Хулоса чиқариш
Бир қанча ҳукмларнинг мантиқий боғланиши натижасида ҳосил бўлган янги ҳукм инсоннинг билиш фаолиятида алоҳида аҳамиятга эга. Хулоса чиқариш шундай тафаккур шаклидирки, бу шакл воситаси билан биз икки ёки ундан ортиқ ҳукмлардан янги ҳукм ҳосил қиламиз. Масалан, ҳар қандай ҳаракат материя ҳаракатидир, иссиқлик ҳаракат шаклидир, деган иккита ҳукмни олайлик. Бу икки ҳукмдан, демак иссиқлик материя ҳаракатидир деган янги ҳукм чиқарилади. Бунда биринчи ҳукм ҳамиша умумий ҳукм бўлиб, иккинчи ҳукм якка ҳукм бўлади.
Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, мулоҳаза юритиш ҳам хулоса чиқариш ҳам воқеликни бевосита билишнинг асосий шакли сифатида намоён бўлган олдинги икки ҳукмга асосланиб, учинчи ҳукм чиқарилади. Мазкур хулосани бевосита текшириб кўришга ҳеч қандай эҳтиёж қолмайди. Шу сабабдан хулоса чиқаришда фикр ўртасидаги шундай боғланиш натижасида бир ёки ундан ортиқ ҳукмлардан учинчи ҳукм келтириб чиқарилади.
Хулоса чиқариш уч турга бўлинади: индуктив, дедуктив ва аналогия.
Индуктив хулоса чиқариш - бу хулоса чиқаришнинг шундай мантиқий усулидирки, бунда бир неча якка ва айрим ҳукмлардан умумий ҳукмга ўтилади, ёки айрим факт ва ҳодисаларни ўрганиш асосида умумий қонун ва қоидалар яратилади. Масалан, темир электр токини ўтказади, пўлат электр токини ўтказади, мис электр токини ўтказади, руҳ электр токини ўтказади. Демак, барча металлар электр токини ўтказади, деган умумий хулоса чиқарамиз.
Дедуктив хулоса чиқаришда умумий ва якка ҳукмлардан якка ёки жузъий ҳукм келтириб чиқарилади. Мисол учун барча металлар электр токини ўтказади. Темир металдир. Демак, темир ҳам электр токини ўтказади.
Аналогия хулоса чиқаришнинг шундай шаклидирки, бунда биз икки предметнинг баъзи бир белгилари ўхшашлигига қараб, бу предметларнинг бошқа белгиларининг ўхшашлиги тўғрисида хулоса чиқарамиз. Аналогия деб нарса ва ҳодисаларнинг бир-бирига ўхшаш бўлган баъзи белгиларига қарабгина ҳукм юритишдан иборат хулоса чиқариш шаклига айтилади. Аналогик усулда чиқарилган хулоса чин, тахминий ҳамда ёлғон бўлиши мумкин. Фикр юритишнинг бундай шакли кўпинча ёш болаларга хос хусусиятдир. Демак, жузъий икки якка ҳукмларга асосланиб, жузъий ёки якка ҳукм келтириб чиқарамиз. Масалан, боғча ёшидаги бола мана бундай мулоҳаза юритади; адамлар дарвозадан исмимни айтиб чақириб келдилар. Улар совға олиб келган бўлсалар керак. Бу боланинг мулоҳазасини таҳлил қилиб кўрсак, унинг фикр юритиши мана бундай тарзда тараққий этганлигини шохиди бўламиз. Ўтган галда адам исмини айтиб чақириб келган эдилар, яна чақираётирлар. Албатта, адам менга совға олиб келганлар, деб хулоса чиқаради.
Шундай қилиб, аналогик йўл билан хулоса чиқарганда мураккаб қонуниятлар тўғрисидаги билимлар ўзлаштирилмаса-да, лекин турмушнинг турли жабҳаларида ундан фойдаланиб турилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |