Контакт метморфизимида магма сув ва карбонат кислотаси билан бирга бошқа элементларни бериб ёки қабул қилиб, атрофдаги жинсларнинг кимёвий таркибини ўзгартиради. Бу жараёнда скарнлар, маъданли, метасоматик жинслар пайдо бўлади. Термал метаморфизмнинг минтақавий метаморфизмдан фарқи босимнинг кучсизлиги ва магманинг ёндош жинсларга қисқа вақт таъсир этишидир. Шунинг учун ўзгарган тоғ жинсларининг зонаси унча кенг бўлмай, у фақат икки жинс контакти бўйлаб ривожланади.
Контакт метаморфизми натижасида магма ёнидаги чўкинди жинслар қайта кристалланади, баъзан ҳатто кимёвий таркиби ўзгариб кетади. Масалан, контактга яқин жойдаги оҳактош қатлами кристалланиб мармарга айланади. Гил ва қумтошли жинслар роговик ва кристалли жинсларга айланади. Магма массасидан узоқлашган сари, чўкинди жинслардаги метаморфизм жараёнининг интенсивлиги ва таъсир даражаси камайиб боради. Бундай жинсларни ер юзига чиқиб қолган ва емирилган жойларда учратиш мумкин. Масалан, Ўзбекистоннинг ғарбидаги Қоратепа ва Зирабулоқ тоғларидаги гранит интрузиви контактидаги жинслар бунга жуда яхши мисол бўлаолади.
Контакт метаморфизмининг минерал таркиби интрузив тана контактидан узоқда ҳосил бўлувчи паст ҳароратли гидрооксидли мажмуадан интрузия яқинида юқори ҳароратли мажмуагача ўзгаради. Контакт-термал метаморфизм турлари бирламчи жинсларнинг моддий таркиби ва жараён кечган шароитларга боғлиқ бўлади. Бунда мусковит-роговикли, амфибол-роговикли ва пироксен-роговикли мажмуалар ажратилади.
Метасоматик метаморфизм (метасоматоз) – бу тоғ жинсларининг кимёвий ва минерал таркиби ўзгаришига олиб келувчи бир элементларнинг чиқиб кетиши, бошқаларининг эса кириб келиши жараёнидир. Метасоматоз жараёнида минералларнинг эриши ва бир-бирининг ўрнини эгаллаши тоғ жинсларининг қаттиқ ҳолатида ҳажми деярли ўзгармасдан туриб биргаликда кечади.
Метасоматозда бош агент бўлиб кўпинча магматик ва постмагматик фаолият билан генетик боғлиқ бўлган кимёвий фаол эритмалар ва газлар ҳисобланади. Уларнинг кириш йўллари тектоник бурдаланиш зоналари бўлиб, унда эритмаларнинг фаол циркуляцияси - фильтрацион миграция кечади; бундан ташқари, тоғ жинсларининг метасоматик ўзгариши гранулалар орасидаги бўшлиқларга эритмаларнинг диффузияси боғлиқ бўлиши мумкин.
Тоғ жинсларининг ўзгариш фаоллиги ва характери метаморфизмга олиб келувчи эритмаларнинг кимёвий таркиби (ишқорли, кислотали, асосли), уларнинг концентрацияси, ҳарорати, умумий босими ҳамда метаморфизмга учраётган тоғ жинсларининг таркиби ва структурасига боғлиқ бўлади. Метасоматик жараёнларнинг маҳсулотлари метасоматитлар дейилади ва ўзига хос минерал таркиби, структураси ва текстураси билан фарқ қилади. Улар учун қуйидагилар характерли:
- бирламчи шакли сақланиб қолган ҳолда бир минералнинг иккинчиси билан ўрин алмашиниши натижаси ҳисобланувчи псевдоморфозанинг ривожланиши;
- марказий қисмида мономинерал ва минераллар сони кам бўлган жинслар шаклланувчи метасоматик таналарнинг зонал тузилиши;
- турли ўлчамли йирик кристалли структура ва доғли текстуранинг ривожланиши.
Метаморфизмнинг бундай турида шаклланувчи амалий томондан муҳим ҳисобланган ва энг кенг тарқалган тоғ жинслари бўлиб скарнлар, грейзенлар, иккиламчи кварцитлар, пропилитлар, березитлар ва лиственитлар саналади. Бу метасоматитларда нодир элементларнинг концентрацияси кузатилади, улар полиметаллар, қалай, вольфрам, молибден, олтин ва бошқа фойдали қазилмаларнинг муҳим қидирув белгилар бўлиб хизмат қилади.
Метаморфизм жараёнлари билан кўпчилик фойдали қазилма конлари боғлиқ. Бунда, айниқса, минтақавий метаморфизм ва метасоматознинг аҳамияти катта бўлади.
Прогрессив минтақавий метаморфизм шароитларида полиметалли, олтинмаъданли, уранли ва б. конлар шаклланади. Бунда метаморфизмнинг маъдан ҳосил қилувчи аҳамияти ёндош жинслардан маъданли элементларни йиғиб олиши ва уларни нисбатан кичик жойларда тўплаб саноат аҳамиятига эга бўлган конларни ҳосил қилишидир.
Метаморфизм жараёнида саноат аҳамиятига эга бўлган минераллар - тальк, асбест, графит; қимматбаҳо тошлар - рубин, сапфир, гранат конлари ҳосил бўлади. Метаморфик жинсларнинг ўзи ҳам кўпинча фойдали қазилмалар ҳисобланади. Мармарлар, темирли кварцитлар, глиноземли гнейслар, мисли қумтошлар ва б. шулар жумласидандир.
Кўпчилик метасоматитлар маъдандор жинслар ҳисобланади. Масалан, скарнларда темир, полиметалл маъданлар, молибден, вольфрам, мис, кобальт, флогопит, вермикулит конлари; грейзенларда - топаз, турмалин, флюорит, қалай, вольфрам, молибден; иккиламчи кварцитларда - олтингугурт, олтин-кумушли, сура-маргимушли, мис-колчеданли маъданлар; березит ва лиственитларда олтин ва полиметалл маъдан конлари учрайди. Маъданли компонентлар гидротермал эритмалар ва флюидлар ёрдамида ташқаридан келтирилади ёки метасоматозга учраган ёндош жинслардан ўзлаштирилади. Метасоматитларда маъданли минерализация синхрон ёки устама тушган бўлиши мумкин.
Маъдан чўкмага ўтишига асосий сабаб бўлиб эритмаларнинг нейтрализация жараёнлари ҳисобланади. Нейтрализация ҳароратнинг ўзгариши, ишқорли-кислотали шароитлар ёки ёндош жинслар билан ўзаро таъсири туфайли содир бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |