Ижодий тафаккур - мураккаб билиш фаолиятидан бири бўлиб, тадрижий равишда изчил ўзаро боғланган жараёнлардан ташкил топади, даставвал саволлар туғилади, вазифа аниқланади, масалани ечиш ва саволларга жавоб қидириш жараёни вужудга келади. Инсон олдида турган аниқ вазифа ёки масала бу бажарилиши ёки ҳал қилиниши зарур бўлган вазифа кўпинча ифодаланиши шарт бўлган мақсадни ҳам акс эттириб келади. Мақсад эса инсоннинг изланаётган номаълум воқеликни топишга гумон ва ҳаяжон, шубҳа ҳисларидан халос этишга қаратилган майлидир.
Ижодий тафаккурнинг навбатдаги таркибий қисмлари қуйидагича акс эттирилади: қўйиладиган саволларга жавоб бериш, масалани ечишга ёрдам берадиган йўллар, усуллар, воситалар, қоидалар ва кўникмаларни қидириш, уларни танлаш ҳамда мазкур фаолиятда уларни тадбиқ қилиш ва бошқалар.
Ижодий фикрлашни таъминловчи омиллар:
Фикр юритиш фаолиятида энг аввал ҳал қилиниши зарур бўлган масала инсон томонидан аниқлаб олиниши керак.
Муаммо ёки масалани ҳал қилиш зарур бўлган барча билимларни тадбиқ қилиш учун интилиш.
Масалага, муаммога тааллуқли гипотеза олға сурилади, босқичлар тахмин қилинади, ечим тўғрисида фаразлар ишлаб чиқилади, турли вариантлар ҳамда вариациялар ҳақидаги мулоҳаза юритилади, ўзаро хаёлан солиштириб, энг самарали аломатлар ажратилади ва ҳоказо
Муаммо олдига қўйилган фаразни текшириш зарурати туғилади.
Муаммони назарий жиҳатдан ҳал қилиш учун илгари сурилган гипотеза адекват эмаслиги, нотўғри эканлиги аниқланса, у фикр юритиш объектидан сиқиб чиқарилади ва янги фаразлар, ўйлар тахмин қилинади ёки ўйлаб топилади.
Муаммо ва масалани ҳал қилиш, ечиш, олинган натижаларни тўғрилигига қаноат ҳосил қилиш учун ечувчи, уни текшириш билан тафаккур ҳаракатларини якунлайди.
Психолог В.А.Крутецкий ижодий тафаккурни тараққий эттириш мақсадида масалалар типологиясини ишлаб чиқиб, турли ёшдаги ўқувчилар ўқув фаолиятида синаб кўрган. Типологияга киритилган масалаларни В.А.Крутецкий турлича ном билан атайди:
Савол аниқ қилиб қўйилмаган масалалар.
Берилганлари етишмайдиган масалалар.
Ортиқча маълумотлари бўлган масалалар.
Бир неча йўл билан ечиладиган масалалар.
Мазмуни ўзгариб турадиган масалалар.
Исботлашга доир масалалар.
Фикрлаш, мантиқий мулоҳаза юритишга доир масалалар.
Ижодий тафаккур тури ўзининг самарадорлиги ва долзарблиги, универсаллиги билан бошқа фикр юритиш жараёнларидан фарқ қилади, янги-янги муаммоларни ўйлаб чиқиш жараёни бўлиб, инсоннинг билиш фаолиятида етакчи роль ўйнайди.
Психология фанида тафаккурни реалистик ва аутистик турларга ажратилади. Реалистик тафаккур қуршаб олган атроф-муҳитни ўрганишга, акс эттиришга қаратилган фикр юритиш бўлиб, у мантиқий қонун ва қоидалар ёрдами билан воқеликни инъикос қилади. Аутистик тафаккур инсоннинг ҳоҳиш ва истакларини амалга ошириш билан боғлиқ равишда содир бўлади. Амалга оширилиши лозим бўлган тафаккур ҳаракатлари ўша шахснинг ўз тилакларини рўёбга чиқаришга йўналтирилган фикр юритилишдан иборат индивидуаллик ёки индивидуалистик тафаккурдир.
Масала ечимини қабул қилишга ва информацион тайёргарлик кўришга қаратилган фикр юритиш визуал тафаккур дейилади. Визуал тафаккур мақсадга мувофиқ харакатлар ёки англанилмаган операциялар, чунончи образлар манипуляцияси ва трансформацияси ёрдами билан амалга оширилади ва “ақлий англаниш”дан намоён бўлади.
Йирик собиқ совет психологларидан бири З.И.Калмикова ўз тадқиқотларида тафаккурни продуктив ва репродуктив турларга ажратиб ўрганган эди. Қисқа вақт бирлиги ичида янги оргинал фикрлар яратиш ёки муҳим илмий, амалий масалаларни ҳал қилиш билан белгиланадиган тафаккур продуктив тафаккур деб аталади. Репродуктив тафаккур эса пассив, тайёр мулоҳазаларни ўзлаштириб олишга ва “тайёр ҳолда” ундан фойдаланишга қаратилган инсоннинг билиш фаолияти кўринишидир.
Фазовий тафаккур муаммоси атоқли рус психологи Б.Г.Ананьев ва унинг шогирдлари томонидан тадқиқ қилинган бўлиб, кейинги йилларда бу муаммо юзасидан таниқли психолог И.С.Якиманская томонидан касб-ҳунар коллежи ўқувчиларида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Фазовий тафаккур деганда нарса ва ҳодисаларнинг фазода рационал жойлашиши, замон ва макон муносабатларини, мураккаб боғланишларини адекват равишда акс эттиришдан иборат фикр юритиш жараёни тушунилади, тасаввурлар, хотира ва хаёл тасаввурлари билан узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |