Таянч атама ва тушунчаларга изоҳ беринг
Метаморфизм, динамометаморфизм, псевдоморфоза, метасоматит, мигматизация, автометаморфизм, гранитизация, стресс босим, флюид, литостатик босим, диафторез, прогрессив метаморфизм, полиметаморфизм, термал, контакт, минтақавий метаморфизм, фация, эпизона, мезозона, катазона, яшил сланецлар, гнейс, эклогит.
Назорат саволлари
Метаморфизм деб нимага айтилади?
Метаморфизм жараёни деганда нимани тушунасиз?
Метаморфизмнинг қандай турларини биласиз?
Динамометаморфизм ва термал метаморфизм жараёнини қандай тасаввур этасиз?
.Минтақавий меаморфизмни изоҳлаб беринг.
`
3 ҚИСМ. ЭКЗОГЕН ЖАРАЁНЛАР
13 боб. ЭКЗОГЕН ЖАРАЁНЛАР ҲАҚИДА ТУШУНЧА. НУРАШ
13.1. Умумий маълумотлар
Ер пўстида ва унинг юза қисмидаги барча ўзгаришларга сабабчи бўлган иккита қудратли куч бор. Уларга эндоген ва экзоген кучлар ёки жараёнлар деб ном берилган. Биринчисининг ҳаракатга келтирувчи манбаи Ернинг ички энергияси бўлса, иккинчисиники ташқи, асосан - Қуёш энергиясидир.
Эндоген кучлар бунёд этувчи хусусиятга эга бўлса, экзоген кучлар барбод этувчи вазифасини бажаради. Масалан эндоген кучлар Ер юзасининг барча нотекисликларини бунёд этса, экзоген кучлар уларни текислашга ҳаракат қилади.
Экзоген (юнонча - ехо - ташқи, депон - келиб чиқиш, пайдо бўлиш) жараёнлар Ер юзасида содир бўладиган табиий ҳодисалар бўлиб, уларни ҳаракатга келтирувчи манба қуёш энергиясидир. Шунингдек экзоген жараёнлар литосферанинг атмосфера, гидросфера ва биосфералар билан ўзаро таъсири натижасида содир бўладиган табиий ҳодисалардир. Экзоген жараёнлар асосан ер пўстининг юза қисмини ўзгартиради.
Барча экзоген жараёнлар тоғ жинсларини емиради (нураш, эрозия, денудация, абразия, экзарация), емирилган жинсларни ташийди (кўчиради) ва тўплайди (аккумуляция). Ана шу табиий ҳодисалар туфайли ер юзасининг рельефини текислайди. Лекин экзоген жараёнларнинг фаоллигини кўп ҳолатларда эндоген жараёнлар белгилаб беради ва ҳар иккаласи қарама-қаршиликлар кураши ва бирлиги қонуни асосида намоён бўлади. Масалан, тоғлар (вулканик, тектоник) қанчалар тез ва баланд кўтарилса, уларнинг емирилиши шунчалар тезлашади. Бунда ер пўстида модда ва энергия алмашинуви кузатилади: тоғлар емирилиб, пасая боради, текисликлар эса, чўкинди жинслар билан тўлиб, кўтарила бошлайди. Ер пўстидаги мавжуд мувозанат бузилиб, тектоник ҳаракатлар янгидан фаоллашиш босқичига ўтиб, вулканлар ҳаракатланиши, даҳшатли зилзилалар содир бўлиши мумкин.
Демак, бу иккала кучлар ўзаро динамик бирликда ривожланади. Шунинг учун ҳам геологик - геоморфологик тадқиқот ишларининг услубий асоси эндоген ва экзоген кучларининг ўзаро нисбатини таҳлил қилиш ҳисобланади.
Қуёш энергияси ва бошқа ташқи кучлар таъсирида содир бўладиган ер пўстининг юза қисмидаги барча табиий ҳодисаларни экзоген жараёнлар деб аталади. Экзоген жараёнларни иккита йирик гуруҳга: қуруқликдаги ва сувли муҳитдаги жараёнларга ажратиш мумкин. Қурукликдаги экзоген жараёнларга нураш, шамол, вақтинча ва доимий оқар сувлар ва музликлар, сувли муҳитдагиларга денгиз ва океан сувлари, кўл ва ботқоқликлар, ерости сувларининг фаолияти тегишлидир.
Сув оқими билан боғлиқ бўлган жараёнлар тоғ жинсларининг емирилиши, ерилган материалларнинг ташилиши, дарё, дельта ётқизиқлари, умуман эрозия, кўчириш ва тўплаш жараёнлари мажмуасидан ташкил топади.
Экзоген жараёнларнинг вақт давомида ривожланишига асосан учта (тектоника, иқлим, антропоген) омиллар таъсир этади ва тўртта босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда экзоген жараёнлар кучаяди ва унга мос ҳолда ландшафтларнинг ўзгариши жадаллашади. Иккинчи босқичда экзоген кучларнинг заифлаша бориши ва ландшафтларнинг ўзгариши ўртасида мувозанат юзага келади. Бу мутаносиблик маълум вақт давом этади. Учинчи босқичда экзоген жараёнларнинг тобора заифлашуви узоқ муддатларда давом этиши ҳисобига ландшафт типлари янги шароитга мослаша боради. Тўртинчи босқичда динамик мувозанат ҳолатида ривожланиш муҳити шаклланади. Бу ҳолат бирор куч таъсир этмаса, узоқ геологик вақт давомида экзоген жараёнлар билан ландшафт типларининг мутонасиблиги ўзгармайди.
Қуйида экзоген жараёнларга тегишли бўлган нураш, шамол, сув, музлик, денгиз ва океан, кўл ва ботқоқлик, ерости сувларининг таъсири, тупроқ ҳосил қилувчи жараёнлар ҳақида маълумотлар келтирамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |