13.3. Элювий ва нураш пўсти
Ўзаро мураккаб боғлиқликда бўлган физик, кимёвий ва органик нураш жараёнларида икки хил: қолдиқ ва ҳаракатчан маҳсулотлар юзага келади.
Нурашнинг ҳаракатчан маҳсулотлари эритма таркибида нураш профилини тарк этади.
Нурашнинг қолдиқ маҳсулотлари - эллювий континентал ётқизиқларнинг бир генетик турини ташкил этади.
Элювийнинг тузилиши ва қалинлиги бир қатор омилларга боғлиқ бўлиб, уларнинг орасида туб жинслар таркиби, иқлим, ўсимликлар миқдори, жойнинг рельефи ва нураш жараёнининг давомийлиги асосий ҳисобланади.
Элювий ҳосил бўлиш учун энг қулай шароитлар бўлиб текисланган рельефда юқори ҳарорат, намлик ва ўсимликларнинг зичлиги саналади.
Паст ҳарорат шароитларида нураш жараёнлари секинлашади, минералларнинг кимёвий парчаланиши деярли содир бўлмайди, тоғ жинсларининг механик парчаланиши устуворлик қилади.
Элювийнинг тузилиши, қалинлиги ва уни ташкил этувчи ҳосилалар таркиби жуда турли-туман бўлади. Турли иқлим шароитларда элювий тузилишидаги муайян кетма-кетлик нураш жараёнларининг босқичли характеридан далолат беради.
Нураш босқичлилиги нураш зонасида тоғ жинсларининг кетма-кет қайта ўзгаришида ифодаланган. Нураш қобиғининг якуний маҳсулоти бўлиб ер юзасининг муайян иқлим зоналарида барқарор бўлган минераллар ҳисобланади, яъни нураш босқичлари бошқа тенг шароитларда иқлим билан боғлиқ.
Нураш босқичлари магматик жинсларда айниқса яққол ифодаланган бўлади. Б. Б. Полинов бунда қуйидаги босқичларни ажратади:
- бўлакли;
- сиаллитли оҳаксизланган;
- нордон сиаллитли;
- аллитли.
Бўлакли босқич физик нураш устуворлиги билан характерланади ва натижада турли ўлчамдаги бўлаклар тўпланади. Бунда минерал таркиб ўзгармайди ёки жуда суст ўзгаради. Элювийнинг бундай тури қутбий вилоятларда, саҳро ва ёш тоғли районларда ривожланган.
Сиаллитли оҳаксизланган босқич кимёвий нурашнинг бошланғич босқичи бўлиб, унда силикатлар ва алюмосиликатларнинг парчаланиши бошланади, нураш кесмасидан катионлар қисман чиқариб кетилади. Бу шароитларда монтмориллонит гуруҳидаги оралиқ гил минераллари, қисман гидрослюда ҳосил бўлади ва карбонатлар билан бойийди. Бундай элювий қуруқ континентал иқлимда ҳосил бўлади.
Нордон сиаллитли босқич барча катионларнинг ва қисман кремнеземнинг нураш кесмасидан чиқариб кетилиши билан характерланади. Каолинит груҳидаги минераллар ҳосил бўлади, карбонатлар олиб чиқиб кетилади. Бундай жараёнлар нам мўътадил шароитларда тез кечади.
Аллитли босқичда гил минералларининг парчаланиши чуқурлашади, юза шароитларида барқарор бўлган алюминий, темир ва кремнийнинг оксидлари ва гидрооксидлари, асосан бокситларнинг таркибий қисми бўлган гиббсит ва бемит, гетит, гидрогетит ва опал вужудга келади.
Силикатлар ва алюмосиликатлар тропик ва субтропик шароитларида тўлиқ (аллит босқичи) парчаланади, мўътадил иқлим шароитларда эса фақат каолинит ҳосил бўлиш босқичигача боради, холос.
Элювийнинг кесмасида тоғ жинслари турли даражада ўзгарган вертикал табақаланиш кузатилади. Унинг устки қисмидан пастки қисмига қараб қимёвий ўзгариш даражаси пасайиб боради. Вертикал табақаланиш тропик ва субтропиклардаги элювийда ёрқин ифодаланган.
Кимёвий нурашга учраган элювий нураш қобиғи дейилади. Унинг қалинлиги пастки зоналар ҳисобига, пастки зоналари эса туб жинслар ҳисобига ошиб боради.
Нураш қобиғининг қалинлиги 30 - 40 м ни ташкил этади, баъзан 100 - 200 м га етиши мумкин. Энг қалин нураш қобиғи тропик ва субтропикларда иссиқ ва нам иқлим шароитларида ривожланади. Нураш қобиғининг чуқур ўзгарган устки қисмида нурашнинг якуний маҳсулотлари - Al, Fe ва қисман Si оксидлари ва гидрооксидлари ҳосил бўлади. А1 ва Fe охралари элювийга қизил ранг беради ва қуруқ ҳолда ғиштни эслатувчи қаттиқ бўлади. Бундай нураш қобиғи латерит (лотинча later - ғишт) дейилади (113-расм).
Чўкинди жинсларда нураш қобиғи одатда унча катта бўлмаган қалинликка эга. У 5 - 10 м ни ташкил этади, аммо дарзлашган зоналарда ўнлаб метрга етиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |