ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ КИМЁ ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ
«МЕХАНИКА АСОСЛАРИ ВА
МУХАНДИСЛИК ГРАФИКАСИ»
КАФЕДРАСИ
цилиндрсимон тишли УЗАТМАЛАРНИ
ҲИСОБЛАШ ВА ЛОЙИҲАЛАШ АСОСЛАРИ
(УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА)
ТОШКЕНТ – 2010 йил
Аннотация
Ушбу ўқув – услубий қўлланма “Амалий механика” фанини “Машина деталлари” бўлимидан курс лойиҳа топшириқларини бажариши лозим бўлган бўлимларни ўз ичига олган ва техника олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжалланган.
Услубий қўлланмада “Тишли узатмалар”га доир қисқача назарий маълумотлар ва юритмани турли механик узатмаларини қисмларини ҳисоблаш ва лойиҳалашга доир мисол келтирилган.
“Машина деталлари” бўлими бўйича курс лойиҳа ишларини бажариш, талаба томонидан илк бор аниқ мисоллар асосида, мустақил равишда бажариладиган муҳандислик – конструкторлик иши ҳисобланади. Шунинг учун мазкур қўлланма талабалар учун ёзилиши айни муддаодир.
Мазкур ўқув – услубий қўлланма Республика олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсиялари ва кўрсатмалари ҳамда ишчи дастур асосида
содда тушунарли тилда ёзилган.
Тузувчилар: катта ўқ. Э.Ш. Иноғомов, асс. М.И.Носиров.
Тақризчилар: т.ф.д. Ризаев А.Н.
Мазкур услубий кўрсатма “Механика асослари ва мухандислик графикаси” кафедраси мажлисида мухокама қилинди ва ТКТИ “Илмий услубий кенгаши” га тавсия этилди.
Баённома № “___” _______ 2010 й
Услубий кўрсатма ТКТИ “Илмий услубий кенгаши” да муҳокама қилинди ва кўп нусхада нашр этилишга рухсат берилди.
Баённома № “___” _______ 2010 й
i.Тишли узатмалар
1.1.Умумий маълумотлар
Ҳаракатни бир валдан иккинчи валга тишли ғилдираклар воситасида узатиш механизми тишли узатма деб аталади. Тишли узатмалар икки турли бўлади, яъни очиқ ва ёпиқ. Талабаларни курс лойиҳалаш ишларида ёпиқ тишли узатмалар лойиҳаланади.
Ёпиқ узатмалар алоҳида корпусларга (масалан, редуктор кўринишида) ёки машинани ўзига ўрнатилган ҳолда бўлиши мумкин.
Лойиҳалашда тишларни юзаларини толиқишдан емирилишига чидамлилигини аниқлаш мақсадида ғилдирак тишларини эгувчи кучланиш ва контакт кучланишга ҳисобланади. Бу ҳисоб асосида ғилдирак ўлчамлари ва илашиш ўлчамлари аниқланади, сўнг тишларни чидамлилиги эгувчи кучланиш бўйича ҳисобланади, натижада тишларни толиқишдан емирилишини олди олинади. Асосан тишларни эгилишдаги кучланиш, контакт мустаҳкамликка ҳисоблашдаги қиймат рухсат этилгандан кичик бўлади. Ғилдирак тишлари сони 200 тадан кўп бўлганда ёки тиш сиртига термохимик ишлов бериш натижасида қаттиқлиги (НRC>40) юқори бўлган тишларни синиши хавфи юзага келиши мумкин. Бу ҳолни четлаб ўтиш учун тиш ўлчамлари, чидамлиликка эгувчи кучланиш асосида ҳисобланади.
Очиқ тишли узатмалар, асосан, тишларни ишлаш даврида емирилишини ҳисобга олган ҳолда, чидамлилиги эгувчи кучланиш бўйича ҳисобланади. Бундай ҳолда тиш сиртини контакт кучланиш бўйича текшириш шарт эмас, чунки тиш сиртини образив емирилиши, ўзгарувчи контакт кучланиш таъсиридан қийшайишини олдини олади.
Вақтли катта юк таъсирида ишловчи тишли узатмаларни тишларини мўрт емирилишига, тишларни иш юзаларини пластик деформация таъсиридан эгилишини олдини олиш мақсадида, эгилишга ва контакт кучланишга текшириш шарт. Бу очиқ ва ёпиқ узатмалар учун тенг кучли аҳамиятга эга. Вақтли юк таъсири тишларни ташқи юзалари ва умумий толиқишга мустаҳкамлигига таъсир этмайди. Шунинг учун, бундай кучлар таъсиридан ҳосил бўладиган кучланишларни аниқлашни, тишларни юзавий ва умумий статик мустаҳкамлик бўйича текшириш деб қараш мумкин. Ҳисоб тенгламалари толиқишдан мустаҳкамликка ҳисоблаш тенгламаси билан бир хил, лекин бу ҳисобда ишлатиладиган рухсат этилган кучланишлар ҳар хил бўлади.
Ёпиқ тишли узатмаларни тишларини иш сиртини чидамлиликка контакт кучланиш орқали ҳисоблаш, Герц формуласига асосланган. Бу формула тишларни бир-бирига тегиш чизиғидаги максимал нормал кучланишни аниқлашга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |