонистонгача чўзилган тор қуруқлик қамбари бу денгизларни ажратиб турган. Анча йирикроқ бўлган жанубий денгиз ҳавзаси Дунё океанига туташиб турган. Шимолий денгиз эса Дунё океанидан ажралиб қолган, тобора ўсиб бораётган тоғлар эса унинг акваторияси қисқариб боришига сабабчи бўлган. Европанинг ички районларидан Кавказолди бўйлаб минглаб километрларгача чўзилган улкан Сармат денгизи – Паратетис вужудга келган. Шарқий Европа платформасининг жанубини ҳам қоплаб олган бу ҳавзада қум-гилли чўкиндилар ва органоген оҳактошлар тўпланган.
Плиоценга келиб Паратетиснинг ўзи давом этаётган тоғ ҳосил қилувчи жараёнлар ва тоғларнинг ўсиши туфайли бир қанча алоҳида ҳавзаларга парчаланиб кетган. Ўсаётган Кавказ ва Копетдоғ тоғлари Паратетис сувининг шимолга сурилишига олиб келган. Кейинчалик, плиоценнинг охирларида ҳозирги Каспийбўйи пасттекислиги денгиз билан қопланган. Бунда очиқ океан билан алоқаси бўлган Тетиснинг жанубий қисми ҳам чекинган.
Вақтлар ўтиши билан Альп, Карпат, Қрим, Кавказ ва Копетдоғ ҳозирги кўринишига эга бўлган. Уларнинг ўлчами катталашиб, ўсиб борган. Бу тоғларни ўраб турган ҳудудлар ҳам кўтарилиб, Тетис океанидан қолган денгизлар акваторияси торойиб боради. Жанубий денгиз ўз орқасида ботиқлик ва кўлларни қолдириб, Ҳинд океанига қўшилиб кетади.
Паратетиснинг парчаланиши туфайли Ўрта ер денгизи, Қора ва Каспий денгизлари бир-биридан ажралиб қолади. Кечки плиоценда Орол денгизи вужудга келган. Бу денгизлар даврий равишда ўзаро туташиб ва ажралиб турган. Бу вақтда Гибралтар, Босфор ва Дарданелла бўғозлари ва Эгей денгизи бўлмаган. Европа баъзи жойларда Африка билан Ўрта ер денгизи орқали бевосита туташиб турган.
Неоген ва антропогенда Қора, Каспий ва Орол денгизлари ўз кўринишларини бир неча бор ўзгартирган.
Антропогенда Ўрта ер ва Қора денгизлар орасидаги алоқа Босфор ва Дарданелла бўғозлари орқали тикланган. Бу алоқа Қора денгизни бутунлай қуриб қолишдан сақлаган. Аксинча Қора денгиз билан Каспий денгизи орасидаги алоқа бутунлай узилган. Ҳозирги вақтда Каспий ва Орол денгизлари аста-секин қуриб бормоқда. Дарёлар келтираётган сувлар буғланишни мувозанатлашга қодир эмас.
Шундай қилиб, неоген-антропогенда Тетис океани парчаланиб, йўқолиб кетган. Қачонлардир Лавросиё ва Гондванани ажратиб турган улкан океаннинг мавжудлигини ушбу қолдиқ денгизларгина эсалатиб туради.